Қўшиққа айланган кўнгил

91

Нурота тизма тоғларининг Қоратоғ тизмалари орасида жойлашган Гараша қишлоғи. Ўртадан катта сой оқиб ўтади. Накурт тоғларига сирдош Бургутли чўққисига туташ Розмос тоғи этакларидаги булоқлар ирмоқлар ҳосил қилиб, қўшилиб, тўлқинланиб, мана шу катта Гарашасойни пайдо қилади ва оқибат этакда Накуртсой билан бирлашиб, Тўсинсой сув омборига қуйилади. Тўсинсой ўз йўлида Зарафшон дарёсига туташади.

Камарлар, адирлар, дара ораларидаги кичик-кичик қишлоқларда яшовчи бу халқда ўзига хос некбинлик бор. Катта-ю кичик ниҳоятда илмга чанқоқ. Ўқитувчилар ҳам шунга яраша – ўта талабчан. Ҳар қандай ўқувчини билимдон қилиш учун интилишади. Уларнинг қўлида ўқиган борки, ўзига, қишлоғига сиғмай қолади. Кенгликлар истаб, ўзлигини англаш, билимини янада бойитиб, уни эл-юрт хизмати учун сарфлашни кўнглига тугиб парвоз қилади. Йирик шаҳарларимизда ўқийди, изланади, ҳалоллик ва соф­дилликни шиор қилиб, асло кам бўлмайди. Шу қишлоқда туғилиб, турфа соҳаларда фаолият кўрсатиб келаётган, эл-юрт ичида катта ҳурмат-у ардоққа сазовор бўлганларнинг сон-саноғи йўқ. Улар Ўзбекистон халқ ҳофизи Эсон Лутфуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Саъдулла Ҳаким, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Холхўжаев…

Шу ўринда ана шу қишлоқда кўз очган яна бир булоқ, айни пайтда ўзанини тўлдириб оқиб, элга «обиҳаёт» элтаётган Ўзбекис­тон Республикаси санъат арбоби Баҳрулла Лутфуллаев билан боғлиқ давраларда кўп кўрганим – баъзи ҳолатлар кўз олдимда жонланади. Бу жайдари инсон ўзига сўз берилса, мингта сиз-биздан битта жиз-биз яхши дегандек, гапни қисқа қилади. Ўша бир оғиз сўз билан ҳам катта гапни айта олади. Шунисига ҳамма «беш» кетади.

– Олтмишинчи йилларнинг ўрталари. Юқори синфни Гарашадаги 88-мактабда ўқишга тўғри келди, – дейди назаркарда шоир Азим Суюн. – Бу мактаб жуда машҳур эди. Ўқиб чиққанлар институт, университетларга тап тортмасдан ҳужжат топширар, ҳеч қийналмасдан кириб кетарди. Менда ҳам шу мақсад бирламчи эди. Ўша пайтлари эл ичида назарга тушган Амрулла ҳофиз қўшиқларини тўйларда эшитганим бор эди. У тенгқурим Баҳрулла Лутфуллаевнинг отаси бўлиб, бу оила азал-азалдан эл-юрт ҳурматини қозонган ҳофизлар оиласи эди. Шу сабабданми Тошкентга келгач Баҳрулла Лутфуллаев билан янада қалинлашиб кетдик. У бир қанча шеърларимга куй басталади.

Ўзбек халқининг севимли бастакорларидан бири, одамохун бу дилбар инсон билан яқин дўстмиз. У кўплаб куйлар яратиб, эл-юрт ичида шуҳрат қозонди. Айниқса, у яратган куйларда Гарашасой сувлари шилдираши, тоғ ҳавоси эпкини, гиёҳларнинг хуш бўйини сезаман. Ўзимга таниш бу жиҳатлардан юрагим ҳапқиради.

Бу фикрлар ҳам ёши етмишни қоралаган бўлса-да, етти ёшлининг кўнглига эга, овози ўша-ўша ўктам Баҳрулла Лутфуллаев ҳақида нимадир ёзиш ҳақидаги қароримни қатъийлаштирди. У кишини яқиндан таниш, дилдан суҳбатлашишни мақсад қилиб, Санъат ва маданият институти томон отландим.

Ҳаётини санъатга бахшида этгани боис унинг ичида яшаётган, айни дамда олийгоҳда Вокал кафедраси профессори бўлган Баҳрулла Лутфуллаевни талабаларга қўшиқчилик санъатидан сабоқ бераётган ҳолатда учратдик.

 

Зулфи ҳалқа-ҳалқа у кўзи қаро

бу ердадир,

Боқиши шафқатли-ю, нозик адо

бу ердадир.

 

Киприги – ханжар, карашма – тиғ-у

кўз ташлаш яшин,

Гар шаҳид бўлмоқчи эрсанг, Карбало

бу ердадир.

 

Бобурийлар сулоласидан Аврангзебнинг қизи Зебунисо бегим қаламига мансуб «Самарқанд ушшоғи» янграмоқда. Кўзларини чирт юмганча ўзи куйлаётган қўшиқ сеҳридан сархуш ҳофиз бутун борлиқни унутган. Севимли шоиримиз Абдулла Орипов «Муножотни тинглаб» шеърида айтганидек, «Эшилиб, тўлғаниб ингранади куй». Ҳавони тўлдириб, қанот ёзаётган оҳанг аудиторияни тобора эгаллаб боради, талабалар ширин тушни ҳуркитишдан чўчигандек лаблари пичирлаб, унсиз жўр бўлади: «Карбало бу ердадир…»

 

Берса ҳам жаннатни, алданма

кишилар сўзига,

Бир қадам майхонадан жилмаки,

жо бу ердадир.

 

Каъбага бормоқ на ҳожатдур, агар

дил овласанг,

Беҳуда йўллар кезар бу халқ-у, жо

бу ердадир…

 

Овози гоҳ титраб, гоҳ шира боғлаб, гоҳ ўктамлашиб куйлаётган ҳофиз амалий машғулотнинг фойдасини яхши билгани боис ўзи куйлаб, шогирдларини санъатнинг соҳир оламига олиб кирарди.

…Ёш Баҳрулладаги иқтидор жуда эрта бўй кўрсатди. Буни илғаган отаси Амрулла ҳофиз уни беш ёшидаёқ мактабга етаклади. Фикри теран, сўзлари бурро, кўзлари чақнаб турган болакайни мактаб раҳбарияти ҳеч иккиланмай қабул қилишади. Синфдошларидан ёши кичик бўлса-да, у сабоқни тез ўзлаштириши, ўқитувчиларни саволга кўмиб ташлаши, қизиқувчанлиги, тиришқоқлиги, айниқса, мусиқага бўлган муҳаббати каби жиҳатлари билан улардан олдинда эди.

Тошкент маданий-оқартув техникумида Абдусамад Илёсов, Мирсаъди Умаров, Қобилжон Орипов, Рўза Бектошева каби ажойиб устозлар қўлида сабоқ олди.

– Тошкент давлат консерваториясининг хор режиссёрлиги бўлимида ўқидим, ижодий фаолият билан бирга Ўзбекис­тон радио­сида хор артисти, бош арместр, дирижёр, мусиқий эшиттиришлар бош муҳаррири лавозимларида 23 йил ишлаб­ман, – дейди Б.Лутфуллаев. – 1983 йилда яна консерваторияга бастакорлик ихтисос­лиги бўйича ҳужжат топширдим. Ўқишим битгач, «Ўзтелерадиокомпания»да мусиқа студиясининг бош муҳаррири бўлиб ишладим.

– Тошкентда ўқиб юрган кезларим акам Эсон Лутфуллаевнинг хонадонида яшаганман. Бу ҳаётимда катта ўзгариш ясади. Бу уйда эл суйган ҳофизлар Фаттоҳхон Мамадалиев, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Орифхон Ҳотамов каби кўплаб санъаткорлар суҳбатидан баҳраманд бўлдим, маслаҳатларини олдим. Фаттоҳхон Мамадалиев акам билан яқин ўртоқ эди. Андижондан Тошкентга йўли тушса, тўғри уйига келарди. Суҳбатлари жуда мароқли кечарди, қўшиқ куйлашар, назаримда, улар бир-бирига узилмас ришта билан боғланган эди. Фаттоҳхон ака Эсон акамнинг, Эсон ака Фаттоҳхон аканинг санъатини жуда-жуда қадр­ларди.

Ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўшанда кўклам эди. Дилкаш мулоқотлардан бири бўлаётган кунда уларга чой олиб киргандим. Устоз санъаткор акамдан бу йигит ким, деб сўраб қолди. У киши укам бўлади, куйлар яратишга жудаям қизиқади, композитор бўлмоқчи, насиб этса, албатта ниятига етади, деди. Шунда Фаттоҳхон ака қўлини дуога очди.

Шу-шу бўлди-ю улуғларимиз билан яқин бўлиб қолдим. Мана, кўриб турганингиздек, уларнинг дуосини олиб, этагидан тутиб кам бўлмадим.

Қаерда ва қандай лавозимда фаолият юритишидан қатъи назар Баҳрулла Лутфуллаевнинг бош мақсади ҳамиша ўзбек мусиқа санъатини асраб-авайлаш, бойитиш ва ривожига муносиб ҳисса қўшиш бўлган. Шу боис яратган асарлари билан эл ичида танилди, обрў топ­­ди. «Самарқанд ушшоғи», «Ёр истаб», «Ҳазилкаш шоҳ», «Мангу машъал», «Тақдир», «Алпомишнинг қайтиши» каби 13 та мусиқали драмаси, солист ва хор учун «Ҳур Ўзбекистон», «Тошкентим бор» сюиталари, «Она» поэмаси, «Фироқ» хор туркуми ва бошқа бир қатор мусиқали драма ҳамда хор учун яратилган кўплаб дурдона асарлари ўзбек мусиқаси хазинасини ­бойитди. Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг олтин фондида унинг 300 га яқин мусиқа асарлари сақланмоқда.

– Устоз Баҳрулла Лутфуллаев билан бир кафедрада фаолият юритамиз. Жуда камтар, оғир-вазмин инсон. Йўл-йўриқ кўрсатади. Бизнинг вазифамиз талабага овозига мос тушадиган асар танлаб беришдир. Бунда талабанинг юки, уни кўтара олишига қараймиз. Агарда нотўғри йўл тутиб қўйсак, овози бузилади, меъёрида куйлай олмайди. Бу борада ҳамиша устознинг маслаҳати асосида иш тутаман, – дейди Вокал кафедраси ўқитувчиси Диёра Раҳимжонова. – Устоз вокал ва саҳна асарлари яратиш билан бир қаторда чолғу жанрида ҳам унумли ижод қилиб келмоқда. Фортепиано ва камер оркестри учун ёзган «У огня», «Дугоҳ» концерт-симфонияси, «Улуғбек юлдузи», «Ўлка» поэмалари, «Тошкент баҳори» вокал рақс сюитаси, торли квартет, фортепиано учун пьеса асарлари шулар жумласидандир.

Баҳрулла Лутфуллаев яратган қўшиқлар Мустақиллик ва Наврўз умумхалқ байрамлари, «Баркамол авлод», «Умид ниҳоллари», Универсиада, улуғ алломаларимиз ва қадимий шаҳарларнинг юбилей тантаналарида мунтазам ижро этилади.

– 1990 йили Наврўз байрами тантаналарида севимли шоиримиз Азим Суюннинг «Наврўз алёри» шеъри асосида яратган қўшиғимни Ҳуррият Исроилова ва Козим Қаюмов дуэт қилиб куйлашганди. Ўшандаги халқимизнинг кайфияти, юз-кўзидаги қувонч ҳамон кўз олдимда. Қўшиғим шу даражада манзур бўлганидан таъсирланганман. Ахир, ижодкор учун олий бахт, аслида, шу эмасми?!

Ижодкор кўзини юмганча, бошини оҳанг­­­га мос силкитиб, куйлай кетди:

 

Ҳур-ҳур еллар ҳуриллаб,

Турналар «қур-қур»иллаб,

Ўзбегим тупроғига

Наврўз келди гуриллаб!

Алёр, алёр! Ол бўлсин!

 

Хонага баҳор эпкини, гуллар бўйи, майсалар шивири, ёмғир иси кириб келгандай бўлди. Ҳаво қўшиқ тугагач ҳам анчагача зириллаб турди.

– Аслида, санъатнинг мақсади кишига, айниқса, ёшларга тўғри тарбия беришдир, – сўзида давом этди Баҳрулла ака. – Ҳақиқий санъаткор туғма маданиятли бўлади. Юртимизда санъатга эътибор кучайиб, барча шароитлар яратиб берилса ҳам, санъат ўз вазифасини ҳали-ҳамон тўла-тўкис бажара олмаяпти. Енгил-елпи қўшиқлар жуда кўп. Шу ўринда бир гапни айтиш керак: тепадан шиддат билан келаётган селни тўхтатиб бўлмайди. У қилар ишини қилиб бўлиб, ўзи тўхтайди. Айтмоқчиманки, бу ўткинчи ҳолат. Тақиқлаш ва бош­­қа йўлларни излаш нотўғри. Саёзлик узоқ давом этиши мумкинмас, у барибир тўхтайди, одамлар жонига тегади. Ҳар қандай санъат ўзининг тараққиёт йўлида бу босқичдан ўтади. Бу жараёнда биз миллий қўшиқлар тарғиботини кучайтиришимиз зарур. Шунинг ўзи одамларни тарбиялаб олади.

Устозларим, санъатни ҳаёт деб билган барча ёши улуғ устоз ижодкорлар кўмаги туфайли Россия, Тожикистон, Арманистон давлатларида бўлдим, халқаро декадалар, мусиқа симпозиумларида қўшиқ куйладим. Куйнинг ҳам Ватани бўлиши, ўзи туғилган ерда яйраб чиқишига гувоҳ бўлдим.

Баҳрулла Лутфуллаев Муқимий номидаги мусиқали драма театри ва бошқа театрларимиздаги кўплаб актёрларнинг, Собиржон Мўминов, Машҳур Раимжонов, Аслиддин Дўстов каби бир қатор санъаткорларнинг севимли устозидир. Турмуш ўртоғи Санобар Лутфуллаева  билан икки ўғил – Хайрулла, Улуғбек, икки қиз – Нодира, Муборакни тарбиялаб вояга етказди. Барчасини олий маълумотли қилди. Кенжа қизи Муборак ота йўлидан кетди. Консерваториянинг икки йўналишини битириб, ҳозирда «Ёш талантлар» камер оркестрининг бадиий раҳбари ва бош дирижёри бўлиб ишлайди. Баҳрулла ака 7 нафар набиранинг севимли буваси.

Суҳбатимиз ҳофиз портретини тўлдирувчи чизгилар бўлди. Хайрлашар эканмиз, беихтиёр, бундай маҳоратли, билимдон, жонкуяр устоз санъаткорлари бор миллатнинг мусиқаси асло ўлмайди, деган ўйга борамиз.

Баҳрулла ака эса талабалар ҳузурига ошиқади. Бироздан сўнг аудитория эшиги ортидан яна «Самарқанд ушшоғи» янграйди. Кўзни юмгин, кўзга айлансин кўнгил, деганларидек, кўнгиллар қўшиққа сингиб, куй чексиз коинотга айланади, сўзлар митти юлдузлар сингари шуъла сочади, бутун олам қўшиққа эврилади:

 

…Ҳуснига бошдин-оёқ боққанда ҳар

бир нуқтадин,

Дилни тортиб ҳар карашма, дерки:

жо бу ердадир.

 

Изладим бир-бир жаҳонда ҳар неча

бўлса китоб,

Кўрдим-у хаттингни дедим:

«Муддао бу ердадир!»

 

 

Салим АБДУРАҲМОНОВ

 

Бошқа хабарлар