Ўқитувчиларга енгиллик яратилди

33

Газетанинг жорий йил 17 июль сонида «Қоғозда камаяётган қоғозбозлик» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Халқ таълими вазирлиги мақолада баён этилган таклифлар учун миннатдорчилик билдириб, қуйидагича муносабат билдирган.

Халқ таълими тизимида айни пайтда 408 минг нафар ўқитувчи фаолият юритмоқда. Уларнинг орасида мактаб директорларининг маънавий-маърифий ва ўқув ишлари бўйича ўринбосарлари ҳамда синф раҳбарларига алоҳида ҳақ тўланадиган функционал вазифаларнинг юклатилгани, ўз навбатида, қўшимча ҳужжатлар юритилишини талаб этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисидаги» 275-сонли қарорининг 3-иловаси билан тасдиқланган «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом» нинг 15-бандида ўқитувчиларнинг йиллик иш режаси чораклар ва ойлар бўйича тақсимланган бир йилдаги 1548 соат миқдоридаги иш вақтининг жамланган ҳисобидан келиб чиқиши кўрсатиб ўтилган.
Вазирликнинг 2016 йил 4 февралдаги 33-сонли буйруғи билан умумий ўрта таълим мактаблари педагог ходимларининг иш ҳужжатлари оптималлаштирилган ва уларнинг асосий фаолияти дарс, дарсга тайёргарлик кўриш ва синфдан ташқари тарбиявий ишларга қаратилган.
Жумладан, ўқитувчидан йиллик иш режаси, тақвим мавзу режаси, дарс конспекти, дарс кузатиш дафтари, синф журналини юритиш ҳамда синф раҳбарлари учун тарбиявий ишлар режасини тузиш белгилаб берилган. Ушбу ҳужжатларни юритиш ўқитувчининг лавозим мажбуриятларидан келиб чиққан ҳолда жорий этилган.
Ҳозирги кунда вазирлик томонидан ушбу ҳужжатларни янада соддалаштириш ва камайтиришга қаратилган янги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат устида ишланаётгани, ўқитувчилар юритиши лозим бўлган ҳужжатларни имкон қадар камайтириш, хусусан, хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда ҳужжатларни электрон шаклда юритишни жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Бошқа хабарлар