Днк қаерда текширилади? Ёхуд клонлаштирилган дарахтлар

107

Ирсий касалликларга мойиллигингиз борми? Ота-онангизга хос иқтидор ва хусусиятлар сизга ҳам ўтганми? Келгусида фарзандингиз қандай инсон бўлишини билишни истайсизми? Бу каби саволларга жавобни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ўқув-экспериментал илғор технология­лар марказидан олишингиз мумкин. Марказ жорий йил 19 апрелда Президент қарори асосида ташкил этилган бўлиб, унда олимлар бир қанча йўналишларда илмий изланишларни амалга оширмоқда.

– Марказ ўзига хос «билимлар учбурчаги» – тижорат, олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот марказларини бирлаштиради ҳамда ўзаро ҳамкорлик асосида фаолият юритади, — дейди Марказ директори Шаҳло Турдиқулова. – Бундан ташқари, у табиий фанлар соҳасида технологик платформа сифатида хизмат қилади ва билим ҳамда ғояларнинг бир-бири билан боғлиқлигини таъминлайди, креатив ғоялар учун қулай шароит яратади. Марказнинг асосий вазифалари, аввало, фундаментал амалий тадқиқотларни ўтказиш ва юқори технологиялар соҳасида инновацион ишланмаларни амалга ошириш, янги инновацион маҳсулотларнинг намуналарини моделлаштириш, макетлаштириш ва тайёрлашда қатнашиш, маҳаллий ҳамда хорижий олимлар иштирокида турли анжуманлар, семинар-тренинглар ўтказишдан иборат.
Ўтган давр мобайнида Марказнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, унинг қошида ноёб ўсимликларни микроклонлаштириш усули орқали кўпайтириш учун иккита ишлаб чиқариш майдончалари ташкил этилди. Бугунги кунда Марказда замонавий биотехнологиялар, скрининг ва молекуляр алоқадорлик, геофизика ва наноминерология, физика-кимёвий тадқиқот усуллари лабораториялари фаолият юритмоқда.
Марказда кишининг ДНК орқали бирорта касаликка мойиллиги, стресс ҳолатига тушиш-тушмаслиги, оғиз бўшлиғидаги мик­рофлоранинг таркибини ҳамда сунъий сейсмофаолликда ер қимирлаш кучини аниқлаш имкони мавжуд.
– Замонавий биотехнология­лар лабораториясида асосан фермент препаратларни ишлаб чиқариш, саноат микроорганизмларидан фойдаланган ҳолда ирсий-муҳандислик оқсиллари олинади. Айнан мазкур лабораторияда инсоннинг ДНКси орқали унинг муайян касалликка мойиллигини аниқлаш мумкин. Ҳозир бутун дунёда инсоннинг ирсий ­паспортини яратишга катта ­эътибор қаратилганлиги ҳам бежиз эмас. Чунки айнан ана шу паспорт орқали инсоннинг феъл-атворидан тортиб, унинг наслдан наслга ўтувчи касалликларини кўриш, бирон-бир касалликка мойиллигини текшириш имкони яратилади, – дейди лаборатория мудири, биология фанлари номзоди Дилбар Долимова. – Ҳозир биз антибиотиклардан фарқланувчи янги препаратлар устида ҳам илмий изланишлар олиб бормоқдамиз. Чунки антибиотикларнинг инсон организмига салбий таъсири кўпроқ. Шу сабабли антибиотиклар токсиклигининг олдини олиш учун янги авлод дориларини яратиш кун тартибидаги долзарб масала ҳисобланади. Лабораторияда ҳар бир инсонга индивидуал равишда ёндашилади. Янги фармогенетика йўналиши айнан у ёки бу инсонга қайси дори тўғри келишини аниқлаб беради.
Скрининг ва молекуляр алоқадорлик лабораториясининг йўналишлари замон билан қадам ташламоқда десак, асло муболаға эмас. Айнан мазкур лабораторияда олимлар ўсимликларни микроклонлаштириш, «сунъий уруғлар»ни яратиш билан шуғулланади. Лаборатория мудири Юлия Левицкаянинг фикрича, дарахтларнинг асоссиз кесилиши, биохилма-хилликнинг йўқолиши табиатимизга жуда ҳам катта зарар етказмоқда. Лабораторияда ўсимликларни микроклонлаштириш орқали уларнинг турини тиклаш, йўқ бўлиб кетаётган, «Қизил китоб»га киритилган ўсимликларни сақлаб қолиш мумкин. Лабораторияда бу борадаги илк тажриба ватани Япония бўлган павлония дарахтида ўтказилган. У жуда ҳам тез ўсиб, 3-4 йил ичида баҳайбат дарахтга айланади. Унинг кенг сатҳли барглари ёз фаслининг жазирама иссиғида яхшигина соя ҳам беради. Уни кўпайтириб, турли ҳудудларга экиш орқали тез орада янада юртимизни кўкаламзорлаштиришда самарали фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, лабораторияда айнан инсон организмининг қаришига хизмат қиладиган ҳужайралар ўсишининг олдини олиш учун препаратлар яратиш йўлида илмий изланишлар йўлга қўйилган. Тадқиқотлар натижасида соғлом одамнинг юраги 120 ёшда ҳам меъёрдагидек ҳолатда ишлаши аниқланган. Инсон юрагини замонавий технологиялар ёрдамида шу ҳолатда ушлаб туриш мумкин бўлади.
Геофизика ва наноминералогия лабораторияси табиий ва техноген хавфларни баҳолаш, шаҳарсозликда уй-жой қуриш учун мақбул ерларни танлаб бериш, фойдали ер ости қазилмаларни топишга ёрдам беради. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган лабораторияда олимлар зилзилалар геодинамикаси ва мониторинги, иншоотларнинг мустаҳкамлик даражаси, заҳарли моддалар тўпланган ерларни аниқлаш орқали экологик муаммоларни ҳал қилиш, геокимё ва минералогия бўйича таҳлилий хизматларни амалга оширади.
Физика-кимёвий тадқиқот усуллари лабораториясида лазер орқали ҳар қандай материалда кўз илғамас тешиклар очиш мумкин. Бу ерда нанотрубкаларни ясаш, алюмин ва титаннинг ғовак мембраналарини тайёрлаш, аминакислоталардаги полианилин нанородлар синтезини амалга ошириш мумкин. Олимларнинг фикрича, мазкур технологиялар дунёга мутлақо янгича кўз билан қараш ва унинг очилмаган қирраларини ўрганиш имконини беради.

Хуллас, илғор технологиялар асрида ҳар бир инсон ўзининг бугунги ҳолати билан биргаликда насли, келиб чиқиш тарихи, ўз фарзандларининг соғлиғи ҳақида зарур маълумотларга эга бўлиши мумкин. Марказ ходимлари ҳар бир янги ғоя эгаси, ёш олим, янгиликка интилган талаба билан ишлашга тайёр. Зеро, улар Ватанимизни обод қилиш, юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин топишига ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши лозим, деб ҳисоблайди.

Наргис ҚОСИМОВА,
журналист

Бошқа хабарлар