Мавсум сарҳисоби

131

Бухоро вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида болаларни ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда таъкидланганидек, жорий йил ёзида болаларнинг оромгоҳларда кўнгилли дам олишини ташкил этиш борасида касаба уюшма ташкилотлари ва вилоят соғломлаштириш комиссияси томонидан муайян ишлар амалга оширилди. 15 та шаҳар ташқарисидаги оромгоҳда 6912 нафар, 129 та мактаблар қошидаги кундузги оромгоҳда 11380 нафар ўғил-қиз мароқли ҳордиқ чиқарди. Мавсум давомида 143 нафар «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиси, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 85 нафар фарзанди «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг маб­лағи ҳисобидан, 28 нафар ногирон бола ҳамда кам таъминланган оилаларнинг 2620 нафар фарзанди жамоа шартнома ва келишувлари орқали бепул ва имтиёзли соғломлаштирилди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда 2 та оромгоҳда ички ишлар идоралари профилактик ҳисобида турувчи 350 нафар тарбия­­си оғир, кам таъминланган бола учун тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилди. 8 та корхонада касб-ҳунар коллежларининг 440 нафар ўқувчиси учун уларнинг ишлаб чиқариш ва амалиёт даврида «Меҳнат ва дам олиш» оромгоҳлари, «Оромитан» оромгоҳида 50 нафар бола учун экологик-биологик, ўлкашунослик ва 50 нафар ўқувчи учун техник ижодкорлик оромгоҳи, «Порлоқ келажак» оромгоҳида 100 нафар ўғил-қизга мўлжалланган бадиий ижодиёт оромгоҳи, «Нефтчи» оромгоҳида 100 нафар бола учун «Интеллектуал ривожлантириш» оромгоҳи ташкил этилди.
Анжуманда жорий йил ёзги дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этишда жонбоз­лик кўрсатган корхона-ташкилотлар ҳамда оромгоҳларда фаолият юритган энг фаол ва ташаб­бускор ходимлар рағбатлантирилди.
Жумладан, Ромитан туманидаги «Оромитан» оромгоҳи «Энг намунали болалар оромгоҳи», Бухоро шаҳридаги 19-умумтаълим мактабининг «Камалак» оромгоҳи «Энг намунали кундузги оромгоҳ» деб топилди. Шунингдек, «Энг яхши оромгоҳ бошлиғи», «Энг ғамхўр ҳомий», «Энг жонкуяр ҳоким», «Энг яхши ҳамкор», «Энг ­масъулиятли ташкилотчи» каби қатор номинациялар ғолиблари эълон қилинди. Уларга вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан қимматбаҳо совға ва дип­ломлар топширилди.
Анжуман доирасида болалар гуруҳлари ва таниқли санъаткорлар ижросида концерт дастури намойиш этилди.

Иззатулла ҲОЖИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар