Бахтлимиз бахтингни кўриб, болажон!

39

Сирдарё вилоятида бу йил ёз мавсумида 2 та стационар ҳамда мактаблар қошида ташкил этилган 41 та кундузги оромгоҳга 10 200 нафар болажон қамраб олинди. Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги «Гулистон» ҳамда Сирдарё туманидаги «Сирдарё» оромгоҳлари ўғил-қизларнинг севимли масканларига айланди.

Гулистон шаҳридаги 1-сонли мусиқа ва санъат мактаби биносида бўлиб ўтган Сирдарё вилояти Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсуми ташкилотчиларининг анжумани ўзига хос сарҳисоб бўлди. Мактаб фойесида ташкил этилган ёзги дам олиш оромгоҳлари тўгарак­лари кўргазмаси, соғломлаштириш жараёни акс этган роликлар қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Анжуманда сўзга чиққанлар бу йилги соғломлаштириш мавсуми юқори савияда ташкил этилганини таъкидлаб ўтишди. Шундан сўнг ушбу жараёнда фаол қатнашиб, болажонларнинг ёзги ҳордиғи мазмунли ўтишига муносиб ҳисса қўшган ташкилотчилар, тарбиячи ва етакчиларга «Энг моҳир тўгарак раҳбари», «Энг фаол етакчи», «Энг яхши спорт мураббийи», «Энг яхши тиббиёт ходими», «Энг фаол ички ишлар идоралари ходими», «Энг масъулиятли ташкилотчи» ва «Энг намунали кундузги оромгоҳ» номинациялари бўйича вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг ­дипломлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

– Бир неча йилдан буён «Сирдарё» оромгоҳида тўгарак раҳбари сифатида иш олиб бораман, – дейди «Энг моҳир тўгарак раҳбари» номинацияси ғолиби Феруза Ўтанбоева. – Истеъдодли ука-сингилларим билан ишлаш жараёни менга жуда-жуда ёқади. Бугун тадбирда куй-қўшиқлари билан иштирок этаётган ўқувчиларимни кўриб ўзимни бағоят бахтиёр ҳис қилдим.

Озода МАМАДАЛИЕВА,
«Ishonch» мухбири

 

* * *

Жиззах вилоятида ҳам мактаб ўқувчиларининг жорий йил ёзги таътил даври кўнгилли ва мароқли кечди. Фориш, Зомин, Ш.Рашидов номли, Ғаллаорол туманлари ҳудудида жойлашган 12 та стационар оромгоҳда 4862 нафар, вилоятдаги таълим муассасалари қошида ташкил этилган 62 та кундузги оромгоҳда 5225 нафар бола соғломлаштирилди.
Мавсумда вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши шаҳар ва туманлар ҳокимлари билан ҳамкорликда ногирон, боқувчисини йўқотган вояга етмаганлар, айниқса, ижтимоий ҳимояга ва соғломлаштиришга муҳтож болаларни имтиёзли ва бепул йўлланма билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, 295 нафар болани жамоа шартномалари орқали, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари бўлган 29 нафар болани касаба уюшма маблағи ҳисобидан соғломлаштиришга эришилди. Шунингдек, 95 нафар «Меҳрибонлик» уйи тарбияланувчиси, 80 нафар Оролбўйида яшовчи болалар давлат бюджети, 74 нафар бола «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағи ҳисобидан дам олдирилди.
«Жиззахгазтаъминот» унитар корхонаси вилоят мувофиқлаштириш бошқармасига қарашли «Зангори олов» оромгоҳи тарбиячиси Райҳон Сариева «Энг ғамхўр тарбиячи», «Жиззах аккумулятор заводи» акциядорлик жамиятига қарашли «Энер­жи» оромгоҳи бош етакчиси Элёр Норпўлатов «Энг фаол етакчи», Ғаллаорол тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қарашли «Камолот» оромгоҳи спорт йўриқчиси Азим Солиев «Энг яхши спорт мураббийи», вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига қарашли Ш.Рашидов номли оромгоҳ ҳамшираси Гулнора Йўлдошева «Энг яхши тиббиёт ходими», Дўстлик пахта тозалаш корхонасига қарашли «Табассум» оромгоҳи бош ошпази Ҳусан Қўлдошев «Энг яхши пазанда» дея эътироф этилди. Маҳбуба Шукурова раҳбарлигидаги Дашт­обод пахта тозалаш корхонасига қарашли «Зомин» оромгоҳи «Энг намунали стационар оромгоҳ» деб топилди. Шунингдек, «Энг ­масъулиятли ташкилотчи», «Энг яхши оромгоҳ бошлиғи», «Энг яхши ҳамкор», «Энг ғамхўр ҳомий», «Мавзуни энг яхши ёритган журналист» номинацияларига 29-Меҳрибонлик уйи директори Норқул Тоғаев, «ART-SUNRISE» МЧЖга қарашли «Зомин-Санрайз» болалар оромгоҳи директори Тўрабек Шодиев, вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Камол Фахрадов, «Ўзтрансгаз» АЖ ҳудудий филиали бошлиғи Бахтиёр Обрўев, «Ўзбекистон-24» телерадиоканалининг вилоят бўйича мухбирлари Акбар Холмаматов ва Наби Сатторов муносиб кўрилди.
Ғолибларга ташкилотчиларнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Абдуманноп АЗИМОВ,
«Ishonch» мухбири

* * *

Хоразм вилоятидаги 33 та оромгоҳда 11 280 нафар ўғил-қиз ёзги таътилни мароқли ўтказди. Мавсум давомида ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларини соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 2000 дан ортиқ болалар жамоа шартномалари ва келишувлари орқали, 90 нафар Меҳрибонлик уйи, 30 нафар «SOS-Ўзбекис­тон болалар маҳаллалари» тарбияланувчилари бепул ва имтиёзли равишда дам олдирилди. 400 нафардан ортиқ педагог, 70 нафарга яқин тиббиёт, 70 нафарга яқин ички ишлар идоралари ходимлари оромгоҳларга жалб этилди.
Болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчилари анжуманида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Унда сўзга чиққанлар мамлакатимизда келажагимиз эгаларини комил инсонлар қилиб тарбиялашга эътибор янада ошганлиги, болалар дунёқарашини шакллантиришда оромгоҳларнинг ўрни ҳақида тўхталдилар.
Мавсумда энг намунали фаолият кўрсатган оромгоҳлар, уларда фаолият юритган ходимлар, мавсумни ташкил этишда фаол иштирок этган ҳомий ташкилотлар, хўжалик органлари, ҳокимликлар, ҳамкорлар, идора ва ташкилотлар муносиб тақдирланди.
Эл суйган санъаткорлар ҳамда эстрада хонандалари иштирокидаги концерт ­дастури тадбирга байрамона шукуҳ бағиш­лади.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири

* * *

Навоий вилояти Навоий шаҳридаги «Ширин» маданият саройида ўтказилган Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг анжумани иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Тантанали тадбир оромгоҳлар фаолиятидан ҳикоя қилувчи кўргазма намойиши билан ­бошланди. Болажонлар томонидан яратилган буюмларга қараб туриб, жажжи қалблар ҳароратини туйгандек бўлдик. Каштачилик, ҳайкалтарошлик, зардўзлик, қўғирчоқ ясаш, тикувчилик, рассомлик каби тўгаракларда истеъдодли болалар томонидан амалга оширилган ижод намуналари ҳеч кимни беъэтибор қолдирмади. Тарихий ва замонавий биноларнинг макетлари, миллий қўғирчоқлар, инсон ва табиат манзаралари акс этган расмлар, зардўзлик ва мунчоқлар билан безатилган буюмлар мавсум нафасини улашди гўё.
Анжуманда «Энг ғамхўр тарбиячи», «Энг моҳир тўгарак раҳбари», «Энг фаол етакчи», «Энг яхши спорт мураббийи», «Энг яхши тиббиёт ходими», «Энг яхши пазанда», «Энг фаол ички ишлар идоралари ходими», «Энг фаол фавқулодда вазиятлар хизмати ходими», «Энг фаол ҳамкор», «Энг масъулиятли ташкилотчи», «Энг яхши оромгоҳ бошлиғи» номинациялари соҳиб­лари ва «Энг намунали оромгоҳ – 2018» номинацияси бўйича стационар ва кундузги оромгоҳлар ҳамда уларда фаолият олиб борган ишчи-ходимлар тақдирланди.
– Болалар билан ишлаш, уларнинг беғубор оламини ҳис қилишнинг ўзи бир бахтдир, – ­дейди «Шабода» болалар соғломлаштириш оромгоҳи тарбиячиси Ҳулкар Турсунова. – Шундай шарафли касбда ишлаётганим, ушбу анжуманда «Энг ғамхўр тарбия­­чи» номинацияси ғолиби бўлганимдан хурсандман.
Тадбир якунида НКМК тасарруфидаги «Фарҳод» маданият саройи ҳамда «Навоийазот» АЖ тасарруфидаги «Ширин» маданият саройи ижодий гуруҳи томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Н.НУРМОНОВА,
Навоий вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси
маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири

Бошқа хабарлар