Ҳал бўлаётган муаммолар

77

Шайхонтоҳур туманидаги барча маҳаллаларда аҳоли билан ўтказилган мулоқотлар ва мавжуд муаммоларнинг ечимига доир ишларда бу янада ёрқин намоён бўлди.

Президентимиз жорий йил 10 август куни Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш, аҳоли турмуш шароити билан боғлиқ мавжуд камчиликларни бартараф этиш борасида устувор вазифаларни белгилаб берган эди. Бунда жамоатчилик ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилгани ҳам диққатга сазовордир.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича респуб­лика кенгаши, «Маҳалла» ва «Нуроний» жамғармалари, Республика маънавият ва маърифат маркази, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Жамоатчилик комиссияси ташкил этилиб, ўтган қисқа даврда тумандаги барча маҳаллалардаги аҳоли билан учрашувлар ўтказилди, мавжуд муаммолар ва камчиликлар атрофлича ўрганилди.
Ўтган бир ойда амалга оширилган ишларнинг сарҳисобига бағишланган йиғилишда бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳам таҳлил этилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Жамоатчилик комиссияси раҳбари Қудратилла Рафиков тумандаги ҳолатни таҳлил қилар экан, бажарилган ишлар ҳамда истиқболдаги вазифалар хусусида сўз юритди.

