«Ишонч телефонлари» ишончлими?

223

Кўп кўргансиз, телевизорда ҳар куни «Ишонч телефонлари – муаммо ва саволларга ечим топишнинг ишончли воситаси» экани айтилади. Унда қатор давлат органлари ва ташкилотларнинг «Ишонч телефонлари» рақамлари намойиш қилинади. Аммо бу рақамларга боғланганларнинг муддаоси ҳар доим ҳам амалга ошяптими?

Ана шу саволга жавоб излаб, «Ишонч телефонлари»нинг нечоғли ишончлилигини ўрганиш мақсадида бир қатор ташкилот ва идоралар билан боғланишга ҳаракат қилдик.

Адлия вазирлиги «Ишонч телефони» – 1008. Мурожаат қилувчиларнинг қонунан ҳимоя қилиши, ҳуқуқий ёрдам бериши керак бўлган орган ходимлари телефонни шунчаки олишмади. Эҳтимол, жойларга чиқиб, фуқаролар «муаммолари»ни ҳал қилишаётгандир? Бўлиши мумкин…
Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларида қўнғироққа рус ва ўзбек тилларида жавоб бериб, операторга улаб беришди. Овози ёқимли оператор қиз хушмуомалалик билан саволларимизга жавоб берди. Ўзининг ваколати етмаган масалалар бўйича инспекторга улаб бериши мумкинлигини маълум қилди.
Марказий банкнинг «Ишонч телефони» ўзбек ва рус тилларида жавоб қайтариб, ҳозирда ҳамма операторлар банд­лиги, истасак кутишимизни, ҳатто қайта қўнғироқ хизматидан фойдаланишимиз мумкинлигини билдиришди. Сабр билан узоқ кутдик. Яна кутаверардиг-у, алоқа узилиб қолди.
Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази «Ишонч телефонлари»нинг ҳар иккиси: (71) 278-59-46 ҳам, (71) 273-03-17 ҳам мунтазам банд бўлди. Балки ходимлари улар орқали банддир…
«Ўзстандарт» агентлигининг «Ишонч телефони» чиндан ҳам барча ишонч­­ни оқлар экан. Операторлар ҳар бир мурожаат қилувчи билан хушмуомала муносабатда бўлишади. Уни қийнаётган муаммони сабр билан тинглаб, қонунчилик ҳужжатлари асосида жавоб беради.
Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг кўрсатилган «Ишонч телефони» вазирнинг қабулхонасига тегишли бўлиб (?), фуқаролар мурожаати бўйи­­ча бошқа рақамга қўнғироқ қилиш керак экан. Буни тузатиш, бошқа рақамни қўйиш ёки вазир қабулхонасиники эканини билдириш лозим. Чунки бундай жойларга қўнғироқ қилиш осон эмас. Бунинг учун «шикоятчига чиқиб қолмайманми?», «сабр қилсам бўларди», «яна бироз кута қолай», «бировга гап теккизиб қўймайманми?» деган бир дунё ҳадиклар-у андишаларни енгиб ўтиш керак бўлади. Шу тарзда телефон рақамларини териб, муаммосини айтишга чоғланган фуқаро адашиб тушгани, бошқа бўлимга қўнғироқ қилиши кераклигини эшитса… Яна.. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги электрон маълумотларни мунтазам текшириб, тузатиб ва тўлдириб турса, яхши бўларди.
Яна шундай ҳолга дуч келдикки, аллақачон ўзгарган рақамни янгилаб ­қўйишга ҳам ҳафсаласи етмаган идоралар бор экан. Масалан, Ахборот технология­лари ва коммуникацияларини ривож­лантириш вазирлигининг (71) 237-01-11 рақамли телефон дастагини мутлақо бошқа идора ходимлари кўтаришди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг (71) 246-37-12 ёки 1006 қисқа рақами, Ички ишлар вазирлигининг (71) 233-39-39, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг (71) 147-10-50, Ташқи ишлар вазирлигининг (71) 233-28-28, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг (71) 236-26-66 рақамларига қилган қўнғироғимизга чақирув гудогидан бошқа ҳеч қандай жавоб бўлмади.
Айниқса, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг «Ишонч телефони»га янги ўқув йили бошланган айни кунларда жуда муҳим масалалар, дейлик, олий ўқув юртига янги қабул қилиниши лозим бўлгани ҳолда қайсидир сабаб­ларга кўра муаммоларга дуч келиши эҳтимоли бўлганларнинг турли мавзудаги шикоят ва саволлар билан бўлган мурожаатлари ечимсиз қолиши тайин. Баъзида фуқароларнинг шикоятлари ўринсиз бўлиши ҳам мумкин, албатта, аммо уларнинг норозилик­лари ноўрин эканлигини асос­лаб берувчи мутахассислар «Ишонч телефони» олдида ўтирмаса, бу ҳолат одамларнинг ортиқча оворагарчилиги ва асабийлашишига сабаб бўлади, холос.
Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликларининг фуқаролар олдидаги масъулияти қанчалар катта эканини таъкидлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Ички тартиб-интизом ўта қаттиқ бўлган ушбу идоралар учун «Ишонч телефонлари»га жавоб бериш интизомдан ташқари ҳолат ёки аҳамиятсиз фаолият бўлиб чиқишини, очиғи, мутлақо кутмаган эдик.
Биз икки-уч соат давомида қилган қўнғироқларимизга жавоб ололмаганимиздан таажжубга тушдик, ҳолбуки, қанчадан-қанча фуқароларимиз неча бор бундай бефарқлик­ларга дуч келиши муикинлиги эса ачинарлидир.
Шу тарзда зангори экранларда намойиш қилинаётган, барчани ишонишга чақираётган, ишончли экани таъкидланаётган «Ишонч телефонлари» фуқаролар ишончини ҳамиша ҳам оқламаётгани ойдинлашди. Кечки соат 18:00 дан сўнг бу рақамлар бўш хоналарда жаранг­лаши эса ажабланарли. Бундай хизматлар тун-у кун кўрсатилиши керак эмасми аслида. Чунки фуқаро барча чораларни кўрган-у, умидлари сўнган, охирги нажот бекати сифатида «Ишонч телефони»га мурожаат қилаётган, қонуний ҳуқуқлари, инсоний шаъни тикланиши юзасидан маслаҳат, амалий кўмакка муҳтожлик сезганда бу рақамларни теради-ку… «Ишонч телефонлари»га ишончни кучайтириш эҳтиёжи эса афсуски катта экан…

Муҳайё ИСМОИЛОВА,
Шаҳзода ҲАКИМОВА,
«Ishonch» мухбирлари

Бошқа хабарлар