Йўл қурган етар муродга

64

Мамлакатимизда темир йўл соҳасининг жадал суръатда тараққий этаётгани бевосита режали янги йўллар қурилиши, замонавий тармоқ техникалари ва фан ютуқларининг ишлаб чиқаришга жорий этилиши, кадрлар малакаси ҳамда масъулиятининг оширилиши, меҳнат аҳлига кўрсатилаётган ғамхўрлик даражасини кучайтириш каби кўплаб жиҳатларга эътибор ортиб бораётгани билан бевосита боғлиқ. «Ўзбекис­тон темир йўллари» акциядорлик жамияти Йўл хўжалиги бош­қармасига қарашли «Бухоро-1 бекати йўл хўжалиги устахонаси» жамоаси ҳам турдош корхоналар ичида ўзига хос мавқега эга.

Темир йўл машиналари, автотранспорт воситаларини таъмирлаш, уларга зарур эҳтиёт қисмлар, иш жараёнида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар тайёрлаш, темир йўлларни ўрта ва жорий таъмирлашга ихтисослашган мазкур корхона мустақиллик йилларида ташкил топди. Шу кунгача у мамлакат темир йўл корхоналарига намунали хизмат кўрсатиш билан бирга ўз базасини халқаро стандартларга мос тармоқ машина-техника воситалари билан муттасил бойитиб келмоқда. Айниқса, 2000 йилдан ­эътиборан ­Австриянинг «Plasser & Theurer» фирмаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани айни муддао бўлди. Чунончи, хориждан келтирилган йигирмага яқин электрон усулда ишлайдиган замонавий тармоқ машиналари темир йўлларимизни жорий таъмирлаш ва капитал қурилишида юқори даражадаги сифат ва самарани таъминламоқда.
Давр талабларига ҳамоҳанг меҳнат қилиш, ҳар бир участкада янгиликларни жорий этиш корхона обрў-эътиборини янада ошираётир. Корхона 2010 йилда ISO-9001:2008 стандарти сертификатини қўлга киритди. 2012 йилда эса Халқаро ISO-9001:2008 стандарти сертификатига лойиқ кўрилди.
Сўнгги уч йилда бунёд этилган йирик темир йўл субъектлари – 135 километрдан иборат мураккаб тузилишдаги тоғ ҳудудида жойлашган «Ангрен – Поп» электрлаштирилган темир йўл линияси, электрлаштирилган юқори тезликдаги йўловчи поездлар ҳаракатини ташкил этган «Самарқанд – Бухоро», шунинг­дек, 336 километр масофадан иборат «Бухоро – Мискин» линиялари қурилишларида корхона машиналари катта ҳажмдаги ишларни тез ва сифатли бажарди. Жамоа темир­йўлчилари 2015 – 2017 йиллар давомида жами 48 млрд. 741 млн. 571 минг сўмлик бунёдкорлик ишларини амалга оширди.
Корхонанинг бугунги фаолияти, айниқса, эътиборга молик. 60 нафардан иборат ишчи-мутахассислар Шерзод Жўраев бошчилигида «Бухоро – Мискин» йўналишида фаолият кўрсатаётган бўлса, Эркин Кенжаев раҳбарлик қилаётган гуруҳ аъзолари хориж техникаси билан «Қарши – Мароқанд – Китоб» йўналишида тезюрар «Афросиёб» учун йўллар созлигини таъминлаш ишларида иштирок этишди. Бош муҳандис Фурқат Розиқов бошчилигида 100 нафар ходим Когон туманида 1000 бошга мўлжалланган қорамолчиликка ихтисослаштирилган маж­муа қурилишида фидойилик кўрсатмоқда. Корхона устахоналарида ҳам иш қизғин. Бу ерда 120 нафар ишчи-мутахассис Ойбек Шаропов етакчилигида республиканинг турдош корхоналаридан келтирилган носоз махсус техникаларни таъмирлаш, асбоб-ускуналар тайёрлаш билан банд.
– Ишчи-ходимларга яратилган қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари, қолаверса, кўрсатилаётган ғамхўрлик ишлаб чиқаришда ютуқларимиз кафолати бўляпти, – дейди корхона касаба уюшма қўмитаси раиси ­Рустам Омонов. – Бугунги кунда аъзоларимиз сони 352 нафарга етди. Ишчи-мутахассисларимизнинг кўпчилиги вахта асосида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги темир йўлларда меҳнат қилишади. Улар учун махсус жиҳозланган вагон-уйларда дам олиш, шунингдек, телевизор, музлатгич, совутгич, иситиш мосламалари каби қулайликлардан фойдаланиш имкониятлари мавжуд. Бепул овқат ташкил этилган. Жорий йилнинг ўтган даврида 8 нафар ходим санаторийларда дам олиб қайтди. Оммавий спортни ривожлантириш масаласи алоҳида эътиборда.
Яқинда жамоамизда қувончли воқеа рўй берди. Корхонамиз раҳбари, ёш ва ташаббускор Шуҳрат Жалилов самарали меҳнати, ишдаги ибратли ютуқлари эвазига темир йўл раҳбарияти томонидан «Фахрий темирйўлчи» белгиси билан тақдирланди. Бу мукофот барчамизни янги зафарларга чорламоқда.
Иззатулла ҲОЖИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар