Ниятлар янада юксак

361

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида Индонезия мезбонлик қилган ХVIII Осиё ўйинларида муносиб иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан ўрин олган спортчиларни тақдирлаш маросими ўтказилди.

– Касаба уюшмалари томонидан спортнинг оммавийлигини ошириш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, меҳнат жамоаларида ходимлар ўртасида турли мусобақалар ўтказишга алоҳида эътибор қаратиб келинаётир, – деди Касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев тадбирни очар экан. – Шу билан бирга, тизимда профессионал спортни қўллаб-қувватлаш борасида жиддий қадамлар ташланмоқда.

Жорий йилнинг 18 августидан 2 сентябригача Индонезияда бўлиб ўтган ХVIII Осиё ўйинларида қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритган 70 нафар ғолиб спортчидан 17 нафари касаба уюшма спортчилари экани бизга алоҳида қувонч ва фахр-ифтихор бахш этди. Оғир атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, академик эшкак эшиш ва эшкакли слалом турлари бўйича спортчиларимиз ва уларнинг мураббийлари эришган ютуқлар ҳар қанча таҳсинга лойиқдир.
Эътиборли жиҳати, 6 нафар касаба уюшма спортчисидан 2 нафари олтин, 2 нафари кумуш, 2 нафари бронза медалларни қўлга киритди. Хусусан, академик эшкак эшиш баҳс­ларида Шаҳбоз Холмирзаев ва Шаҳбоз Абдужабборов олтин медалларга эга чиқишди. Шунингдек, байдарка ва каноэда эшкак эшишда Элёржон Мамадалиев кумуш, Шуҳрат Маҳкамов ва Шоҳруҳ Аъзамов бронза медалларга сазовор бўлишди. Достон Ёқубов эса оғир атлетика йўналишида иккинчи натижани кўрсатди. Алибек Темиргалиев, Жанибек Темиргалиев сингари 11 нафар спортчимиз эса 5- ва 6-ўринларни қўлга киритди.
Тадбирда ХVIII Осиё ўйинларида терма жамоамиз таркибида мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган касаба уюшма спортчилари ва уларнинг устозлари Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Келгусида касаба уюшма спортини янада ривожлантириш орқали мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш йўналишидаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш долзарб вазифалардан бири экани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Албатта, бу Федерация Кенгаши тасарруфидаги Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармаси фаолиятини янада такомиллаштиришни тақозо этади. Спортчиларимиз билдирилган ишончни оқлаш йўлида бор куч-ғайратларини ишга солиб, янада баланд марраларни эгаллашга азм-у қарор қилганликларини изҳор этдилар.

Маҳлиё УМИРЗОҚОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар