«Навоий ҳам отдан тушган сиз учун»

24

Тошкент вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб «Таъзим сизга, азиз устозлар!» номли тадбир ташкил этилди. Унда 30 нафардан ортиқ фахрий педагоглар, бирлашма ходимлари, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашлари раислари, тармоқларнинг масъул ташкилотчилари иштирок этишди.

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Муроджон Носиров тадбирни очар экан, устозларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати ҳар қанча эҳтиромга сазовор эканини таъкид­лади.
– Замонавий билим ва эзгу фазилатларга эга, интеллектуал салоҳиятли ёшларни тарбиялашдек улуғвор вазифани зиммасига олган устоз-мураббийларни ардоқлашга ҳар биримиз бурчлимиз, – дея дил сўзларини изҳор этди Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилояти бўлими раиси Маҳмуд Тоир. – Президентимиз ташаббуси билан таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаё­т­­ган ишлар ҳам соҳага ва тизим ходимларига нисбатан юксак эътибор ифодасидир. Устозлар ҳақида сўзлар эканмиз, қалбимизда тўлқин пайдо бўлади ва у сарҳадларидан тошиб чиқади:

Айтсам, баҳор яшар экан сиз учун,
Яшаяпмиз болдек ширин сўз учун,
Навоий ҳам отдан тушган сиз учун,
Миллатимиз қароғисиз, устозлар.
Маърифатнинг чироғисиз, устозлар…

Шундан сўнг фидойи педагог ва мураб­бийларга бирлашма кенгашининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари, «Бўстон» санаторийсига бепул йўлланмалар топширилди. Байрам муносабати билан бир гуруҳ таълим ходимларининг Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилади.
– Бизга кўрсатилган эҳтиромдан бошимиз кўкка етди, – дейди Зангиота туманидаги 44-умумтаълим мактаби ўқитувчиси М. Абдураҳмонова. – Қолаверса, бизга санаторийда ҳордиқ чиқаришимиз учун бепул йўлланма тақдим этишди. Очиғи, ишни ташлаб дам олишга кетсак, қандай бўларкин, дея бошимиз қотиб турганди, раҳбарият ўрнимизга дарс ўтадиган мутахассис борлигини айтгач, кўнглимиз хотиржам тортди.
Тадбирда Тошкент вилояти малака ошириш институти катта ўқитувчиси ­О.Тожиев, Чирчиқ давлат педагогика инс­титути проректори З.Эгамбердиев ҳам сўз олиб, халқ таълими тизими мазмунан ўзгартирилиб, педагогларнинг жамиятда тутган ўрни юқори поғонага кўтарилаётгани бугунги кунда соҳа ходимларининг касбига муҳаббатини янада орттириб, қалбларига шижоат бағишлаётганини таъкидлашди.

Хуллас, ушбу тадбир кўпдан бери бир-бири билан кўришмаган, таълим тизимини ривожлантириш, юксак савияга олиб чиқиш йўлида маслаги, мақсади бир устоз ва мураббийларни дийдорлаштириб, ўзларини битта жамоа аъзоларидек ҳис этишлари учун имкон яратиб берганлиги билан ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Шаҳзода ҲАКИМОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар