ФАОЛИЯТГА ЯНГИЧА ҒАЙРАТ БИЛАН ҚАЙТМОҚДАМИЗ дейишмоқда санаторийларда саломатлигини мустаҳкамлаган ишчи-ходимлар

129

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоя­лар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили муносабати билан эҳтиёжманд, кўп болали, олис ва чекка ҳудудларда, мураккаб иқлим шароитида яшайдиган оилаларнинг 80 нафардан зиёд аъзоси «Умид гулшани» ва «Бўс­тон» санаторийларида бепул соғлигини тиклашди.

– «Умид гулшани» санаторийси саломатлигимни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнади, – дей­ди «Фарғона дон маҳсулотлари» АЖда ишловчи Зайнаб Юсупова. – Айниқса, маданий-маърифий тадбирлар, саёҳатлар ўзига хос ташкил қилинди. Пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига қилган саёҳатимиз-у, бу ерда ўтган ҳар бир кунимиз бир умрга ёдимизда қолди.
– Бошим ва оёғим оғрирди, – дей­ди Навоий вилояти Конимех туманилик Шоира Нурбоева. – Бу ерда олган муолажалар сабабли оғриқлар қолди.
Санаторийда даволанувчилар учун етарли шароитлар яратилган. Кўриклар замон талабларига жавоб берадиган ҳолда олиб борилади. Хоналар шунга мос жиҳозланган.
– Оила қурганимизга 12 йил бўлса-да, фарзандимиз йўқ. Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Ғаллаорол тумани кенгаши раи­­си Абдуҳаким Шакарбоев бизга санаторий ҳақида айтиб, йўлланма олишга кўмаклашди, – дейди Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида яшовчи Асқар Кўлибоев. – Бу ерда турмуш ўртоғим билан даволандик. Шароитлари зўр экан. Шифокорларнинг яқин йилларда албатта фарзанд кўрасизлар деган сўзи кўнглимизни тоғдек кўтарди.
«Бўстон» санаторийсида ҳам даволанганларнинг қувончи чексиз.
– Бўғим касаллиги безовта қиларди, – дейди Хоразм вилояти Гурлан туманидаги «Яхшимурот ворис­лари» фермер хўжалиги ишчиси Саломат Худойберганова. – Бу ердаги самарали муолажалар фойда бериб, дардни унутдим. Бунинг учун даволовчи шифокор Адолат Шорева, умуман, санаторийнинг барча ходимларидан хурсандман.
– Келган куниёқ барча беморлар тўлиқ текширувдан ўтказилди, – ­дейди «Бўстон» санаторийси директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Зуҳриддин Умархўжаев. – Уларнинг натижаларига асосланиб, замонавий технологиялар ёрдамида муолажалар олиб борилди. Невролог, уролог, кардиолог, гинеколог каби кўплаб ўз соҳасининг билимдонлари бўлган мутахассисларимиз маслаҳатларини олишди. Таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари, Чимён тоғларига ҳамда пойтахтимиз бўйлаб саёҳатлар уюштирилди. Умуман, уларнинг мазмунли дам олиб, соғлигини тиклаши учун барча имкониятлар ишга солинди.
Касаба уюшмаларининг ишчи-ходимлар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб бораётган бу каби ишларининг кўлами кенг. Зеро, соғлом вужуд ва кўтаринки руҳда ишхонасига қайтган кишининг ишида унум бўлади.

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар