Мажбурий меҳнатга биргаликда барҳам берамиз

132

Бугунги кунда мажбурий меҳнат ҳақида бот-бот сўз юритиляпти. Айниқса, пахта йиғим-терими бошланган айни кезларда бу мавзу ҳар қачонгидан кўра аҳамият касб этган бўлиб, шунга қарамай мажбурий меҳнат ҳақида ҳамма ҳам тўлиқ тушунчага эга, деб айта олмаймиз. Ҳолбуки, оддий фуқародан тортиб масъул раҳбарларгача у билан боғлиқ ҳолатларнинг иштирокчисига айланиши мумкинлигини инобатга олсак, бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш лозим бўлади. Хўш, мажбурий меҳнат ўзи нима?

Айтиш жоизки, инсон бирор меҳнат тури билан ихтиёрий бўлмаган тарзда шуғулланар экан, бу мажбурий меҳнат ҳолати юзага келганини англатади. Мажбурий меҳнатнинг турли кўринишлари мавжудлиги, бирор соҳа билан чекланиб қолмаганлиги ушбу муаммони бартараф этишдаги мураккаб жиҳатлардандир. Сир эмас, яқин-яқингача фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бюджет ташкилотлари ходимларини, ўқувчи ва талабаларни мажбурий меҳнатга — ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, қишлоқ хўжалиги юмушлари, металл чиқиндилар ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш одатий тусга кирганди.

Бугунги давр бунга батамом чек қўйиш зарурлигини кўрсатяпти. Давлатимиз томонидан ушбу йўналишда жиддий ҳаракатлар амалга оширилаётир. Албатта, муаммога барҳам бериш учун ўта собитқадам бўлишимизга тўғри келади. Фуқароларнинг меҳнат соҳасида ҳуқуқий онгини ошириш, жамоат назоратини таъминлаш, раҳбарларда қонунга нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантириш ва ҳуқуқий билимларини ошириш орқалигина мажбурий меҳнатга чек қўйиш мумкин.

Ўз-ўзидан савол туғилади: Хўш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида қандай ҳуқуқий асосларга суянишимиз керак? Энг аввало, айтишимиз лозимки, Асосий Қонунимиз – Ўзбекис­тон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланиши аниқ кўрсатилган.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан мажбурий меҳнатга оид иккита – Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-Конвенция ва Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисидаги 105-Конвенция ишлаб чиқилган бўлиб, улар ХМТнинг асос солувчи (фундаментал) конвенциялари ҳисобланади. Хусусан, 29-Конвенцияда мажбурий меҳнатга қуйидагича таъриф берилади: «Мажбурий меҳнат» атамаси ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф этмаган ҳар қандай шахсдан ҳар қандай жазолаш таҳдиди остида талаб қилинадиган ҳар қандай иш ёки хизматни англатади».

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 7-моддасига биноан: «Мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан, меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади».

Айтиш мумкинки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги қонуний талаблар ижросини таъминлашда жиддий амалий қадам бўлди. Қарорга мувофиқ, ҳокимлар, барча даражадаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига тегишли кўринишдаги мажбурий меҳнат ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва чек қўйиш, бундай ҳолат рўй берганда эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бериш вазифалари юклатилди. Шу билан бирга, ихтиёрий-мажбурий ҳашарлар ҳам тақиқланди.

***

Юртимиз пахта далаларида қизғин йиғим-теримга киришилгани бу масалада жиддий синов даври бошланганини англатади, албатта. Ҳукуматнинг 2018 йил пахта ҳосилини уюшқоқлик билан, нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида ва сифатли териб-йиғиб олиш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишида ҳам, энг аввало, йиғим-терим иштирокчиларига дала ва шийпонларда зарур шарт-шароит яратилиши, терган пахтаси учун муносиб ҳақ тўланишини таъминлаш ҳамда бошқа рағбатлантирувчи усуллар жорий этиш, ушбу қулайликларни ОАВ ва бошқа воситалар кўмагида кенг тарғиб қилиш асосида аҳоли вакилларини пахта теримига ихтиёрий жалб этиш кўзда тутилган. Яна бир эътиборли жиҳат, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторларини зарурат бўлганда бир ҳудуддан бошқа ҳудудга хизмат сафарига юбориш, терим мавсумида меҳнат муносабатларини амалга ошириш мақсадида меҳнат шартномалари ва келишув ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича методик ёрдам кўрсатиш, меҳнат муносабатларининг қонун талаблари асосида ташкил этилиши таъминланиши устидан назорат ўрнатиш вазифалари юклатилган бўлиб, бу ҳам терим суръати ва сифатини ошириш баробарида, ҳуқуқий ҳимояга эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари учун мўлжаллаб ишлаб чиқилган «Мажбурий меҳнат хавф-хатарларининг олдини олиш» бўйича услубий қўлланма пахта мавсуми билан боғлиқ мажбурий меҳнат ҳолатларига барҳам беришда яқиндан кўмакдош бўлишига шубҳа йўқ. Ушбу қўлланма барча манфаатдор вазирлик, идора ва ҳокимликларга етказилган бўлиб, унда халқаро меҳнат стандартлари, Ўзбекистон Республикасида меҳнат муносабатларини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасидаги ҳуқуқий негиз, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш фаолиятини олиб борувчи миллий институтлар ҳақида кенг тушунча берилган, шунингдек, мажбурий меҳнат хавф-хатарларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан тавсия­лар ўз аксини топган.

МУАММОНИНГ ЕЧИМИ ҚАЕРДА?

Пахта мавсуми бошланиши билан маълум бир соҳа вакиллари, масалан, тадбиркорлар, ўқитувчилар, шифокорлар ёки талабаларни  мажбурий тарзда теримга жалб қилишга уриниш­лар хотирамизга муҳрланган кўйи кўз ўнгимизда турибди. Атоқли адибимиз айтганидек, мозийга қараб иш тутмоқ хайрлидир. Шу каби ҳолат айнан ўзимиз билан юз берганда ёки бунга гувоҳ бўлганимизда қандай йўл тутишимиз лозим?

Албатта, бу борада биз учун қонун асосий ҳимоячи ҳисобланади. Мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига чек қўйиш, меҳнат муносабатларини тартибга солиш мақсадида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни бир мушоҳада қилиб кўрайлик-а. Қонунбузилиш ҳолатларини ўз вақтида бартараф этиш мақсадида вазирликлар ва масъул ташкилотлар фуқароларни муаммоларга ҳамкорликда барҳам беришга чақираётгани ҳам бежиз эмас.

Мисол учун, мажбурий меҳнатга йўл қўйилган ҳолатларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг «Юридик клиникаси» негизида жорий этилган аҳоли билан қайта алоқа механизми доирасида «Call-Center» ташкил этилган бўлиб, унга 1092 қисқа рақамли «Ишонч телефони» орқали мурожаат қилиб, юзага келган муаммога ечим топиш мумкин. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун қулай меҳнат шароити, меҳнат муҳофазаси таъминланиши, санитария­-­гигиена талабларига риоя қилиниши ҳамда сифатли озиқ-овқат ва вақтинча яшаб туриш учун турар жой билан таъминланишини текшириш мақсадида жамоатчилик назорати ташкил этилган.

Мавсум давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида йиғим-теримда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудида мониторинг ишлари амалга оширилади.

Шунингдек, Сизни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари кузатилса, меҳнат қонунчилиги ва меҳнат шартномасига зид юкламалар қўйилса, дарҳол тегиш­ли ташкилотларга мурожаат қилинг. Бу борада Бош прокуратуранинг 1007, Касаба уюшмалари Федерациясининг 1092 қисқа рақамлари ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг (71) 200-06-00 рақамига қўнғироқ қилишингиз ёки телеграмм тармоғида @paxta2018_bot, @mehnathuquqbot, @terimuzbot орқали ўз шикоятларингизни қолдиришингиз мумкин.

ПАХТАНИ КИМ ТЕРАДИ?

Айни пайтда пахта мавсуми йиғим-терим ишларида кўнгилли тарзда иштирок этишни ният қилган фуқароларга бўш вақтида қўшимча пул ишлаб олиш учун бир имконият бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини ҳам унутмайлик. Хўш, кўнгиллилар деганда кимларни тушунамиз?

Пахта теримидаги кўнгиллилар 18 ёшдан катта, муайян меҳнат билан банд бўлмаган, ишга лаёқатли, вақтинча ишсиз, айрим ҳолларда меҳнат ресурслари етмаган ҳудудга бошқа ҳудудлардан келиб теримда иштирок этишни истаган аҳоли, корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлайдиган – меҳнат таътилида ёки ўз асосий иш вақтидан бўш бўлган фуқаролардир. Пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш бўйича бирлашган кўнгилли теримчилар жамоаси терим отрядини ташкил этади.

Шунингдек, корхона ва ташкилот ходимлари асосий иш вақтидан бўш пайт­­да фермер хўжалиги билан шартнома тузиб, терим отрядлари таркибига кирмаган ҳолда кўнгилли теримчи сифатида пахта теримида иштирок этиш имкониятига ҳам эгадирлар.

– Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 30 августда қабул қилинган «2018 йил ҳосили пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори пахта йиғим-терим ишларида иштирок этадиган теримчиларнинг моддий манфаатдорлигини таъминлаш ва пахта етиштирувчи хўжаликларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш борасида муҳим ҳужжат бўлди, – дейди Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш бўлими мудири  Маҳмуджон Исаев. – Шу билан бирга, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, фуқароларнинг эркин иш танлашларини таъминлаш пахта хом ашёсининг жаҳон бозоридаги ўрнини белгилашда катта аҳамият касб этади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ихтиёрий тарзда пахта теримида қатнашиш истагидаги доимий банд бўлмаган ҳамда асосий иш жойига эга фуқаролар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги @terimuzbot телеграмм тармоғи, www.terim.uz сайти, шунингдек, 71-200-06-02 телефон рақами ва Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиши мумкин. Кўнгилли сифатида мурожаат қилган фуқаролар давлат томонидан транспорт хизматлари, ётоқ жой ҳамда тушлик билан бепул таъминланади.

ШАРОИТГА КЎП НАРСА БОҒЛИҚ

Пахта йиғим-теримига жалб этилаётганлар ҳам қулай меҳнат шароитларига эга бўлишга ҳақли. Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорида, жорий йилда пахта йиғим-терими отрядларидаги ҳашарчиларни тўлиқ таъмирланган ва барча шароитларга эга биноларга жойлаштириш белгиланган. Уларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, кўчма савдолар, маданий дастурлар ташкил этилиши ва тиббий хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилиши зарур. Усти очиқ машиналарда одам ташиш тақиқланади, ҳашарчилар ётоқ жойлари, пахта қабул қилиш масканларида ёнғин хавфсизлиги чораларининг кўрилиши шарт. «Ўзбек­энерго» АЖ томонидан теримчилар жойлаштирилган ётоқ жойларини техник талаблар асосида электр энергияси ва тунги чироқлар, «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан эса суюлтирилган газ билан таъминлаш, овқат пишириш ускуналарига газ етказиб беришда хавфсизлик талаблари бажарилиши даркор.

Пахта йиғим-теримида қатнашадиган ҳашарчилар ётоқхоналарида кеча-ю кундуз соғлиқни сақлаш ходимларидан иборат навбатчилик ташкил этилиб, зарур миқдорда дори воситалари ва дори қутилари етказиб берилади.

 

ТЕРИМ  ҲАҚИ: УНИ ЯХШИЛАБ  ҲИСОБЛАНГ

Мавсум давомида отряд раҳбарларига жамоа томонидан терилган 80 тонна пахта хом ашёси учун 1,0 млн. сўм ва 80 тоннадан ошган ҳар бир тонна учун 50,0 минг сўмдан иш ҳақи тўланади. Бунда терим отряди томонидан мавсум давомида 80 тоннадан кам пахта терган тақдирда, уларга иш ҳақи амалда терган пахтанинг миқдорига мутаносиб равишда тўлаб берилади. Қолаверса, Солиқ кодексининг 179-моддаси 33-бандига мувофиқ пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинадиган жисмоний шахслар, жумладан, отряд раҳбарлари томонидан бу ишларни бажарганлик учун олган даромадларига солиқ солинмайди. 308-моддага мувофиқ эса ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари ҳам ҳисобланмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 сентябрдаги қарорига асосан жамоат ишларига жалб этилаётган жисмоний шахслар Жамоат ишлари жамғармаси маблағларидан оладиган даромадлари бўйича даромад солиғидан озод қилинмоқда. Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган жисмоний шахслар меҳнатига тўланган ҳақ сифатида олинган даромадлар ягона ижтимоий тўловга ҳам тортилмайди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги қарорига мувофиқ, 2018 йил ҳосилидан бошлаб пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган жисмоний шахс­лар томонидан ушбу ишларни бажарганлик учун олинадиган даромадларга фуқароларнинг бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ҳисоб­ланмаслиги ҳам белгиланган.

Давлат эҳтиёжлари учун контрактация шартномасида белгиланган миқдордан ортиқча топширилган пахта харид нархларига Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча 15 фоиз миқдорда устама амалга оширилади.

Аёнки, бундан буён пахта йиғим-теримини самарасиз усулларда, яъни барчани бирдек мажбурий жалб қилган ҳолда ташкил этишга йўл қўйилмайди. Собиқ тузум давридан мерос қолган ва яқин-яқингача бизни таъқиб этган пахта сиёсати ниҳоят барҳам топди. Зеро, ихтиёрий қилинган ҳар қандай юмушга барака ёғилади ва бу барака барча учун хайрли бўлади. 

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси

билан ҳамкорликда тайёрланди

Бошқа хабарлар