Соҳир саҳарлар соғинчи

115

…Болаликда жуда инжиқ эдим. Бўлар-бўлмас нарсага ғингшиб, онамни безовта қилардим. Аммо онамнинг меҳри ҳеч қачон тоқ бўлмасди.

Эсимда. Онамнинг каштали кўйлаги бўларди. Каштада ғуж бўлиб очилган атиргуллар ва учаётган қушларнинг сурати акс этганди. Бу кўйлакни яхши кўрардим. Онам ҳам уни эгнидан қўймас эди. Мен уни доим маҳкам ушлаб юрардим. Онам ҳам бунга кўникиб қолган эди, назаримда. Қўшни аёллар билан узоқ суҳбатлашган пайтлари мен онамнинг кўйлагидаги қушчалар билан гаплашардим. Баъзан бу қушчалар кўйлакка қамалиб қолгандай туюларди менга. Уларни озод қилгим келар эди. Аммо қушчаларнинг бу кўйлакдан айрилгиси келмаётганини ҳис қилардим…
Онам қўшни қишлоқдан келин бўлиб тушган. Икки ­қишлоқ ораси узоқ эмас. Баландроқ жойга чиқиб қарасанг, онам­нинг қишлоғи кўзга яққол ташланарди… Гоҳида онам паришон тортиб қоларди. Ва уйи­миз қаршисидаги ҳовуз ёнидаги дўнгликка чиқиб, кафтини пешонасига соябон қилганча ўз қишлоғи томон қарагани-қараган эди. Мен ҳам бир қўлим билан унинг этагини маҳкам ушлаб, иккинчи қўлим билан онамга тақлид қилганча ўша томонга боқар эдим. Аммо ҳеч нарсага тушунмасдим… Ўшанда илк бор онамнинг нигоҳларида соғинчни таниганман. Йиллар ўтгани сайин бу туйғу равшан тортиб борди…
Онам бу дунёни тарк этгандан сўнг ҳам унинг этакларини қўйиб юбормадим. Зотан, у Ватаннинг ўзига айланган эди. Ҳали-ҳануз тушларимга онам ўша каштали кўйлагида киради. Кўнг­лим эса аллақачон бу каштадан нусха кўчириб олган. Қишнинг қаҳратонида ҳам кўнг­лимдан атиргулнинг ифори келади. Қушларнинг озод ва бахтиёр сайраганини эшитаман…
Тонгни яхши кўраман. Тонг озода келинга ўхшайди.
Ва яна онамни эслайман. У жуда ҳам саранжом-саришта аёл эди. Барчамизни тонг отмасдан уйғотарди. Тонгда ризқ бўлади, дерди. Болаликда ризқ нималигини тушунмасак-да, эриниб-эриниб уйғонардик. Ва тонгдан қандайдир мўъжиза кутардик…
Энди билсам, бу мўъжиза тириклик жавҳаридаги умид экан…
Ҳали-ҳамон тонгни орзиқиб кутаман, мўъжизани ҳам. Шаҳарчилик, баъзида ўрнимда ётганча уни кутиб оламан. ­Ростини айтсам, шундай пайтларда тонгдан уялиб кетаман. Чунки онам тонгни ҳаммаёқни озода қилиб, юз-қўлни ювиб кутиш керак, дерди.
…Қайсидир даврада хориж сафаридан қайтган бир дўстимиз энтикиб у жойларнинг тонгини мақтади.
– Тонг гўё денгизлар устидан сакраб-сакраб келаётгандек эди, – деди у.
Шунда мен негадир оғриндим. Ичимда ўйладим, наҳотки бу дўстимиз ўзимизнинг тонгни кўрмаган бўлса!?
Юрагимда ногаҳон тонгнинг қадамларини эшитаман. Кўз олдимда азиз манзара тикланади. Оқ тераклар маъсум жилмаяди. Боғлар қадим оҳангда теб­ранади. Атрофга меҳрнинг мушки таралади. Сўнг эса оппоқ саватини ризққа тўлдирган тонг кўринади. У эринмай ҳар бир деразадан бош суқиб, ҳол сўрайди, ризқ тарқатади.
Дарахтларнинг ишқидан сархуш қушлар тирикликка, ишққа ҳамд-у сано айтиб сайрашга тушади. Уларнинг чуғурлаши юракнинг бир торига келиб урилади ва юрак ҳам янги орзуларни куйлашдан маст бўлади… Кўнглимда тикланган манзарадан хушбахтланаман.
Ўзбекча тонг онамга ўхшаб кетади. Онамнинг каштали кўйлагини кийиб келади. Деразадан сирғалиб киради-ю кўзларимга соғинч билан тикилади. Тонгни тўйиб-тўйиб ҳидлайман. Ундан онамнинг ва Ватаннинг хуш бўйи келади.

Ҳалима АҲМЕДОВА

Бошқа хабарлар