Фаровон ҳаётни бирга қурамиз!

67

Халқимиз ҳаётини янада фаровонлаштириш, юртимизнинг туман ва шаҳарларини обод масканларга айлантириш, шунингдек, давлат ҳокимияти органлари ҳамда мутасадди раҳбарларнинг аҳоли билан бевосита мулоқотини йўлга қўйиш орқали мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан тузилган Жамоатчилик комиссиясининг навбатдаги учрашуви Олмазор туманида бўлиб ўтди.

«Чуқурсой» «Иброҳим ота», «Тепагузар», «Гулзор» ва «Аҳил» маҳаллалари аҳолиси билан бўлган учрашувда Жамоатчилик комиссия­­си раҳбари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ­Қудратилла Рафиков жорий йилда мамлакатимиз миқёсида «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили», «Обод қиш­лоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида амалга оширилган ишлар, «Ёшлар – келажагимиз» Давлат дастурига асосан 700 минг нафардан зиёд ёшлар иш билан таъминлангани, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтди.
Жумладан, «Обод маҳалла» дастури бўйича «Иброҳим ота» маҳалласида 24 та кўп қаватли уйнинг том қисми, кириш йўлак­лари, ертўлалари тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Маҳалла ҳудудидаги 11 минг кв.метрдан ортиқ ички йўллар мукаммал таъмирланди. 2 километр узунликдаги оқова сув тармоғи тартибга келтирилди. Тунги ёритиш мосламалари янгиланди, газ, электр ҳамда иситиш тармоқларидаги носозлик­лар бартараф этилди. Ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ­30 та оилага янги қурилган турар жойлар ажратилди. 10 октябрга қадар эса яна 4 та кўп қаватли уйдаги 49 та хонадон ўз эгаларига топширилади.
Шу пайтгача Жамоатчилик комиссияси томонидан ташкиллаштирилган ишчи гуруҳлар туманнинг 58 та маҳалласида бўлиб, ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолини қийнаётган муаммолар – коммунал соҳа, ишсизлик, уй-жойлар қурилиши, боғча ва мактаблар етишмовчилиги, айрим кўчаларда светофор йўқлиги, таъмирталаб йўллар, кўча ёритгичлари ҳамда эски ­симёғочлар каби қатор ҳал этилиши керак бўлган масалалар бўйича батафсил маълумот йиғишди.
Мулоқот давомида ҳам «Чуқурсой», «Иброҳим ота», «Тепагузар», «Гулзор» ва «Аҳил» маҳаллалари вакиллари томонидан ечимини кутаётган, айрим мутасадди ташкилотлар кўз юмиб келаётган муаммолар тилга олинди.
– Маҳалламиздаги 21 та тунги ёритгичнинг 19 таси ишламайди, – дейди «Аҳил» маҳалласида яшовчи Ориф Ҳотамов. – Аҳоли томонидан ўрнатилган чироқлар ҳам мавжуд бўлиб, уларни марказлашган тармоққа улаб, ҳаммасини бир вақтнинг ўзида ёқиб-ўчириш йўлга ­қўйилса яхши бўлар эди.
«Аҳил» МФЙда яшовчи аҳоли маҳаллада ҳалигача канализация мавжуд эмаслигидан шикоят қилди. Мавжуд ҳолатни ўрганиб чиқиш ва тегишли чора кўриш вазифасини «Сувсоз» давлат унитар корхонаси вакиллари ўз зиммасига олди. Ишчи гуруҳи томонидан маҳаллада атиги иккита мактабгача таълим муассасаси борлиги ва улар ҳудуддаги мактаб ёшига етмаган болаларни тўлиқ қамраб ололмаслиги, фуқаролар бу ҳақда кўп марта мурожаат қилишгани аниқланди. Ушбу муаммони ҳал қилиш туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар зиммасига юкланди.
Тумандаги «Чуқурсой» МФЙда 22 та кўп қаватли уйдан 8 тасининг том қисми куз-қиш мавсумига тайёр эмаслиги, ташқи сув қувури носозлиги ҳамда ҳудудда болалар майдончаси қуриш зарурати борлиги маълум бўлди. Уларни ҳал этиш юзасидан ­масъул ташкилотларга топшириқлар берилди.
«Иброҳим ота» маҳалласида яшовчилар эса кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган фуқароларнинг коммунал ҳамда солиқ тўловларида тўпланиб қолган қарздорлиги мавжуд эканини айтишди. Жамоатчилик комиссия­­си томонидан чиндан ҳам моддий кўмакка муҳтож оилаларнинг қарзлари тўлаб бериладиган бўлди.
«Гулзор» маҳалласида яшовчи фуқаролар ички йўлларнинг таъмирталаб аҳволда экани, эски ­симёғочларнинг аҳолига хавф туғдираётгани, маҳалла ҳудудидаги 165-мактаб олдида транспортлар серқатновлиги, бу ерга огоҳлантирувчи йўл белгилари ўрнатиш кераклиги каби масалаларни ўртага ташлашди.
Кўтарилган ҳар бир муаммо туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар томонидан назоратга олиниши ҳамда келгусидаги учрашувда бажарилган ишлар натижаси бўйи­­ча масъуллар ва аҳоли билан мулоқот қилиниши белгиланди.
Тумандаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир фуқарони ўйлантираёт­ган масалаларга ечим топиш, ­тўпланиб қолган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш борасида Жамоатчилик комиссияси ва ишчи гуруҳлар фаолияти давом этмоқда.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар