Таниш-билишчилик юки

59

Аслида, бу нарса бугун пайдо бўлган эмас. Кеча ҳам, олдинги кун ҳам кимнингдир ғашига тегиб, бошқа бировнинг жаҳлини чиқариб, яна қай бир кимсани хурсанд қилиб одамлар орасида томир отиб, шохлаб, бутоқлаб яшаётган эди. Қизиғи шундаки, бу савдолар фақат халқимизни эмас, бошқа замин ва замонларни ҳам безовта қилган.

Ўн тўққизинчи асрнинг буюк шоири, ўз даврининг иллатларига қарши мардона бош кўтарган Михаил Лермонтов ўша пайтлардаёқ:
Таниш-билишликнинг юкин орқалаб, Ўтиб кетмоқдамиз  шарафсиз, шонсиз,
дея алам билан ёзгани ҳам бежиз эмас. Бу алам бизга ҳам жуда таниш. Кимимиздир бехос хасталанади, касалхонага жойлашиш учун изиллаб таниш излаймиз. Гарчи, ўша беморимизни олиб бормоқчи бўлган шифохона уни қонунан қабул қилиши, қонунан даволаши керак бўлса-да, барибир шифохонага ҳам, шифокорга ҳам ишонқирамаймиз. Кимларгадир:
– Фалон шифохонанинг бош шифокорини танийсизми? Бўлим бошлиғини-чи? – дея илтимос қилаверамиз. Гарчи қизимиз ёки синг­лимизнинг оқ юзларига доғ тушиб, ой-куни етиб турган бўлса-да, яна ўша ҳолатга тушамиз. Юрагимизда ҳадик: туғуруқ столида бир нарса бўлиб қолса-чи? Ҳеч ким билан олдиндан келишиб қўймасам (ҳеч бўлмаса, ҳомиладор аёл билагига пул тугилган рўмолча боғлаб олмаган бўлса) икки йўл орасида турган жигаримизга нисбатан бепарво, беписанд бўлишса-чи? Чақалоқнинг боши сиқилган ё оёғи чиққан ҳолда туғилса-чи?
– Фарзандим (ёки неварам)ни дуруст­роқ боғчага бермоқчи эдим. Харажатидан қайтмайман, ўртада туриб гаплашиб берадиган ишонч­­ли одам топиб беринг.
– Иқтидорли болалар ўқийдиган мактаб директорига йўл топиш керак. Улар яхши ўқиш истагидаги кўчадан келган ҳар қандай болани қабул қилавермайди, орқасида одами бўлиши керак…
Институт, университетларда таниш-билишни ифодаловчи «Танка» деган атама урфга айланган.
Ҳатто самолётларга чипта олиш учун ҳам кимдир изланади. Таниш-билишлик ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланиб бўлгани учун қорақалпоқ киноижодкорлари ҳатто шу мавзуда ажойиб бир комедияни ҳам суратга олишган. Бу иллат худди беор зарпечакка ўхшаб жамиятимизнинг қон томирлари ҳисоб­ланган барча соҳаларга чирмашиб кетди: спорт ҳам, санъат ҳам, айниқса, суд-ҳуқуқ соҳалари бу чирмовуқдан омон қолмади.
Республика чемпионатига чиқиш учун мунча, халқаросига чиқиш учун шунча… тайёрлаб қўйиш керак. Аммо олди-бердининг бошида турадиганлар таниш бўлмаса қийин. Бу гапларнинг кечаги гап эканлигини ўқувчиларимиз билиб туришибди, албатта. Чунки бугун бу иллатга қарши кураш бошида бир-иккита журналист ёки ҳақиқатпарваргина эмас, шахсан мамлакат раҳбарининг ўзи турибди. Инсон манфаатлари йўлида қабул қилинган кенг қамровли, теран мазмунли ҳар бир фармон, қонун, фармойиш ҳақида гапирар экан, муҳтарам Президентимиз «Агар бу ҳужжатлар ишламаса, уларнинг жонсиз қоғоздан фарқи йўқ. Улар ишлагандагина, ҳар бир фуқаромиз ўзини ана шу ҳужжатларнинг ижрочиси, деб ҳис қилгандагина, яхши натижаси кўринади», тарзидаги фикрга алоҳида эътибор қаратди.
Шукурки, биз қонун, фармон ва фармойишларнинг ишлай бошлаганини кўриб турибмиз. Халқимизнинг улкан қувончига сабаб бўлган сўнгги воқеалардан бири (аслида, қай бир қувончни айтиб, қувонишни ҳам билмаймиз) спортчиларимизнинг Ёзги олимпиададан 11 та олтин медаль билан қайтганини оламизми, ёки 73 та давлатдан 300 нафар меҳмон, иштирокчини чорлаб, Шаҳрисабзнинг Оқсаройида катта довруқ билан ўтказилган Халқаро мақом фестивалидан сўз оламизми, ёки бу йилги олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларининг шаффоф тарзда ўтганини шодланиб гапирамизми – бари-бари ўша таниш-билишчилик балосидан халос бўлаётганимизни исботлайди.
Шундай экан, нега шукуҳли кунларда бу ёқимсиз мавзуга яна мурожаат ­қил­япмиз?
Халқимизда «Бўлган сайин бўлгинг келади», деган нақл бор. Жамиятимиз порахўрлик, таниш-билишчилик каби иллатлардан холи бўлгани сайин яна ҳам ҳалолликка, адолатга, холисликка интиламиз.
«Битта-яримта соҳада қолган бўлса, қолгандир, мусулмончилик аста-­аста-да», дея эҳтимол кимдир эътироз билдирар? Лекин ана шу битта-яримта жойда қолган таниш-билишчилик иллати ҳам мамлакат миқёсида қабул қилинган қонунларга ишончсизлик уйғотади. Бундан ташқари, бу иллатнинг яшаб қолиши одамнинг руҳан кучли бўлишига халақит беради.
«Барибир, ўзим бу нарсани эплай олмайман. Кимдир менга ёрдам бериши керак, қай бир танишим мени қўллаши шарт», деган кайфият одамлар, айниқса, ёшлар онгини заҳарласа, маънавий тараққиёт, маънавий юксалишга тўсиқ қўяди. Бу – ҳаммасидан ёмони. Чунки биз буюк давлат қуришни мақсад қилган халқмиз. Буюк давлатни эса шахслар яратади. Бир қарашда бир силкинишда ҳаёт аравасидан тушиб қолиш мумкиндек туюлган «бу бир бор гап-да» дея нописанд қараганимиз таниш-билишлик иллати томчи тоғни емиргандек, аста-секинлик билан кучли интилишларимиз, ёруғ мақсадларимизга салбий таъсир қилиши мумкин.
– Э, бу нарса биз билан бирга туғилган, йўқолмайди, – деди бир ҳамкасбим менинг шу мавзу ҳақида ўйлаб юрганимни билиб.
Бир пайтлар 150 йил қарамликда яшаган халқимиз курашсиз, қонсиз истиқлолга эришишига ҳам шубҳа билан қараган эдик.
Яна бир замонлар она тилимизга давлат тили мақоми берилишига ишонмаган эдик. Яқин орада мамлакатимизда коррупцияга қарши аёвсиз ўт очилишини ҳам кутмаган эдик.
Қанчалар бахтиёр халқ эканмизки, шунча эзгулик­лар, яхшиликларга эш бўлдик. Шунча эзгулик ичида тараққиёт қадамларига болта ураётган таниш-билишчилик ҳам яшаб қола олмайди. Шунга ишонаман, сиз ҳам ишонинг!

Қутлибека РАҲИМБОЕВА

 

Бошқа хабарлар