Мавсум сарҳисоби

11

Қарши шаҳридаги маданият ва аҳоли дам олиш марказида Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчилари анжумани бўлиб ўтди.

Шуни қайд этиш керакки, жорий йилда Қашқадарё вилоятидаги стационар оромгоҳларда режадаги 24340 нафар ўрнига 28428 нафар ўғил-қиз дам олдирилди. Барча оромгоҳларда кутубхона, турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилиб, «Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида 800 га яқин маданий-маърифий учрашувлар, концерт дастурлари, спорт-соғломлаштириш тадбирлари уюштирилди.
2180 нафар педагог, 140 нафар тиббиёт, 140 нафар ички ишлар ходимлари оромгоҳларда фаолият юритиб, болаларга таълим-тарбия бериш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ишлари намунали ташкил қилинди.
Анжуман чоғида уларнинг фидокорона меҳнатлари эътироф этилиб, турли номинациялар бўйича тақдирланди.
Жумладан, Шаҳрисабздаги «Зебунисо» оромгоҳи тарбиячиси Соҳиба Расулова «Энг ғамхўр тарбиячи», Ваҳоб Бердиев номидаги оромгоҳ ходимаси Шарофат Сатторова «Энг фаол етакчи», Китоб туманидаги «Алоқачи» оромгоҳи ошпази Шаҳло Бойназарова «Энг яхши пазанда», «Нурафшон» болалар дам олиш масканида фаолият олиб борган Фарҳод Хушов «Энг яхши тиббиёт ходими», Яккабоғдаги «Истиқлол ғунчалари» оромгоҳида меҳнат қилган Зуҳра Каримова «Энг моҳир тўгарак раҳбари», «Соҳибқирон»да ёшларни спорт сирларидан воқиф этган Ҳасан Ибодуллаев «Энг яхши спорт мураббийи» номинациялари ғолиби бўлишди.
Яккабоғ туманида жойлашган, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига қарашли Мирзо Улуғбек номидаги оромгоҳ (бошлиғи Ўткир Муҳаммадиев) «Мавсумда энг юқори натижага эришган оромгоҳ» номинацияси ғолиби сифатида эътироф этилган бўлса, Шаҳрисабз­даги Беруний номи билан аталувчи оромгоҳ директори Лутфулло Каримов «Энг яхши оромгоҳ бош­лиғи», сўлим Мироқи қиш­лоғида жойлашган «Лочин» оромгоҳи «Энг намунали стационар оромгоҳ» деб топилди.
Бундан ташқари, Қашқадарё вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати маркази «Энг яхши ҳамкор», «Муборакнефтгаз» МЧЖ директори Қаҳрамон Қурбонов «Энг ғамхўр ҳомий», «Муборак газни қайта ишлаш заводи» МЧЖ директори Шермат Шамсиев «Энг масъулиятли ташкилотчи», Китоб тумани ҳокими Рустам Саъдуллаев «Энг жонкуяр ҳоким» йўналишларида ғолиб деб эълон қилинди ва қимматбаҳо совға ҳамда дипломлар билан тақдирланди.
Вилоят санъат усталари томонидан тайёрланган мусиқий дастур барчага хуш кайфият бахш этди.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар