Бирлашсак юрт обод, эл фаровон бўлади

203

Юртимизда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, халқнинг турмушини яхшилаш, ижтимоий ҳимоя­­га муҳтож фуқароларга ёрдам бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқимизнинг дард-у ташвиш­лари, муаммоларини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам бериш мутасаддиларнинг асосий вазифасига айланди.

Шу мақсадда ишчи гуруҳ томонидан пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Эшонгузар», «Сузукота», «Зангиота» ва «Каттабоғ» маҳаллалари аҳолиси билан учрашув ўтказилди. Унда Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Рустам Қосимов, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳибаси Дилбар Ғуломова, «Нуроний» жамғармаси раи­­си Шуҳрат Жалилов ва бош­­қа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, ишчи гуруҳ раҳбари ­Қудратилла Рафиков сўзга чиқиб, юртимиз ободлиги ва ҳаётимиз фаровонлигини таъминлаш, халқимиз ишончини оқлаш йўлидаги кенг кўламли ишлар, бугун ҳамда келгусида ҳал қилиниши зарур бўлган масалаларга алоҳида тўхталди. Хусусан, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури доирасидаги вазифалар, «Обод қиш­лоқ» ва «Обод маҳалла» дастури доирасида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш алоҳида эътиборга олинганини қайд этди. Мисол тариқасида, ногиронлиги бўлган фуқаролардан 1000 нафари уй-жой билан таъминлангани, «Ёшлар – келажагимиз» Давлат дастурига кўра ёшларни иш билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганини айтиб ўтди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ фуқароларни ўйлантираётган масалаларни бирма-бир эшитди.

Каттабоғликлар  нима дейди?

– Ушбу маҳаллада истиқомат қилаётганимга 70 йил бўлди, – дейди Шайхонтоҳур тумани «Каттабоғ» маҳалласида яшовчи Пўлатжон Содиқов. – Лекин шу пайтгача ечими пайсалга солиб келинаётган айрим муаммолар бор. Биринчиси, кўчалар асфальти талабга жавоб бермайди. Бу автомобиллар қатнови ва пиёдалар учун ноқулайлик туғдиряпти. Иккинчиси, газ таъминотида узилишлар бўлади. Уйим Атиргул кўчасининг охирида жойлашгани учун газ яхши етиб бормайди. Мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳар сафар ваъда беришади-ю амалда эса ҳеч гап йўқ.
Ишчи гуруҳ томонидан бу борада ­масъул йўл қурилиши ва газ таъминоти ходимларига бир ой ичида айтилган муаммоларни ҳал қилиш вазифаси юклатилди. Шунингдек, «Каттабоғ» маҳалласида бирорта мактабгача таълим муассасаси мавжуд эмаслиги ҳам аниқланиб, туман ҳокимлиги вакили ушбу масалани ҳал қилишни ўз зиммасига олди.

«Сузукота»да қурилаётган уйлар қачон битади?

Пойтахтимиздаги қадимий маҳаллалардан ҳисобланувчи «Сузукота» маҳалласида ҳозирда уй-жойлар қурилиши ишлари кетаётгани боис 147 та хонадон бузилган ва у ерда яшовчи аҳоли учун саккиз ойга 11 миллион 200 минг сўмдан ижара пули тўланган. Сентябрь ойида бу муддат тугади, лекин баъзи уйларнинг ҳатто пойдевори ҳам йўқ. Маҳалладагилар эса ижарада яшаб келишмоқда. Уларнинг уйларимиз қачон битади, деган саволига қурилишга масъул бўлган «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси бош мутахассиси 2019 йилнинг январь ойига қадар қуриб битказилиши учун ишлар кетаётганини таъкидлади.
– Биз сентябрь ойида янги уйларга кўчиб ўтишимиз керак эди, – дейди «Сузук­ота» маҳалласида яшовчи Гўзал Аббосова. – Кунора қурилиш бўлаётган жойларга иш қандай кетаётганини кўриш учун борамиз. Ишлар жуда сустлигини кўчиб ўтишимиз лозим бўлган уйнинг пойдевори йўқлигидан ҳам билса бўлади. Шу масала юзасидан бир қанча ташкилотларга мурожаат қилдик. Ҳалигача тайинли жавоб ололганимиз йўқ.
Бу ҳолат юзасидан мутасаддилар ҳамда маҳалла фаоллари билан учрашув белгиланиб, масала ўша куни ҳал этилиши таъкидлади.

