Маданиятли одамлар удумлари

318

Ҳар бир хатти-ҳаракат муайян мақсадни кўзлайди ва аниқ бир вазифани бажаради. Шу маънода тўйнинг вазифаси ҳам жайдари тилда айтганда, «беш-ўн нафар одамнинг олдига дастурхон ёзиб, элнинг дуосини олиш»дан иборат. Дастурхон ёзиб, тўй қилиш замирида эса бирор йигитнинг уйлангани ёки қизнинг эрга текканини оммага маълум қилиш мақсади мужассам. Аслида, тўй — кишилик жамиятининг ўз тарихий тараққиёти давомида эришган муқаддас удум, улкан маданий ҳодиса ҳисобланади. Афсуски, кейинчалик соддагина ҳаракатлар билан ўз амалини топадиган бу анъанага кўплаб маънолар юкланиб, у тўй қилувчининг манфаатларига мос келадиган удумга айланди. Энг ёмони, тўй тушунчасининг таркибида қарз маъноси шаклланди. Яъни, тўйга борувчи тўяна бериб, тўй эгасини қарз қилади. У эса фақат тўйларда узилади.

Шу тариқа муқаддас бир удум ўзининг дастлабки мазмун-моҳияти ва вазифаларидан узоқлашиб кетди. Демак, муаммонинг ечими тўйга бўлган қарашларни ўзгартириш, одамлар онгни янгилашда ўз аксини топган.
Хўш, келин тушган ҳовлига бир неча кун давомида бориб турадиган тоғоралар нима вазифа бажаради?! Бунга ҳам жавоб бор. Лекин жавобнинг мусбат маъносидан кўра манфийси кўпроқ. Узоқ йиллардан буён бу одатнинг ортиқчалиги ҳақида гапирилади, бироқ бу одат ҳамон давом этиб келмоқда. Гап шундаки, халқимиз жамоа ҳаёти билан яшайди. Аввало, «қудалар олдида паст бўлмайлик, улар ёмон фикр­­га бормасин, маҳалладошлари олдида уларнинг мавқеи тушмасин, ўзимизнинг маҳалладош­лар ҳам гап қилмасин» деган қараш кўпчиликнинг онги ва қалбини забт этган залворли оғир юк сифатида эркин ҳаракат қилиш йўлларини тўсиб туради. Шунинг учун тоғора юборишга кучи етадиган, лекин бу урфни ёқтирмайдиганлар ҳам, бунга кучи етмайдиганлар ҳам бу одатни урф сифатида кам-кўстсиз бажаради.
Сиртдан қараганда, тўй ҳар кимнинг ўз иши ҳисобланади. Шу сабабли тўйни бир қолипга тушириш, у ҳақда қонун чиқариб, муайян мезонларини белгилаш анчайин эриш туюлади. Лекин бажарилаётган амал анъана сифатида жамият ривожи учун тўсиқ бўлиш даражасига етиб келса, кўпчиликнинг вақтини ўғирласа, мамлакатда ­тўпланган ризқ-рўзни (гарчи у шахсга қарашли бўлса ҳам) бемаъни совуришга айланиб кетса, у шахсийлик даражасидан чиқиб ижтимоий аҳамият касб этади.
Анъана авлоддан-авлодга узатиладиган ва қабул қилинадиган ижтимоий ҳамда маданий мерос унсурларидир. Мазмун-моҳиятига кўра анъана позитив хусусиятга эга бўлиб, давр мазмуни, одамлар онг-тафаккури ҳамда руҳий – маънавий оламига мос келгандагина қабул қилинади. Шу билан бирга у жамият томонидан қабул қилинмаслиги, рад этилиши ҳам мумкин. Кейинги пайтда юртимизда фарзанд дунёга келгани муносабати билан ўтказиладиган «ақиқа» маросими урфга айланмоқда. Диний қадрият ҳисобланган мазкур маросим суннат тўйи ўрнини босса, эътирозга ўрин йўқ. Бироқ айрим жойларда ҳар иккиси ҳам ўтказилмоқда. Кимдир ўтказишига монелик қилмаслик мумкиндир, лекин бу тез орада урфга айланса-чи? Унда икки тўйлилик одати аста-секин анъанага айланади. Бундан аён бўладики, номақбул удумларга улар анъанага айланмасларидан олдин қарши курашиш зарур.
Бунинг учун эса, такрор айтсак-да, онгимизни ўзгартиришимиз, унда бунёдкорлик ва эзгулик анъаналарини шакллантиришимиз даркор. Бунинг учун бизда намуна ва улгу етарли. Мана, ёрқин мисол: давлатимиз раҳбари вилоятларга сафарлари давомида оддий одамларнинг хонадонларда бўлиб, уларнинг дарду ташвишлари билан танишишдек ниҳоятда хайрли бир анъанани бошлаб берди. У эндиликда бутун мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёйди – жойлардаги давлат, нодавлат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари бу ишни давом эттирмоқда. Ташрифлар давомида маълум бўлаётган халқимизга хос фазилатлар кишига ҳузур бахш этади. Кўпгина хонадон эгалари ўз ҳаётларидан, мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан мамнун эканликларини қувонч билан изҳор этмоқда. Улардан оиладаги камчиликлар, муаммолар ҳақида сўралса, фақат уч-тўрт сўз билан жавоб қайтарадилар: «раҳмат, ўзимиз эплаймиз, шукур»…
Қувасой шаҳар мутасаддилари бир хонадонга боришганда рўпарадаги стол ортида ўтирган уй эгаси ўрнидан турмади. Унинг ўрнига аёли пешвоз чиқди… Ҳол-аҳвол сўралганда хонадон соҳиби хабар олишгани учун миннатдорлик билдириб, камчиликлар ҳақида оғиз очмади. Аммо муаммо аниқ бўлган эди: уй эгасининг оёқлари ногирон экан. Бундай ҳамиятли инсонлар юртимизда жуда кўп. Улар «Маданий одам ўзига зиён етказса етказадики, лекин ўзини хўрламайди» (Р.Тагор) деган ҳикматнинг жонли тимсолидир.
Лекин… бундай инсонлар қаторида туришга арзимайдиган кимсалар ҳам бор. Тўғри, улар озчилик, лекин битта бўлса ҳам кўп деб қараш керак. Моддий ва маънавий ёрдам тариқасида уйи жорий таъмирланган одам ўғлининг ҳам уйини таъмирлаб беришни талаб қилса, беминнат ёрдам сифатида уйли бўлгач, энди коммунал тўловларини ҳам тўлаб беринглар деса… Бу рўйхатни давом эттиришдан юрак безиллайди. Хайриятки, ўзининг оғирлигини бировнинг елкасига ташлаш ўрнига фидокорона меҳнат қилаётган, юртимиз тараққиётига баҳоли қудрат ҳисса қўшаётганлар жуда кўп. Бу анъананинг номи бунёдкорлик. У барча соҳада мўъжиза яратишга қодир. Ана шундай анъаналаримиз бардавом бўлсин. Бу бизнинг қўлимизда. Шуни англаб етсак, кифоя.

Топиболди ХОЛДОРОВ,
«Нуроний» жамғармаси Фағона вилояти бўлими раиси

Бошқа хабарлар