МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ ВА ХАВФСИЗЛИГИ самарали фаолият кафолати

60

Хоразм вилоятида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си ташаббуси билан «Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш – меҳнат унумдорлиги гаровидир» мавзусида минтақавий семинар ўтказилди. Мазкур тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си Кенгаши, Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекция­­си, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги йирик компаниялар, акциядорлик жамиятлари ва корхоналар соҳа мутахассислари, касаба уюшмалари фаоллари, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар иштирокида ташкил этилди.

Анжуманда аҳолига янги, экологик тоза маҳсулотлардан фойдаланиб, муносиб меҳнат шароитлари яратган ҳолда экологик инқироз­­ни бартараф этишга қаратилган «яшил иш ўринлари» барпо этиш, иш жойида ходимлар руҳиятига таъсир этувчи омиллар, уни бошқариш усуллари, хавфни бартараф этиш механизмлари ва ишчи-ходимларнинг самарали меҳнат фаолияти олиб боришлари учун ҳуқуқий асос­ларни янада мус­таҳкамлаш масалаларига алоҳида ­эътибор қаратилганлиги  қайд этилди. Шу билан бирга, меҳнат органлари ҳамда касаба уюшмалари иштирокида ишлаб чиқилаётган меҳнатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари, уларни такомиллаштиришга оид масалалар, Давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга киритилаётган ўзгартишлар, пенсия тизимига оид концепциянинг мазмун-моҳияти, ногиронларга яратилаётган иш ўринлари, болалар ва аёллар меҳнатидан зарарли ва хавфли омиллар таъсиридаги шароитда фойдаланиш тақиқланганлиги хусусида муфассал тушунча берилди.

Иш жойларида содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларига чалинишнинг олдини олиш ҳамда меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни янада кучайтиришга қаратилган тадбирларнинг долзарблиги таъкидлаб ўтилди.

Ижтимоий соҳани ривож­лантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимояси ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, хо­­­­­­­­тин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш каби масалаларда касаба уюшмалари тизимида мингдан зиёд ходимларнинг иш ўринлари хавфсизлиги, коллеж битирувчиларига яратилган хавфсиз меҳнат шароитлари ўрганилгани ва иш берувчиларга тегиш­ли таклифлар киритилгани маълум қилинди.

Семинарда соҳани тартибга солувчи корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари ишини ташкил этиш, ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, ўқитиш, билимларини синаш, давлат экспертизаси ўтказиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш аудити тартиблари бўйича янги қабул қилинаётган ҳужжатлар ҳақида ҳам тушунчалар берилди. Шунингдек, иш берувчилар ва ходимлар ўртасида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоат назорати самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди. Халқаро меҳнат ташкилоти экспертларининг тажрибалари ўрганилиб, ушбу масала юзасидан таклифлар билдирилди.

Ходимларга яратилган муносиб меҳнат шароитлари, иш ўринларининг хавфсизлиги масалалари таҳлил қилиниб, Ўзбекис­тонда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар намунали ташкил этилаётгани ­эътироф этилди.

Тадбир доирасида респуб­ликамизнинг турли жабҳаларида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар ўзларининг кўргазмаларини намойиш этишди.

Семинар амалий машғулотлар билан уйғунлаштирилиб, мутахассислар ижтимоий ҳамкорлик, ходимларга яратилган меҳнат шароит­лари ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил фаолияти билан танишиш мақсадида вилоятдаги «Урганч­трансгаз» шўъба корхонасига ташриф буюрдилар ҳамда Ўқув маркази билан ҳам тажриба алмашдилар.

Семинар якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари  

Федерацияси  Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими

Бошқа хабарлар