Мулоқотлар ва ўрганишлар чоғида маҳалла гузари, спорт ва болалар майдончалари қуриш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига моддий ёрдам бериш, коммунал хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда ижтимоий соҳалардаги муаммоларни жойларнинг ўзида ҳал этишга ҳаракат қилинди. Хусусан, «Жанггоҳ» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 5- ва 6-кўп қаватли уйлар оралиғида спорт майдончаси қуриш ишлари бугун авжида. «Гулбозор» ва «Оқилон» маҳаллаларидаги эскирган сим­ёғочлар янгиланди. «Гулбозор» ва «Эски Жарариқ» маҳаллаларидаги таъмирталаб ташқи йўллар асфальт­ланиб, аҳолига қулайлик яратилди. «Оқилон» ва «Жарариқ» маҳаллалари учун янги трансформатор ўрнатилиши натижасида аҳолига талаб даражасидаги электр қуввати етказиб бериляпти. «Кўкча» маҳалласидаги 3- ва 4-Оқсой кўчаларида истиқомат қилаётган аҳолини кўп йиллардан буён қийнаб келаётган муаммо – ичимлик суви тармоқларида таъмирлаш ва қувурларни янгилаш ишлари бажарилиб, 260 погонометр полиэтилен қувур ётқизилди. «Ўзбекистон» маҳалласининг Меҳнатобод кўчасида канализация тармоғи қуриляпти. Айни чоғда маҳалладаги симёғочларга замонавий ёритгичлар ўрнатилгач, ён-атроф нурафшон тортди. «Шайхонтоҳур» маҳалласидаги 22 та кўп қаватли уйнинг том қисми капитал таъмирланиб, замонавий тунука ёпилди. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ушбу маҳаллада ўтган асрнинг 50 йилларида барпо этилган 37 та кўп қаватли уйда бундай кенг кўламдаги таъмирлаш ишлари биринчи бор амалга оширилмоқда. Шу кунларда маҳалла ҳудудидаги 7- ва 21- уйларнинг том қисмида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаётир. Қолган 13 та кўп қаватли уйнинг том қисмини таъмирлашга ҳозирлик кўрилмоқда. Қолаверса, 35-уйнинг ертўласидаги яроқсиз бўлиб қолган электр узатиш шити янгисига алмаштирилди. «Янги камолон» маҳалласидаги 17-уйга лифт ўрнатилди, «Сархумдон» маҳалласидаги 85-уйнинг том қисми янгиланди.
Шу билан бирга, ечими ўзаро ҳамкорликни талаб қиладиган муаммолар ҳам талай эканлиги маълум бўлди. Ишчи гуруҳи томонидан Шайхонтоҳур туманида аҳоли билан уйма-уй юриб ўрганилган ушбу муаммолар тегишли вазирлик ва идоралар вакилларига юклатилиб, уларга ечим топишнинг аниқ муддатлари белгилаб олинди.
Хусусан, туманда умумий ҳисобда 18 километрлик канализация тармоғи мавжуд эмас, 40 километрлик турли диаметрли сув тармоғи капитал таъмирга муҳтож. «Ибн Сино» мавзесининг насос станциясидаги 3 та насос агрегатининг ишлаш муддати ўтган, умумий узунлиги 115 километр бўлган иссиқлик қувурининг 73 фоизи фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган. Кўп қаватли уй-жойларда 490 та лифт бўлиб, уларнинг 320 таси ишлаш даврини ўтаб бўлган. Шайхонтоҳур тумани бўйи­­ча 1 431 та электр симёғочлари мавжуд. Шундан 1 200 таси яроқсиз аҳволга келиб қолган. Бу аҳолининг ҳаёти учун хавфлилиги, таъминотдаги узилишларга сабаб бўлаётгани учун уларни кечиктирмасдан алмаштириш, муддати ўтган кичик вольтли 25 км.ли электр симларини ўзгартириш лозим.
Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига «Каттабоғ» МФЙ ҳудудидаги Каттабоғ, Атиргул, Кирки, Ўзгариш ва Костёрний кўчаларида канализация тизими мавжуд эмаслиги, Кирки кўчасидаги 7 та 2 қаватли уйнинг том ва фасад қисмлари таъмирталаб бўлиб, ушбу уйларнинг иккинчи қаватига ёз ойларида босим пастлиги туфайли сув чиқмаслиги, «Сузукота» маҳалласида реконструкция қилиш муносабати билан узилган сув таъминотини қайта тиклаш лозимлиги, «Зангиота» МФЙ Хондон берк кўчасидаги хонадонларга берилаётган тоза ичимлик сувининг босими пастлиги туфайли, тоза ичимлик суви таъминоти етарли эмаслиги, маҳалладаги барча кўчалар канализация қувурлари билан таъминланмагани, аҳоли ўз ҳовлиларидаги қувурларга чиқинди ташлагани оқибатида ҳудудда санитария ҳолати ҳам қониқарли эмаслиги ­бўйича маълумот берилди. Бу борадаги ­муаммолар ечими сув таъминоти идорасига бириктирилди.
Кўтарилган масалалардан бири доимий рўйхатга қўйишда қийинчиликлар мавжудлигидир. Биргина «Каттабоғ» маҳалласининг ўзида 200 та хонадон вакили шу муаммо юзасидан шикоят қилган. Мавжуд ҳолатни ўрганиб чиқиш ва қонуний асосда иш кўриш вазифаси Ички ишлар вазирлиги мутасаддиларига топширилди.
Туманда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эътибор қаратилиши лозим бўлган вазифалар ҳам талайгина экан. Масалан, «Эшонгузар» МФЙ, Терак кўчаси, 13-уй­­да яшовчи фуқаро О.Пўлатов 2-гуруҳ ногиронлигини олиш учун махсус комиссияга ҳужжатларини топширганига кўп вақт бўлганига қарамасдан, масала ҳал этилмаяпти. Ўзгариш кўчаси 6-уйда яшовчи Д.Нодирова (63 ёшда), 42-уйда яшовчи М.Юсупова (82 ёшда), 65-уйда яшовчи Қ.Солижонова (80 ёшда) соғлигини тиклаш учун дори-дармонга муҳтож. Лола кўчаси 21-уйда истиқомат қилувчи С.Аҳмаджоновнинг 14 ёшли фарзанди муолажадан сўнг кар-соқов бўлиб қолган. Оила кам таъминланган. Даволаниш ва ёрдамга муҳтож. «Зангиота» МФЙ, Аросний кўчаси, 5-уйда истиқомат қилувчи Х.Холмуҳаммедов ногиронлар аравачасига ва касалхонада даволаниш учун ордерга муҳтож. Мошчи кўчаси 9-уйда истиқомат қилувчи Ф.Мирзахўжаев 1-гуруҳ ногирони. Имконияти чеклангани сабабли тиббий кўрикдан ўтишга шароити йўқ. Бу масалада Соғлиқни сақлаш вазирлиги шуғулланадиган бўлди.
«Сузукота» маҳалласида узилиб қолган телефон линиясини қайтадан улаш вазифаси эса Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ҳавола этилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу маҳаллада 177 та уй бузилиб, уларда яшовчи 499 та оиладан 364 таси қурилаётган уйларга кўчиб ўтиши режалаштирилган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 сентябрдаги қарорига биноан Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ягона буюртма хизмати» компанияси, Бош пудратчи «Мега-сарой-Тошкент» МЧЖ ҳамкорлигида кўп қаватли 11 та турар жой биноларини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу уйларни фойдаланишга топшириш вақти кечиккани сабабли аҳолига келгуси йил январь ойига қадар ижара пуллари берилди. Етти қаватли уйлар жорий йил охирига қадар қуриб битказилиши кўзда тутилган.
– «Сузукота» маҳалласида қурилаётган 7 қаватли уйлар шу йил охиригача қуриб битказилади, 12 қаватлилари эса келгуси йилнинг май ойида кўчиб ўтишга шай ҳолатга келтирилади, – дейди қурилиш вазири ўринбосари Шуҳрат Ҳошимов. – Агарда ишлар тўғри йўлга қўйилса, маблағ ва техник томондан узилиш­лар бўлмаса, бемалол шу фурсатда уйларни қуриб битказиш ва ўз эгаларига топшириш мумкин.
Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги ҳам қайд этилган ишларнинг боришини назорат қилиш, шунингдек, яна бир қатор вазифаларни зиммасига олди.
Сузукота кўчасининг 118-уйида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож Умида Пирматова, 149-уйда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож Саодат Абдуазимованинг яшаётган уйлари таъмирталаб. Ўзгариш кўчасининг 42-уйида 5 та оилада 34 нафар фуқаро яшайди, уларнинг яшаш шароитлари талабга жавоб бермайди. «Зангиота» МФЙда кўчаларнинг асфальт қопламаси ҳам талаб даражасида эмас. Режалаштирилган болалар майдончасининг қурилиши маблағ йўқлиги сабабли тўхтаб қолган. Туманда айрим уйларнинг кадастр ҳужжатлари йўқлиги сабабли яшовчилар рўйхатга олинмаган. Мастурбек кўчаси 12-уйда 13 нафар, Яшин берк кўчаси 20-уйда 14 нафар, 32-уйда 26 нафар, Мошчи кўчаси 15-уйда 15 нафар оила аъзолари яшайди. Кўриниб турганидек, улар уй-жойга муҳтож. «Эшонгузар» МФЙда ҳам кўчалардаги асфальт қопламаси талабга жавоб бермайди. Болалар майдончасининг қурилиши тўхтаб қолган. Терак кўчаси 9-уйдаги хонадонда яшаётган 10 нафар кишининг яшаш шароити талаб даражасида эмас. Каттабоғ кўчасида 88 кв.м майдонга эга бўлган 2-«а» уйда 4 та оила яшайди, уларнинг яшаш шароитлари оғир, ҳокимиятга уй ажратиш учун ариза берилган, аммо масала ҳалигача ўз ечимини топмаган. Каттабоғ кўчасининг 24-уйида фуқаро К.Ҳусанова 12 йилдан буён уйини рўйхатдан ўтказа олмай овора. Терак кўчаси 27-уйда 6 киши истиқомат қилади, Уй таъмирга муҳтож. Маҳалладаги авто­уловларни қўйиш учун автотураргоҳ қуриш масаласи ҳам кўпчилик фуқароларни ўйлантириб келаяпти.
Ўзгариш кўчаси 89-уйда истиқомат қилувчи Н.Ирматова 5 ой олдин боқувчисини йўқотган бўлса-да, ҳалигача нафақа пулини ололгани йўқ. Ўзи ишсиз. Оила моддий ёрдамга муҳтож.
Амалга оширилаётган ишларда фуқароларнинг ҳамкорлиги жуда асқотяпти. Улар мавжуд муаммолар юзасидан ўз фикрларини очиқ билдириб, кўпчиликни қийин аҳволга солиб келаётган масалаларни дадил баён этишмоқда. Масалан, «Камолон» маҳалласи 6-уйда яшовчи фуқаро ­А.Зайнулина олиб ташланган гаражлар ўрнидаги бўш жойга болалар майдончаси қуриб беришни илтимос қилди. Унинг мурожаати ўрганилиб, туман ҳокимлиги томонидан мутасадди ташкилотларни жалб этиш ишлари бошланди.
Бугунги кунда 248 км. йўл тўлиқ таъмирга муҳтож. Бу масалани ҳал этиш Автомобиль йўллари давлат қўмитаси зиммасига юкланди.
Туманда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар 17 920 нафарни ташкил этади. Шундан 10 500 нафари мактаб­гача таълим муассасаларига жойлаштирилган. 7 минг нафардан зиёд бола мактабгача таълим муассасалари етишмаслиги сабабли қамраб олинмаган. Ўрганишлар давомида туман аҳолиси томонидан болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш сўралди ва бу ишнинг амалий ижроси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ҳал этиладиган бўлди.
Туманда 3 та маданият ва дам олиш маркази фаолият кўрсатиб келмоқда. Муаммолар эса талайгина. Чунончи, Ибн-Сино-1 мавзесида жойлашган маданият маркази биносининг пойдевор қисми мавжуд эмас. Бино қайта таъмирга муҳтож. Боғ кўчаси 3-а мавзесида жойлашган маданият маркази ҳам таъмирталаб аҳволга келиб қолган. 16-сонли маданият ва аҳоли дам олиш маркази эса бино ажратилмагани сабабли 85-сонли мактаб ҳудудида вақтинча фаолият кўрсатмоқда. Бу ҳолатлар Маданият вазирлиги эътиборига ҳавола этилди.
Сирасини айтганда, Жамоатчилик комиссиясининг бир ой давомида уйма-уй юриб ҳамда халқ билан мулоқоти чоғида аниқланган муаммолар бирин-кетин ҳал бўлмоқда. Одамларда эртанги кунга ишонч уйғониб, онг-у шууридан лоқайдлик ва ўзибўларчилик иллатлари чекинмоқда. Зеро, кўзланган асосий мақсад ҳам асли шу: токи одамлар ҳаётидан бугун рози бўлсин, шунда эртага ишончи янада юксалади.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири

 

Бошқа хабарлар