ТАРАҚҚИЁТ ТУШОВИ коррупцияга қарши кураш стратегик вазифадир

104

Мамлакатимизда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқий тарғиботга доир чора-тадбирларнинг сифат ва миқдорини янада ошириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган таъсирчан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Коррупция мураккаб ва кўп қиррали ҳодиса сифатида узоқ тарихга эга. Давлат хизмати тизимидаги корруция ҳақидаги биринчи битиклар Қадимги Бобил солномаларида қайд этилган.
Мазкур жиноят тури ижтимоий феномен ҳисобланиб, жамият ва ижтимоий муносабатлар натижасида вужудга келади. Бошқача айтганда, айнан шундай ҳолатда мансабдор шахсда жамият ва давлат манфаатларини эмас, балки ўз шахсий ғаразли ниятидан келиб чиққан ҳолда вазифасини суиис­теъмол қилиш имкониятини оширади. Шу сабабли коррупция мураккаб ижтимоий-сиёсий ҳодиса сифатида тавсифланади.
Ҳозирги вақтда коррупция миллий хавфсизликка таҳдид солаётган асосий хавф бўлиб, у мамлакат иқтисодиёти ривож­ланишига тўсиқ бўлиши баробарида давлат томонидан амалга оширилаётган ижтимоий барқарорликка салбий таъсир қилувчи омил ҳамдир. Коррупция иқтисодий қонунларнинг эркин ҳаракатланишини чеклайди, мамлакат нуфузининг халқаро ҳамжамият олдида тушишига сабаб бўлади. Қолаверса, ҳаққоний ва ижтимоий йўналтирилган тадбиркорликка тўсиқ қўйиб, рақобатбардош­ликни йўққа чиқаради.
Коррупция ўта мослашувчан хусусиятга эга бўлиб, ижтимоий ҳуқуқий тизимдаги бўшлиқлар, камчиликлардан усталик билан фойдаланади.
Айни пайтда ушбу ижтимоий салбий ҳодиса миллий давлат чегараларидан чиқиб, глобал ҳолатга келди. Ундан олинган даромадлар легаллаштирилганидан сўнг халқаро ва миллий молиявий тизимга жойлаштирилиб, давлат, ҳокимият ҳамда иқтисодиёт институтларини емирмоқда. Коррупция қонун устуворлиги, демократия, инсон ҳуқуқлари, жамиятдаги аҳлоқий қадриятлар, ҳокимиятга ишонч, давлат бошқаруви тамойил­лари, тенглик ва ижтимоий адолатга таҳдид солмоқда.
Шу сабабли мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш давлат сиёсатининг асосий йўналиши сифатида белгиланган. Буни қуйидаги факт ва рақамлар ҳам яққол тасдиқлайди. Олий суд матбуот хизматининг маълумотига қараганда, ўтган йили судларда порахўрликка оид 1,7 мингтадан ортиқ жиноят иши кўриб чиқилиб, 2,5 минг нафарга яқин шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Бу коррупцияга қарши жиддий курашиш самарасидир. Бироқ бундай жиноятнинг олдини олишда ҳали амалга оширилиш лозим бўлган ишлар жуда кўп. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Хўш, коррупцияга қарши курашишда нималарга асосий эътибор қаратиш керак?
Бунинг учун, аввало, ҳар бир инсон ўз фаолиятини қонунларга бўйсуниш нуқтаи-назаридан жиддий ислоҳ қилиши зарур. Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ ислоҳотларнинг ўзига хос жиҳатларидан бири, бу – энг аввало, инсон онгини ўзгартиришга қаратилганлигидир. Давлатимиз раҳбари одамларнинг дунёқарашини, ҳаётга нисбатан муносабатини ўзгартириш лозимлиги ҳақида таъкид­ламоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки инсонда соғлом фикр шакллансагина, у коррупция тўрига тушмайди.
Коррупцияга қарши кураш ва олдини олишда уни вужудга келтирувчи омиллар аниқланиши ҳамда бартараф этувчи чора-тадбирлар амалга оширилиши лозим. Хусусан, коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этганлар учун аҳоли ичида сайёр суд мажлисларини кўпайтириш ва кўргазмали суд мажлисларини уюштиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Зеро, коррупцияни уни вужудга келтирувчи муаммолар ва шарт-шароитларни бартараф этиш йўли билан камайтириш мумкин. Бу эса мазкур ижтимоий хавфли иллатга қарши курашда тарғибот-ташвиқот ишларини янада жонлантириш, жамиятимизда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришни талаб этади.

Сайдулла МИХЛИЕВ,
Маъмурий ишлар бўйича Бектемир
тумани суди раиси

Бошқа хабарлар