Совғаларда юрт тимсоли

68

Миллий матбуот марказида «Ҳунарманд» уюшмаси томонидан анжуман ўтказилди. Унда уюшма ташаббуси билан жорий йилнинг 22-23 сентябрь кунлари бир қатор давлат органлари, ташкилотлар билан ҳамкорликда пойтахтимизнинг Сайилгоҳ кўчасида ташкил этиладиган «Ўзбекистон совғалари» биринчи Республика кўргазма-савдоси ҳақида сўз борди.

Божхона қўмитасининг маълумотларига кўра, ҳар йили маҳаллий ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилиши мумкин бўлган 500 тадан ортиқ хорижий буюмлар импорт қилинади. Айни вақтда юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар, меҳмонлар зиёратда бўлган жойларидан эсдалик совғаларини харид қилиши ҳам бор гап. Бугунги кунда ушбу буюмларнинг маълум қисми хориждан келтирилган бўлиб, диёримиз тўғрисида ҳеч қандай таассурот бермайди. Маҳаллий ҳунармандларимиз қўли билан ясалган, Ватан ифорини таратиб, юртимиз гўзаллиги, бетак­рорлигини акс эттирадиган маҳсулотларни туҳфа этиш – бир томондан туризмни ривожлантиришга омил бўлса, иккинчи томондан уларни янада ­қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Кўргазма-савдони ўтказишдан мақсад ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, маҳсулот турларини кенгайтириш ва уларнинг оммабоплигини аниқлаш, сифат ва дизайни устида иш олиб бориш, чет эллик меҳмонларнинг талаб ва эҳтиёжини ўрганишдан иборатдир. Шу билан биргаликда, у ёшлар ўртасида номоддий-маданий меросимизнинг аҳамияти ва уни сақлаб қолиш хусусида тушунтириш ишларини олиб бориш, миллий ва халқаро даражадаги ёдгорликларни тарғиб қилиш, фикр ва тажриба алмашиш учун замин яратади.
Кўргазма-савдода юздан ортиқ энг моҳир ҳунармандларнинг ноёб асарларини томоша ва харид қилиш мумкин. Улар табиий маҳсулотлардан қўлда тайёрланган бўлиб, ҳунарманднинг қалб қўри, кўз нури ҳамда халқимизнинг орзу-истаклари ва минг йиллик анъ­аналарини ўзида мужассам этган. Иштирокчилар ҳунармандлар томонидан ўтказиладиган маҳорат дарсларини кузатиш имкониятига ҳам эга бўлади. Улар ўз қўллари билан лойдан кўза ясаб кўриши, ипакдан мато тўқиши, дўппига нақш бериши, бешик ясаш жараёнларида бевосита иштирок этиши мумкин. Дорбоз ўйинлари, кураш мусобақалари, ўзбек жанг санъати бўйича спортчилар чиқиши, миллий урф-одатларнинг намойиши, қўғирчоқ театри билан биргаликда машҳур қўғирчоқбозлар томонидан қизиқарли томошалар, фольклор жамоаларининг чиқишлари, миллий либослар ва тақинчоқлар дефилеси, шунингдек, ўзбек миллий таомларининг тайёрланиш жараёнларини кузатиш имконияти ҳам бор.
– Ўн йилдан бери ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланиб келаман, – дейди Абдуқодир Эгамбердиев. – Миллий анъаналаримизни давом эттиришда катта аҳамиятга эга бўлган ушбу кўргазма ҳақида эшитиб жуда хурсанд бўлдик.
Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Комила БОЙМУРОДОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар