Барҳаёт анъаналар барқ урар бунда

73

Хива шаҳрида «Рақс сеҳри» фестивали бошланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, вилоят ҳокимлиги ва бош­­­қа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган фестивалнинг очилиш маросими Хива шаҳридаги «Ичанқалъа» давлат музей-қўриқхонасида бўлиб ўтди.

Уч кун давом этадиган байрамона тантаналар халқимизнинг моддий-маънавий мероси, урф-одат ва анъаналари, миллий ҳунармандчилиги, тасвирий, амалий санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уларни юртимизда ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, шунингдек, сайёҳлик, ҳунармандчилик ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини такомиллаштириш ҳамда туризм салоҳиятини комплекс тараққий топтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Фестивал доирасида вилоятдаги мусаввирлар ва ҳунармандлар томонидан тайёрланган тасвирий ва амалий санъат намуналаридан иборат кўргазмалар ташкил этилади.
Қадимий ва навқирон Хива шаҳрига ташриф буюрган меҳмонлар тарихий обидаларни томоша қилиб, фолклор этнографик ансамбл­ларининг ранг-баранг ижодиётидан баҳраманд бўлмоқда. Бундан ташқари, фестивал доирасида «Буюк ипак йўли бўйлаб халқаро туризм­нинг барқарор ривожланишида маданий мероснинг тутган ўрни» мавзусида туризм, тарих, этнография, фолклор йўналишлари бўйича илмий-амалий конференция, Урганч туманидаги «Улли Ҳовли» мажмуасига ҳамда Комилжон Отаниёзов номидаги ижод марказига саёҳатлар уюштириш режалаштирилган.
– Мазкур фестивалнинг воҳамизда ташкил этилиши нафақат миллий урф-одатларимизни тарғиб этишда, балки ўсиб келаётган ёш авлоднинг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда жаҳон рақс санъати турларини ривожлантириш, уларнинг маънавий оламини бойитиш, рақс санъ­атида янги истеъдодларни излаб топиш ва кашф этиш, ижодий муҳит яратиш, ёшлар онгида миллий ва этник хилма-хиллик, турли халқлар анъаналарига ҳурмат ҳиссини шакллантириш, ёшларнинг санъатга бўлган қизиқишлари, ижодий фаоллиги ҳамда иқтидорини рағбатлантириш ва бошқа халқларнинг рақс санъати билан яқиндан танишиш имконини беради, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Гавҳаржон Матёқубова. – Халқаро фестивалда 10 га яқин давлатларнинг рақс жамоалари иштирок этмоқда. Ўйлайманки, ўзбек миллий рақс санъати, айниқса, қадимий рақсларимиз орқали улар бой тарихимиз ва бугунги маданиятимиздан воқиф бўладилар. Фестивалга 20 дан ортиқ янги чиқиш­ларни тайёрладик. Рақсларимиз якка, жамоа бўлиб ижро этилади. Хорижий рақс жамоалари билан ижодий ҳамкорлик ўрнатган ҳолда, улар билан бирга маҳорат дарсларини ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу фестивал санъат соҳасида ҳалқаро ҳамкорликни янада ривож­лантириш ҳамда янги истеъдодларга йўл очиш, уларни раҳбатлантириш орқали миллий рақс санъатимизни давом эттиришда муҳим аҳамият касб этади.
Сирасини айтганда, Хоразм рақс санъати халқ оғзаки ижодининг қадим илдизларидан куч олиб, ўсиб, ривожланиб, шу кунларга етган эканмиз, ишонч билан айта оламизки, бугунги рақс санъати довруғимизни янада юксакларга кўтаради.

Дилрабо ҚУРЁЗОВА

Бошқа хабарлар