КЕКСАЛАР ФАҚАТ ЧОЙХОНАГА БОРАДИМИ? ёхуд нуронийлар учун спорт клублари керакмасми?

33

Ҳаётни мазмунли ўтказиш кишини шарафларга буркайди. Ёшлик, кексалик, умуман, қайси бир даврда яшамайлик, яратган томонидан тортиқ қилинган туҳфа – умрнинг қадрига етмоғимиз лозим.

«Қариси бор уйнинг париси бор», деб бежизга айтилмайди. Чунки ёшлар тарбиясида нуронийларнинг ўрни бўлакча. Ҳаётга  қарашлари ҳам. Яқинда таҳририятимизга бир гуруҳ отахонлар ўзларини қийнаб келаётган масала ечимини топиш илинжида мурожаат қилишди. Вазиятни ўрганиш мақсадида кеч соат олтиларда пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Зулфияхоним» МФЙ, 17-уйда жойлашган  «Морж» жисмоний соғломлаштириш хайрия жамияти кўринишидаги спорт клубига бордик.

Маълумотларга кўра, бундан 50-60 йил олдин пенсиядаги қариялар учун очилган «Морж» жисмоний соғломлаштириш хайрия жамияти илгари «Пахтакор» стадиони яқинида жойлашган бўлиб, 2013 йили айрим сабаблар билан ҳозирги жойга кўчирилган. Айни пайтда жамоадагиларнинг сони 50 нафар атрофида. Клуб ёши улуғларга мўлжаллангани туфайли у ердагилар маълум даражада бўлса ҳам соғлом ҳаёт тарзига риоя этиш мақсадида бадминтон, шахмат-шашка ва сузиш спорт турлари билан шуғулланади.

– Қарилик даврида инсон ҳаракатланмаса, ётиб қолиши мумкин. Ёшим 60 дан ошган, лекин айни дамда, яъни клубга қатнай бошлаганимдан буён шижоатим ёшларникидан кам эмас, – дей­ди Нусрат Валиев. – Ҳаётимни ўзим севган спортнинг дзюдо туридан ёшларга сабоқ беришга бағишладим. Икки маротаба халқаро даражадаги олимпиада ўйинларида жамоага мураббийлик қилдим. Пенсияга чиққанимдан кейин бекорчиликданми ёки қариликданми – оғир бетоб бўлиб, ётиб қолдим. Докторга борганимда энди пенсия­­га чиқиб уйда дам олиш ўй-хаёлларини унутишим кераклигини айтди. Ва дори-дармонлар ўрнига энг яхши муолажа сифатида жисмоний тарбия билан шуғулланишни тавсия қилди. Унинг маслаҳатига биноан нонуштадан олдин ва кечки овқатдан кейин кун тартибимга ўзгариш киритдим. Ҳам сайр, ҳам жисмоний ҳаракатни йўлга қўйиш учун велосипед сотиб олдим.

Кунлардан бир кун қуёш ботар маҳал велосипедда айланиб юрганимда, бир гуруҳ мен қатори нуронийларни маҳалладан ўтган анҳор бўйидаги  кичик спорт майдончасида кўриб қолдим. Улар сафига қўшилиш истагим борлигини билдирганимда, очиқ чеҳра билан қабул қилишди. Айни пайтда бу ерга келиб спорт билан шуғулланиш имконига эгалигимдан хурсандман.

Клубга аъзолик чекланмаган. Хоҳлаган одам келиб қўшилиши мумкин. Ёш мураббий Фарҳод Ҳасановнинг таъкидлашича, ёш авлод вакилларига катталар, шубҳасиз, ўрнак бўлишмоқда. Атрофдаги ёшлар ўйинга ҳаваси келганидан бўш вақтлари бу ерга келиб, нафақахўрларга қўшилиб, спорт машқларида иштирок этиб туришаркан.

Ҳа, катталар ёшлар учун катта ҳаёт мактабидир. Эҳтимол, янада порлоқ келажак қуришда болалар спорти қатори қариялар спортига янада кўпроқ эътибор қаратилса, улар ҳаётда орттирган илм ва ­тажрибаларини машғулотлар баҳона ёшларга улашиш имконига эга эканликларидан янада шод ва миннатдор бўлишармиди?..

Инсоннинг қўли гул. Шу туфайли у қуёшнинг қайноқ, заррин нурларида қовжираб ётган чўл-у тошлоқ  ердан баҳри дилни очадиган боғ-у бўстон яратади. Табиат инъом этган мўъжизалардан унумли фойдаланиб, тилларга достон санъат асарини муҳайё қилади. Клуб аъзолари бўлган отахонларнинг айтишича, бундан 5 йил олдин бу ер ҳеч вақоси йўқ очиқ майдон бўлган. Узум, анор, нок, олма сингари мевали дарахтлар билан бирга арча, терак каби манзарали дарахтлар экиб, парваришлашмоқда. Ўйингоҳ атрофи сўлим бир манзара касб этаётгани ҳам, аслида, шундан.

Бу ердаги барча шароитлар: машғулот майдончалари, буюмлар қўйиладиган шкафлар, кийим алмаштирадиган жойлар, шахмат-шашка столлари ва ҳатто дам олиш ўриндиқларини ҳам жамоа ҳамжиҳатликда ташкиллаштиришган. Билишимизча, бунда заҳматкаш камтар оқсоқол Юра Копчинскийнинг хизматлари катта.

Яқинда ҳар йилги анъанага содиқ қолган ҳолда мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами муносабати билан жамоа ўртасида бадминтон ­бўйича мусобақа ўтказилибди.

– Мусобақада эркаклар ўртасида 58 ёшли Рихсивой Ғозихонов ва 60 ёшли Жаҳонгир Рустамов 1-ўрин соҳиблари бўлишди. 61 ёшли Нусратулла Валиев ва 65 ёшли Неъматилла Ортиқов 2-ўринни қўлга киритишди. Аёллар ўртасида эса 53 ёшли Фирдау­с Деменская 1-ўринни эгаллаган бўлса, 57 ёшли Олия Вилдамова  2-ўринга сазовор бўлди, – дейди 76 ёшли Саша Гаврилов.

Мутахассисларнинг фикрича, спорт ўйинлари инсонни тетиклаштиради. Чарчаган ҳужайраларни қайта тиклашга кўмаклашади. Нима бўлганда ҳам ёш ўтган сари инсон кўпроқ ҳаракатланиши лозим. Шу сабабли клуб аъзолари ёзнинг иссиқ кунлари тушликдан сўнг соат 16-17лар атрофида қадрдон майдончасига ошиқишади.

65 ёшли шифокор Неъматилла Ортиқовнинг сўзларига қараганда, уларнинг аксарияти турли касб эгалари бўлишига қарамай, бир-бири билан қадрдон оға-инидек бўлиб кетишган.

– Баъзида ўзим қаторилар чойхонага кел, ош дамлаймиз, гурунглашамиз, деб таклиф қилади, – дейди Неъмат ҳожи ака. – Аммо вақтни беҳуда ўтказишдан нима фойда?..

Бир-биридан самимий, оқил, кўпни кўрган, файзли инсонлар билан қурган самимий суҳбатимиз бизга хуш кайфият бағишлади.

Улар суҳбат асносида ўз муаммолари ҳақида ҳам сўз очишди. Айтиш­ларича бу ҳудуд Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтига қарашли жой ҳисобланади. Ундан фойдаланиш учун институт билан шартнома ҳам тузилган. Бироқ айрим кишилар институт раҳбариятига шикоят қилишган. Уларнинг етказган маълумотларига кўра, «бир гуруҳ қариялар жамоаси  гўёки бу ерни ўзига хос маишат ­масканига айлантириб олганмиш».

Бу нотўғри маълумот сабаб уларнинг бу ердан кетишини, яъни жойни бўшатиб беришни талаб қилишмоқда. Нима сабабданлиги суриштирилса, ёлғон маълумотлар асосида «яхши ном» чиқарган жойга энди болалар спорт майдончаси барпо этишни режалаштиришибди. Бироз вақт ўтиб эса «бадминтон ўйингоҳининг ёнидан қурилаётган катта бино учун машина қўйиладиган автотураргоҳ бўлармиш», деган миш-миш­лар ҳам тарқалган.

– Жамоа мени ўзига фахрий раҳбар сифатида сайлаб олган. Шунинг учун нафақат ҳудудга, балки аъзоларга ҳам жавобгарман, – дей­ди Арс­лон Элов. – Бир нарсага ҳайронман: қандай қилиб спорт билан шуғулланадиган инсонлардан жамиятни кемирувчи ичкиликбозлик, кашандалик, маишатпарастлик сингари иллатлар чиқиши мумкин? Келиб вазиятни ўрганиб, кўриб кетишаётган бўлса ҳам ерни олиш мақсадида биз ҳақимизда бундай сафсаталарни тарқатаётганларни қандай аташни ҳам билмай қолдик. Ўйлаб кўринг: нафақага чиққунга қадар жамиятдаги муҳим соҳаларда фидокорона ишлаган одамлардан бундай ножоиз ишлар чиқиши мумкинми? Биз жуда ҳам таассуфдамиз, дейишмоқда улар. Аслида, ҳаётининг қолган дамларини ҳам мазмунли ўтказиш иштиёқи уларни бирлаштириб тургани яққол кўриниб турибди. Минг афсуски, баъзи одамларнинг гап-сўзи билан обод қилинган мас­канни буз­моқчи бўлиб туришибди.

Соғлом ҳаётни кенг тарғиб қилиш – энг олий мақсад. Оддийгина, ўзига хос жисмоний машқлар билан шуғулланадиган хусусий, пуллик жойларга борсангиз, вақтни соатбай қилиб чегаралаб қўйишган. Аксинча, бу ерда мутлақо бепул, хоҳласангиз 2 соат ёки ундан ҳам кўпроқ шуғулланишингиз мумкин. Ҳамма бир-бирига ва машғулотларга жуда ҳам ўрганиб қолган. Ҳатто бир-икки кун кўринмай қолсангиз хавотирга тушишади ҳам.

– Агар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ушбу спорт майдони бизга расмийлаштириб берилса, бу ерга набираларимизни ҳам ўзимиз билан олиб келардик. Улар жамоадаги Нусрат Валиев, Олия Вилдамова, Фарҳод Ҳасанов сингари спорт усталаридан кўп нарсаларни ўрганиш имконига эга бўларди.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қудратилла Мўминовнинг айтишича, клубга йиғилганлар соғлом ҳаёт тарзига риоя этадиган, ичиш, чекишни ўзи ва атроф­дагиларга раво кўрмайдиган элнинг ҳурматига лойиқ нафақадаги инсонлардир. Неча маротаба ҳол-аҳвол сўраш баҳонасида кўргани борса, қишин-ёзин бир гуруҳи бадминтон, бошқа бир гуруҳи шахмат-шашка ўйнаса, яна қолганлари сузиш билан машғул эканлиги устидан чиққан. Яқинда ҳудудда давлатимиз раҳбари топшириғига асосан ташкил этилган жамоатчилик комиссияси ўтказган мажлисда клуб аъзоларига жой ажратиб бериш борасидаги муаммо ҳам кўтарилди. Бу масала ҳал бўлса, нур устига нур бўларди.

Шукрки, болалар учун спорт майдончалари ва заллар етарлича қуриб, фойдаланишга топширилган. Бироқ нафақадаги, ёши катталар учун жисмоний тарбия билан шуғулланадиган жойлар дея­р­­ли йўқ эканлигидан асло кўз юма олмаймиз. Айниқса, мана шундай хайрия жамиятлари, афсуски, ҳеч қаерда ташкиллаштирилмаган. Ҳақли савол туғилади: ёш авлод тарбиясида муҳим ўрин эгаллаган кексаларимизга спорт майдонлари керак эмасми? Мутасадди ташкилотлар бунга нима дейди?

Маҳлиё УМИРЗОҚОВА,

«Ishonch»  мухбири

 

Бошқа хабарлар