«Зангиота»да сув босими  яхшиланади

Бу маҳаллада яшовчилар ҳам электр таъминотидаги узилишлар сабабчиси бўлган эски симёғочлар алмаштирилишини сўрашди. Шунингдек, сув босимининг пастлигидан берк кўчалар охиридаги уйларга етиб бормаслигидан шикоят қилишди.
Электр таъминоти вакили бир ой ичида симёғочлар масаласи ҳал этилиши, «Тошкент сув таъминоти» ташкилоти вакили эса бир ҳафта ичида сув босими билан боғлиқ муаммо бўлмаслигига ваъда берди.

«Эшонгузар»ликларга «киоска» керак!

«Эшонгузар» маҳалласида истиқомат қилувчилар бошқа маҳаллалардаги каби симёғочлар, таъмирталаб йўллар, сув таъминоти каби масалалар қаторида болалар майдончаси ҳам қуриб берилиши зарурлигини айтишди. Маҳалла ҳудудида жойлашган 45-мактабнинг орқа томонида фойдаланилмаётган бўш жой борлиги, майдонча ўша ердан қурилса, мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлашди. Шунингдек, маҳалла оқсоқоллари, зиёлилар «Эшонгузар»да ҳам матбуот тарқатувчи шохобча ўрнатилса яхши иш бўларди, деган таклифни билдиришди.
Ишчи гуруҳ томонидан болалар майдончаси қурилиши ҳамда матбуот тарқатувчи шахобча ўрнатилиши учун ­тегишли мутасаддилар жалб қилинди.
Тадбир давомида аҳоли ўзларини қийнаётган муаммо ҳамда эътирозларни батафсил айтишди. Уларга ишчи гуруҳи вакиллари тегишли жавоб ва ечимларни тақдим этишди.

Мамлакат опа тўғри айтди

«Эшонгузар» маҳалласида яшовчи 67 ёшли Мамлакат Муҳиддинова сўз навбатини сўраганида йиғилганлар кўнглидан «Опа, энди нима муаммони ҳал қилиб беришларини сўрар экан», деган ўй ўтган бўлса ажаб эмас. Қизиғи, Мамлакат опанинг дарди бошқа, муаммонинг ечими аслида бошқа томонда эканини айтиш учун ўрнидан турган экан.
– Баъзилар ўзи ҳам ҳал эта оладиган арзимас нарсаларни сўраётгани, кимдир келиб муаммони ҳал қилишини кутиб ўтириши бизга ярашмайди, – деди у. – Ҳаммамиз уйимиздан бошлаб тарбия­­га, тозаликка риоя қилсак, боқибеғамлик, лоқайдлик билан эмас, балки шу маҳаллага, шаҳарга дахлдорлик туйғуси билан яшасак, фикримча, барча муаммолар ҳал бўлган бўларди.
Дарҳақиқат, юрт тинчлиги, ободлиги, шубҳасиз, адолатли қонунлар, ўз бурчини онгли равишда ҳис этадиган фуқаролар билан мукаммал бўлади. Амалга оширилаётган ишларнинг моҳиятини тушуниш ва бу борада елкама-елка туриб меҳнат қилиш бугунги жадал суръатда кетаётган ишларнинг янада самарадорлигини таъминлайди. Жамиятдаги ҳар бир киши вазифасига сидқидилдан ёндашса, ишига масъулиятли бўлсагина ривожланиш, тараққиёт сари одимлаш мумкин.
Шайхонтоҳур туманида ҳар бир маҳалладаги муаммо ва масалаларни ўрганиш, уларнинг ечимини топиш, мухтасар айтганда, шаҳарнинг обод гўшасига айлантириш борасида аҳоли билан мулоқотлар давом эттирилмоқда.

Аъзамжон АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар