Боғ аро қўйсам қадам…

146

Кундан кун чирой очиб бораётган юртимиз, айниқса, пойтахтимизга истироҳат боғлари янада кўрк қўшаётир. Бундай масканларга кўпроқ ёшлар ва болалар келади. У ердаги турли кўнгилочар ўйинлар ва яратилган қулайликлар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас. Гап шундаки, у ердаги нархларни кўриб киши ҳайратдан ёқа ушлаши тайин. Нега дейсизми? Марҳамат, аҳвол билан танишинг.

Жорий йилда қайта таъмирланиб, кўркамлашган Мирзо Улуғбек номидаги истироҳат боғи асрга тенг дарахтлари билан диққатга сазовордир. Асосий кириш жойи­даги «Чекиш ман этилади» деган огоҳлантириш тартиб-интизомнинг яхшилигидан далолат беради. Демак, бу ерда кўнгилдагидек кўнгил очиш мумкин. Бирдан янграган «Шар олинг! Шарлар бор!» хитоби бу хаёл-у режаларни тўзғитиб юборади. Ранг-баранг шарлар ипидан тутган болакайдан беихтиёр нархини сўрайсиз. Оддийси – 3 минг, ­ша­­к­л­­­­лиси – 7 минг. Кечагина уй олдидаги дўкондан 800 ё 1000 сўмга шар олганингизни эслайсиз. Балки бошқачадир деб синчиклаб кузатсангиз-да, фарқини сезмайсиз.
Нархлардаги бундай асоссиз тафовут шу билан тугамайди. 0,5 газсиз минерал сув 2000 сўм, «Fanta», «Sprite», «RC cola» 4500 сўм. Тахтага йирик ҳарфлар билан «Coffe 4000» «Чай 3000» деб ёзилган растада ўзгача таъмли, хориждан келтирилган эмас, барча дўконлардан топиш мумкин бўлган «MacCoffe» ва «Lipton» қадоқли чойлари сотилмоқда. Яна таъбингиз хиралашади, ахир бу кофенинг бир донаси 500 сўм, чой эса 300 сўм туради. Қойил, бир марталик идишга қайноқ сув солиш 2700 сўмдан 3500 сўмгача фойда келтирса-я.
Болажонларнинг севимли таом­лари – «Fast food» маҳсулотлари билан танишамиз. Энг арзони хот-дог бўлиб, 6000 сўм экан. Кейинги емакхонада эса хот-дог 10 000 сўмдан 12 000 сўмгача, гамбургерлар 17 000 сўмдан 20 000 сўмгача…
Ҳа, боғнинг ҳавоси, кўркамлиги, гўзаллигига ортиқча таъриф шарт эмас. Аммо нархларни кўриб, киришдаги «Чекиш ман этилади» ёзуви ёнига «Харид ҳам» деган сўзларни қўшиб қўйгингиз келади.
Ғафур Ғулом номли истироҳат боғи мутасаддилари биздан ранжимасин. Пойтахтимиздаги бош­­қа истироҳат боғларида ҳам шу каби ҳолатларни кўриш мумкин. Нега кўнгилочар масканлардаги нархлар бошқа савдо нуқталарига нисбатан баланд? Ё ҳордиқ моддий шароит имкон бергандагина чиқариладими?

Озода РЎЗИҚУЛОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар