Гидлар нималарни ҳикоя қилмоқда?

95

Самарқанд вилояти ҳудудида 1851 та моддий-маданий мерос объекти мавжуд. Муайян бир тарихий даврлар, асрлар силсиласини ортда қолдириб, то шу кунгача етиб келган буюк меросларимиз, ҳеч бир муболағасиз, фахримиз ҳисобланади. Табаррук манзиллар халқимизнинг ўтмиши, аждодларимизнинг ўткир ақл-заковатидан садо бериб турибди. Хўш, биз уларнинг тарихи-ю таърифини дунёнинг турли ўлкаларидан ташриф буюрган сайёҳларга қандай етказиб беряпмиз?

– Масаланинг нозик жиҳати ҳам шунда, – дейди биз билан мулоқотда вилоят туризмни ривожлантириш департаменти бош мутахассиси Зафар Мажидов. – Йил мобайнида вилоятимизга 350 минг нафар хорижий, 1,5 миллион нафардан зиёд маҳаллий туристлар ташриф бую­ради. Табиийки, уларнинг ҳар бири нафақат кўриб, томоша қилиш, балки қадамжоларга оид маълумотларга эга бўлишни ҳам исташади. Бу масалада гидлар энг яқин суҳбатдош, кўмакдош бўлиши керак.
Мутахассиснинг айтишича, вилоятда 200 нафар малакали гид рўйхатга олиниб, сертификат билан таъминланган. Улар ҳар уч ойда ўз малака ва билимларини ошириш имкониятига эга. Жорий йилнинг ноябрь ойида яна ўқув машғулотлари ўтказилиши мўлжалланаётир. Эътироф этадиган жиҳат, бу дунёнинг қатор сайёҳлик компания ва фирмалари самарқандлик бир қатор гидлар учун аввалдан буюртмалар бериб, улар хизматидан фойдаланаётганлигидир. Тўғри-да, хорижлик сайёҳ учун ҳамма нарса қизиқ. Шарқ фалсафаси, унинг замирига яширинган сир-асрор ҳам. Гап уни қандай етказиб беришда. Гиднинг маҳорати ана шу масалада намоён бўлади. Мураккаб соҳа мутасаддилари фаолияти ҳақида сўз юритиш аввалида ўзимиз шоҳид бўлган бир воқеани эсга олиб ўтишга жазм этдик.
Самарқандга Бельгиядан бир гуруҳ меҳмонлар келгани, улар ўша давлат касаба уюшмалари фахрийлари ва соҳада хизмат қилаётган кишилар экани, табиийки, маҳаллий ҳамкасблари фаолияти билан қизиқаётганини эшитдик. Вилоят касаба уюшма ташкилоти раҳбари ташаббуси билан шаҳардаги «Эмир Хан» меҳмонхонасида учрашув белгиланди. Бирлашма ва тармоқ касаба уюшмалари вакилларидан иборат гуруҳ айтилган вақтда чет эллик меҳмонлар ҳузурига йўл олди. Меҳмонхонанинг мўъжаз залида мулоқот бошланди. Мана шунда гиднинг нақадар кучли тафаккурга, билимга, дунёқарашга эга бўлиши қанчалар аҳамиятга молик эканини англаб етдик.
Танишув ўз йўлига. Иккала томон ўзлари хизмат қилаётган соҳа сир-­асрорларидан бир-бирларини воқиф этишга ўтган бир паллада гид (яъни тилмоч) мулоқотни етказишда «оқсай» бошлади. Вилоятда ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида ходимларнинг 23 минг нафардан ортиқ фарзандлари дам олдирилаётгани хусусида ҳам сўз юритилди. Билсакки, Бельгияда ёшлар учун бунақанги мавсум йўқ экан.
Меҳмонлар вакили Дерилле Андрее хонимнинг «Нима, бу болалар касалми?», деган саволидан тилмочимизнинг «қовун тушираётганини» англаб қолдик. Ҳартугул касаба уюшма вакилларимиз орасида мавзу моҳиятини тўғри англатишга қодир кишилар борлиги қўл келди. Меҳмонлар ёшлар учун давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида етарлича тушунчага эга бўлишгач, бу ҳолни қарсаклар билан олқишлашди. Ҳолатни бировни қоралаш учун тилга олмадик. Айт­моқчи бўлганимиз, гиддан фақат тилни яхши билишгина эмас, балки иқтисодиёт, жамият ва сиёсат бобида ҳам билим талаб этилар экан.
Шоҳиста Саидаминова ўттиз йилдан ортиқ муддат ана шу тизимда иш юритиб келмоқда. У фаолияти давомида минглаб чет эллик сайёҳларга Самарқанд ўтмиши ва бугуни ҳақида равон ва содда қилиб тушунтириб берган. Тизимда тўплаган тажрибасига асосланган ҳолда ўзининг «Афсона Трео» турис­тик фирмаси фаолиятини ҳам йўлга қўйган.
– Гид – таржимонлик касби ниҳоятда масъулиятли иш, – дейди Шоҳиста Саидаминова. – Бу соҳа ўз устида тинимсиз изланишни талаб этади. Шахсан ўзим ҳар куни ўқийман, малакамни оширишга ҳаракат қиламан. ОАВ лардаги мақолаларгача бохабар бўлишга интиламан. Бунда нафақат тарих, балки юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ҳам англаб етиш зарур. Гапнинг қисқаси, хорижлик сайёҳ ўлкамизни гиднинг тушунтиришлари бўйича англайди. Муайян даражада тасаввурга эга бўлади, қизиқиши ортади. Ўзи кўрган манзараларни шу соҳа вакили тилидан сўзлайди.
Бугунги кунда гидлар нафақат хорижий, балки маҳаллий меҳмонларга ҳам хизмат кўрсатиб келаётир. Хусусан, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши қошида ташкил этилган «Касаба Самарқанд» сайёҳлик фирмаси ички туризм йўналишида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» шиори остида соҳа ривожига ҳисса қўшаётир.
– Вилоятимиз меҳнаткашларининг Тошкент, Бухоро, Шаҳрисабз, Нурота, Хоразм ва Фарғона водийси вилоятларидаги тарихий масканларга саёҳатида ҳамроҳлик ­қилая­пман, – дейди «Касаба Самарқанд»­­да гидлик қилаётган Изабелла Режапова. – Ҳар бир гўшанинг шонли ўтмиши, табаррук қадамжолари бор. Улар ҳақида саёҳатчиларга кенг тушунча бериш бош вазифамиз. Касбимизнинг жозибаси ҳам аслида шунда: одамларга ҳали етиб бормаган маълумотлар бизда бўлиши ва уларни бундан бохабар қилишимиз лозим. Аммо ҳамма илғаб олмаган манбалар ҳам йўқ эмас. Уларни эса, биз албатта билишимиз керак бўлади. Ана шундагина саёҳатчининг ўз сафаридан кўнгли тўлади.
Ўтган йили Самарқанддаги «Ishonch» меҳмонхонасида англия­лик собиқ футболчи билан учрашиб қолдик. У қадимий шаҳарда тўрт кун меҳмон бўлганини айтди: «Китобларни варақлаб Самарқанд­­га қизиқишим ортиб кетди ва бу ерни бир кўришни ният қилдим. Таърифланганидан ҳам ўн чандон зиёд шаҳар! Тасаввурларимни гид­лар кўмагисиз ойдинлаштира олмасдим, албатта. Уларга кўпдан-кўп раҳмат. Зиёратгоҳлар ҳақидаги тушунчамни улар бойитди. Ўқиш эмас, кўриш керак экан».
Хорижлик меҳмоннинг эътирофи бундай гидлар меҳнатига берилган баҳо аслида. Дарҳақиқат, юрт қиёфаси соҳа вакиллари каломида нуқсонсиз, равон ва мафтункор бўлсагина қониқиш ҳосил қилиш мумкин.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар