Ишончни оқлаш – юксак шараф

54

«Касаба уюшмаси тизимига кирдингми, ўзингдан ҳам олдин ишловчилар манфаатини ўйлашинг шарт, бошқалар шахсий ташвишлари дея бош қотирган пайтда сен ишонч билдирган инсонларнинг тақдири, фаолияти ҳақида ташвиш чекишга мажбурсан. Зеро ҳар бир ходим иш ҳақидан бир фоиз маблағни касаба уюшмасига ўтказар экан, ўз ҳимояси учун суғуртани амалга ошираётгандек бўлади. Бу ишончни оқламас экансан, топганинг ҳеч қачон буюрмайди». Бу сўзларни Муҳайё Ғаффоровага илк бора касаба уюшма тизимига қадам қўяётган кезлари ўша пайтдаги Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Наманган вилоят кенгаши раиси Роза Деҳқонова айтган эди.

– Қай бир ишга қўл урсам, устоз Роза опанинг ўгитлари хаёлимдан ўтади, – дейди у. – Ўзимга ўзим савол бераман: шу ишим тўғри ва адолатлими? Иккилансам, опага телефон қилиб, маслаҳат оламан. Муҳими, аъзоларнинг кўнглини совутмаслик.

М. Ғаффорованинг Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар кенгаши раиси сифатида иш бошлаганига тўққиз йилдан ошди. У бу давр оралиғида етакчи сифатида тобланди, аъзоларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш, кўнгилга малҳам бўла билиш ҳадисини олди.

– Аъзоларимизнинг аксарияти маълумотли, оқ-у қорани таниган инсонлар, – дейди кенгаш раиси. – Ўзига нисбатан қилинган адолатсизликка қонуний чора топишни истайди улар. Мана шу истакнинг ижобати бизнинг фаолиятимиз натижасига боғлиқ. Бу биз учун катта масъулият ҳамда шарафдир.

Шу ишонч кучи билан жорий йил бошидан бери ноқонуний равишда меҳнат шартномаси бекор қилинган 11 нафар ходимни ишга тиклашга эришилди. Шаҳар кенгашига тушаётган ёзма ва оғзаки мурожаатларнинг барчаси қонуний равишда ўз муддатида кўриб чиқилиб, улар бўйича тегишли маслаҳатлар бериб келинмоқда. Масалан, Наманган муҳандислик қурилиш институти қошидаги академик лицей АРМ етакчи мутахассиси Лолахон Назарова туғиш таътилидан сўнг ишга тикланди. Наманган шаҳридаги 49-мактаб-интернатнинг бир қатор тарбиячи ва мураббийларига иш ставкалари тиклаб берилган бўлса, 9-умумий ўрта таълим мактаби психологи Маҳмуда Маматовага туғиш таътили пулини ундиришга кўмак­лашилди. 52-, 54-, 57-МТМ мудиралари З. Инамова, Р. Жўрабоева, ­Ф. Темурбулатовалар ўз лавозимига тикланди.

Узоқ йиллар меҳнат қилиб, пенсия ёшига етган ходимларни тантанали кузатиш тадбирлари ташкил этилиб, муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётир. Бу нафақат нуронийларимизни қувонтирмоқда, балки ёш ходимларга ўз вазифасига ёндашишда  мотивация вазифасини ҳам ўтамоқда. Шу йилнинг ўзида 25 нафар пенсия ёшидаги шахсга пенсияга чиқишдан олдин бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш ҳамда 25 нафар ходимни юбилей саналари муносабати билан қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш ишлари ташкиллаштирилди. 69 нафар ишламайдиган пенсионерга моддий ёрдам кўрсатилди. Фаол касаба уюшма аъзолари ҳамда ишлаётган меҳнат фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Наманган шаҳридаги 7-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Г. Эрматова «Турон», 62-мактаб директори М. Мақсудова «Зомин», вилоят театри актёри А. Тожибоев «Чортоқ» сиҳатгоҳларида бепул соғломлаштирилди.

Фарзандлари 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган 20 нафар ёш онага моддий ёрдам кўрсатилди. 10 нафар корхоналар ходимларининг фарзандларига чет тилларни ўрганишда моддий кўмаклашиш мақсадида 500 минг сўм ажратилди. 140 нафар кам таъминланган ёш оилалар вакилларига 11 млн. 200 минг сўм моддий кўмаклашилди. 128 та тармоқ корхонасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 135 нафар фарзанди учун ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатларини қоплаш учун 6 млн. 750 минг сўм маблағ сарфланди.

Тармоқ муассасаларида иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликка йўл қўймаслик юзасидан ўтган давр мобайнида барча бошланғич касаба уюшма ташкилотларидан олинган маълумотлар таҳлил этилганда, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлардан муддати ўтган қарздорлик қайд этилмади.

Меҳнат муносабатларининг бузилиши бўйича таҳлиллар эса бу борадаги келишмовчиликлар асосан қонунни яхши билмасликдан келиб чиқишини кўрсатди. Бу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун тармоқ касаба уюшмаси шаҳар кенгаши тизимдаги ташкилот ва муассасаларнинг иш берувчилари, кадр­лар инспекторлари ва иш юритувчилари билан доимий равишда ишни қонуний ташкил этиш, ҳужжатларни юритиш ҳамда меҳнат қонунчилигига амал қилиш юзасидан ўқув-семинарлар ўтказиб келмоқда. Семинар якунларида эса Ўзбекис­тон Республикаси Меҳнат кодексининг янги таҳрирдаги китобларини тарқатиш йўлга қўйилди.

Маънавий-маърифий ҳордиқ онларини улашиш мақсадида 142 нафар фаол касаба уюшма аъзолари ва меҳнат фахрийларининг Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларига саёҳатлари уюштирилди.

Нодавлат сектордаги корхона, ташкилот ва муассасаларда янги касаба уюшма ташкилотларини тузиш, ишловчиларни ҳимояга олиш бўйи­­ча шаҳар кенгаши томонидан ўтказилган мажлис ва йиғилишларда ҳисоботлар эшитиб борилиб, танқидий таҳлил этилди ва бу борада самарали иш олиб бориш вазифаси топширилди. Ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган 36 та нодавлат ташкилотда янги касаба уюшма ташкилотлари тузилди ҳамда у ерда ишлаётган 355 нафар ишловчи аъзоликка қабул қилиниб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимояси таъминланди.

Касаба уюшмаларига қарашли санаторийларда ўтган давр мобайнида тизимдаги муассасаларда ишлайдиган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларидан 132 нафари ижтимоий суғурта ва касаба уюшма маблағлари ҳисобидан имтиёзли равишда соғломлаштирилди.

Хуллас, қилинаётган ишлар кўп, энг муҳими, уларнинг ортида одамларнинг розилигига эришиш мақсади турибди.

 

* * *

– Илгари табиий бойликларга эга мамлакатлар энг бадавлат ҳисоб­ланган бўлса, ҳозир одамлари ғайратли бўлган юртлар тараққий этиб, бойиб бормоқда, – дейди Муҳайё Ғаффорова. – Атрофимдагилар, хусусан, ҳар бир бошланғичдаги раисларга аъзолар манфаати йўлида тиним билмасликни, ташаббускор бўлишни маслаҳат бераман. Чунки фақат олға интилиш орқалигина ўзимизга билдирилган юксак ишонч­­ни оқлай оламиз.

Дилдора РАҲМОНОВА,

«Ishonch» мухбири

 

Бошқа хабарлар