Эзгу сўз умри

144

Асл шеърият ё муҳаббат, ёки нафратдан туғилади. Шавкат Раҳмон битиклари аксар ҳолларда адолатсизлик, ёвузлик, хунуклик, олчоқлик ва хиёнатга адоқсиз нафрат туфайли пайдо бўлган. Шу боисдан улар жисмни тобловчи оғриққа, пўртанавор руҳий тўлғоқлар ва шамширдай кескир фикр­ларга бой. Шоирнинг шеърлари кишини ўйга толдиради, изтиробга солади, руҳий оғриқларга дучор қилади.

Зулфиқор руҳ керак,
керак чин ёғду,
чин ишқ ёлқинлари бағримга тўлсин,
жисмимни тобласин фақат чин оғриқ.
чечаклар қоп-қора бўлса-да, бўлсин…

Чин сўз, чин туйғу, чин амалларга доимий интиқлик чин шоирлик белгиларидандир. Бундай мисралар Шавкат Раҳмонни бошқа минглаб дардчил шоирларга яқин қилади. Шу билан бирга айни шу мисралар Шавкат Раҳмон деган бадиий феноменнинг бошқалардан фарқ қиладиган жиҳатларини ҳам намоён этади: шоир «зулфиқор руҳ» истайди. Унга шунчаки қониқмаслик, шунчаки норозилик, руҳнинг шунчаки инжиқлиги хос эмас. Шоир инсоний комиллик, одамий тўкислик йўлида қатъият, эркакча амаллар лозимлигини чуқур англайди. Шу боис ҳеч ким айтолмайдиган йўсинда «Борми эр қизлар?» – дея савол қўяди. Одам эр бўлгандагина ер бўлмаслиги шоирнинг барча асарлари замирига сингдирилган баланд туйғулардан биридир.
Шавкат Раҳмон шеърияти ташқи эффект­ларга унчалар бой эмас. Эътибор қилинса, шоир шеърларида ўзбек назми учун одатий бўлган тўқ қофия жуда кам учрайди. Бу шунчаки тасодиф эмас. Шоир мусиқий мутаносибликдан, киши туйғуларини аллалаб чалғитадиган назмий оҳангдорликдан атай чекинади. Киши юрагига бехато етиб борадиган, кескир қиличдай теккан ­жойида из қолдирадиган залворли ва қиррадор туйғуларни ўшанга монанд йўсинда ифода этади. Шеър тўқ қофиясиз бўлса, кишини аллаловчи мусиқийлик унчалар кучли бўлмайди. Шеърий сўз залвори мисралардаги умумий оҳанг оғушида йўқолиб кетмайди ва ўқувчи уни алоҳида идрок этиш имконига эга бўлади. Шоир ёзганларида товушларни ўйнатиб, ҳиссиётининг нозик қирраларини титкилаб, сўздан олов чиқаришга эмас, балки ўз-ўзидан гуркираб оловланиб турган руҳнинг ҳароратини, пориллаб ёнаётган туйғуларнинг алангасини ифодалашга ярайдиган сўзларни қидиради. Шоир ҳаёти мобайнида ёниб яшади ва бундан малолланмади, аксинча «Ёнмоқлик мунчалар ёқимли!» – дея ҳузурланди.
Шоир бир умр зулфиқор руҳнинг ёрқин манзилларига етиб боришга астойдил интилиб яшади. У руҳдагина озодлик, ҳурлик бўлишини, руҳнинг фароғатсизлигигина маънавий лаззат бериши мумкинлигини чуқур англаган инсон, буни туйган шоир эди.
Чинакам шоир – ҳамиша йўл кишиси. Фақат бу йўл жуғрофий эмас, балки руҳий манзиллардан ўтади. У гуноҳларга ботган заминдан орзудаги юрт – эзгулик тантана қилган афсонавий маскан сари отланади. Бу йўлнинг машаққати кўп, озори чексиз, фароғат эса фақат мўлжалда. Лекин уйғоқ қалб жозибадор маскан – эзгулик сари чорлайверади. Шавкат Раҳмоннинг нурли манзиллар сари чинакамига отланган йўловчи экани Ўшга тийиқсиз интилишида намоён бўлади:

Улкан соат ўртасида
Мадорим йўқ юрмоққа,
Қашқирлар даврасида
Судраламан турмоққа.
Шунда қолиб кетсам гар
нетамиз???
Абадият оралаб
Ўшга қачон етамиз?

Шавкат Раҳмон руҳи кескир шоир, шу сабаб сўзи, образлари, ташбиҳлари кескир ва қонталаш. Унинг сўрашишга узатилган қўли ҳам ўрни келса, «…тиғдай ялтираб кетиш»га қодир. У «…тилим қонар кескир сўзлардан», деб айтишга маҳкум ижодкорлардан. Унинг тиғли сўзларидан нафақат тили, балки дили, руҳий олами тилка-пора бўларди. Сўзки шунча оғриқли экан, бу сўзларни юзага келтирган туйғулар қанчалар азобли бўлса?! Буларни туймоқ ва чўчимай, ҳеч кимни аямай айтмоқ учун қанчалар жасорат керак бўлса! Шоирнинг «…билмоқчи бўлсангиз агар шоирлик жасорат сўзининг таржимасидир», деган сўзларида зарра қадар чираниш, зўриқиш йўқ. Шоир дунёни тозаламоқ, уни такомиллаштирмоқ бўлади. Асли, ҳар қандай чин шоир шу ниятда қалам суради. Ана шундай улкан ва вужудга сиғмас туйғуга эгаликкина одамни илоҳий сўзга ошно этади:

Каттароқ очилсин барча дераза,
шамоллатиш керак
дунёни бир оз.

Қалби безовта, руҳи уйғоқ шоир дунёни ўзиники билади. У – дунёга ҳам хўжа, ҳам хизматкор. Шу туфайли шоирнинг юқоридагидай даъватлари эриш туюлмайди. Чунки очун − унинг ўз мулки. У − дунёнинг чин эгаси. Эгаси бўлгани учун ҳам унинг тозалиги ҳақида бошқалардан кўра кўпроқ қайғуришга ҳақли.
Шавкат Раҳмон тамомила ўзига хос шахс ва оламни мутлақо ўзгача кўрадиган, ўзгача туядиган, кутилмаган ҳаётий манзаралар замиридан фожиа топа оладиган шоир эди. Унинг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам бошқаларникига ўхшамасди. Баъзан унинг шеърларини ўқиб, шоир умр бўйи шахсий бахтидан хижолат чекиб, омад ва оромидан уялиб яшаган бўлса керак деб ўйлаб қолади киши. У бахт ҳақида гапиришдан, енгил, роҳатбахш ҳаволарда куйлашдан оғринади. Унинг қуйидаги сатрлари ҳам шундан далолат беради:

Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
бахт сўзин айтаман,
элдан кейинроқ.

Шавкат инсониятнинг ҳозирги одамлик даражаси билан келишмай яшади. Менимча, у одам сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам жангари эмас, лекин муросасиз эди. Шу боис унинг битганларида чиркинликка исён, инкор, ёзғириш, ёруғлик, тозалик ва кенгликка интилиш кучли эди. Унинг зулфиқор руҳга интилиб, интиқ бўлиб яшаши шундан.
Дунёнинг мавжуд тартиботидан шоирнинг нозик кўнгли сира тўлмайди. Чунки одамзод тўла комил бўлмаган оламда шоир кўнгли тўлиши мумкин эмас. Шу боис у ўз кўнглини қонталаш қилиб бўлса-да, ўзга кўнгилларга етиб бормоқ, уларни нафснинг исканжасидан қутқармоқ, юксак аъмоллар ҳақида ўйлашга мажбур этмоқ истайди:

Фақат ишқ…
Фақат ишқ…
Бошқаси сароб,
Бошқаси шамолнинг оний сурони, –

деб ёзади шоир «Муножот» шеърида. Чинданда ўзини таниган, қалбини тафтиш қила оладиган одам учун ишқдан бошқаси, кўнгилнинг юксак интилишларидан ўзгаси ўткинчи ва омонат.
Шоирнинг кўнгли – ўта нозик ва сезгир. У кўнгил майсаси зўрлик кўрмай, шодумон ўсишини истайди. Асли шу таъсирчан, яланғоч ва ҳимоясиз кўнгил хоссалари одамни шоирга айлантиради.
Ш. Раҳмон олам манзараларини, тафаккур хулосаларини тамомила ўзича идрок этади. Шунинг учун ҳам:

