Адиб ва жамият

29

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида «Адиб ва жамият» рукни остида нашр этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, иқтидорли ёшлар иштирок этди.

Адабиётга эътибор ҳамиша давлатимиз эътиборида. Чунки жамиятнинг маънавий қиёфасини айнан адабиёт яратади. Савиясиз адабиёт – савиясиз жамият, баланд адабиёт – баланд жамият дегани.

Тадбирда сўзга чиққанлар буни алоҳида таъкид­лаб, яратилаётган имкониятлар туфайли ижодкорлар масъулияти янада ошгани, адабиёт олдида улкан вазифалар тургани ҳақида гапиришди. ушбу тадбир ҳам шу эътиборга жавобан «Адиб ва жамият» рукни остида яратилган асарларнинг чоп этилиши муносабати билан ташкил этилгани эътироф этилди.
Рукндан «Фарғоналик» ­­­­(А.Обид­­жон) каби саёҳат таассуротлари, «Бобосўз изидан» (Э.Шукур) сингари сўз ҳақидаги тадқиқотлар, публицистик мақолалар ва «Зарб» ҳамда «Барханларда унган гул» каби бадиий асарлар ўрин олган. Адабиётшунослар, ижодкорлар бу асарларнинг савия­­си, ижтимоий қиймати, адабиёт оламида ўзига хос ҳодиса бўлганини таъкидлашди. Хусусан, Ўзбекис­тон халқ шоири Усмон Азим Иқбол Мирзонинг «Зарб» қиссаси муаллифни бутунлай бош­­қа ракурсда намоён қилгани, асар ўқишли ва долзарб экани, Энахон Сиддиқованинг «Барханларда унган гул» қиссаси кишини нафис оламга олиб кириши ҳақида сўзлаб, Шодмон­қул Саломнинг «Кўнгил обидасига йўл» номли публицис­тик мақолалар тўплами тўғрисида илиқ фикрлар билдирди.
«Адиб ва жамият» рукнида нашр этилган 8 та китоб тақдимоти самимий руҳда ўтди. Тадбирда иштирок этганлар ушбу асарлар билан китоб жавонларини бойитиш ниятида тарқалдилар.

Рустам ТЎРАҚУЛОВ,
ЎзДЖТУ талабаси

Бошқа хабарлар