…эгилган нарсалар тегар ғашимга…
эгилган бошларни
қиличлар кессин, –

дея ўзбекнинг кенг тарқалган машҳур мақолини инкор қилади.
Шавкат Раҳмоннинг зулфиқор руҳи ­безо­в­­­­­­та кезиб, сарсари истаган яна бир манзил ватан эди. Шоирнинг ватанга муҳаб­бати чегара билмайди ва у чақириғ-у ундовлардан иборат эмас, у ҳаракатга, амалга қобил: «…шоир юрагимни юлиб берардим, биргина Туркистон деган сўз учун».
Ватан ҳақидаги тўхтам ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Ҳар киши ўз ватанини яшаб ўтиши керак. Шоир ватанини ичига жойлагунча, ичдан кечиргунча, уни умри билан яшаб ўтгунча, сочи оқарди. Шавкат Раҳмон ватанда ватансизлик аламларини чуқур туйган ва бу сезимларини ижодига сингдирган шоир эди. Шунинг учун унинг ватаний шеър­лари кутилмаган хулосалар, илмоқли саволлар, фавқулодда образлар ва одамни ҳушёр торттирадиган ташбиҳларга бой:

…Ахир, ўз еримда дайдиб, чанқаган
шўрлик мусофирман,
улуғ мусофир,–

деб ёзади «Бузилган деворлар» шеърида. Бу улуғ мусофирнинг андуҳлари қанчалар улуғ бўлган экан? Ўзини билган одам учун ўз юртида мусофир бўлишдан ҳам ортиқроқ азоб бормикин? Бундай каслардан иборат оломон яшаган ватаннинг йитишини шоир «Шоҳруҳ Мирзо суҳбати» шеърида шундай ифодалайди: «Эрк қани, эр қани, асл ер қани?» Шу белгилари бўлмаган масканнинг ватан, унда шу белгиларни бор қила олмаган қавмнинг эр-у, эл-у, миллат аталмоққа ҳаққи борми? Бундай юртда одамдай яшаш мумкинми?
Қалби уйғоқ шоир ватаний туйғуларини аяб-авайлаб билдирмайди. Чунки у холис кузатувчи ёки сермулозамат мезбон эмас. У – юрт фарзанди ва унинг эгаси! Чин фарзанд сифатида арзон хайрихоҳлик, чучмал муҳаббат улашувни эмас, руҳни уйғотувчи, ҳиссиётни сергаклантирувчи қиличдай ­кескир, қамчидай ботгувчи, қалампирдай аччиқ ҳақиқатнинг залвори билан Ватан вужудидаги ва ватандош руҳиятидаги занг­ларни кўчирмоқ истайди.
Шавкат Раҳмон шеърларини синчиклаб ўқиган одамга шоир тирик эканлигидан, бу ҳаётда яшаётганидан хижолат тортаётгандай туюлаверади. Бу ҳол унинг битганларида бот-бот бўй кўрсатади «Кўпроқ яшаб қўйдим шекилли», дейди бир шеърида. Шоир норасо элни, нораво ватанни ташлаб кетишга шошилиб яшагандай…
Чинакам ижодкор башоратчи бўлади. У хоҳлаб-хоҳламай, ўз бахтини ҳам, бахтсизлигини ҳам башорат қила билади. Негаки, у ғайб олами билан сирдош, ўша ёқнинг вакили. Шу боис ҳам ернинг ташвишлари, рўзғорнинг муаммолари уларни камроқ безовта қилади. Улар ўз юксак маъволарида яшай билганликлари учун ҳам баланддир. Яхшиямки, оламда қалби буюрганидай яшай оладиган, тўсиқларга қарамай кўзлаган манзилига интилаверадиган ўжар зотлар бор. Бу серғавғо дунё шундайлар елкасида турибди.
Баланд руҳ, эркин кўнгил атрофга тийрак назар билан ҳушёр қараш имконини беради. Руҳ уйғоқлиги, кўнгил эркинлиги шоирга кутилмаган ташбиҳларни тақдим этади. Руҳи қолипда бўлган кишининг ­фикри ҳам, туйғулари ҳам бўғовда ва унинг яратиқлари эса ҳамиша қафасдадир. Чунки фикр ҳам, туйғу ҳам яратиқ сифатида яратувчисининг қандайлигига боғлиқ. Шавкат эркин руҳ кишиси сифатида тортган жафолари, туйган руҳий изтиробларига қарамай, некбин бўла, эзгуликка умид қила олди:

Бироқ ерда мангу яшайдир
кўҳна юзим, ўйчан кўзларим,
демак, ўлмас бу дунёда ҳеч
худо берган эзгу сўзларим…

Оташин шоир ва дилбар шахс Шавкат Раҳмоннинг эзгу сўзлари мангу яшагай!

Қозоқбой ЙЎЛДОШЕВ,
педагогика фанлари
доктори, профессор

Бошқа хабарлар