Юксалиш ҳиссиётлари

21

«Бирор чўққини забт этмаган алпинист бу касбга лойиқ эмас», деган гап спортчилар орасида жуда машҳур. Тоғ чўққисига чиқиш иштиёқи алпинистларга хос хусусият. Бироқ баъзан бу иштиёқ оддий инсонни ҳам четлаб ўтмайди.

Жамоа билан тоққа чиққанимизнинг эртаси куни қандайдир қизиқиш ва мажбуриятга ўхшаш истак туфайли яқинимиздаги тоғнинг энг тепа қисмига чиққим келди. Қандайдир куч мени юқорига чорлай бошлади. Дам олиш жойимиз тоғ этакларига туташиб кетган эди. Дастлаб шерикларим ҳам мен билан тенгма-тенг юриб, узоқдан кўзга ташланиб турган энг тепадаги харсанг тошга етиб боришга уринишди. Бироқ ярим йўлга етганда бир арчанинг соясида қолиб кетишди. Гарчи тоғ бўлса-да, ёз жазирамасини ҳис қилган кўйи тепага кўтарила бошладим.
Бир маҳал ортимга ўгирилиб қарасам, ҳеч ким кўринмади. Ўзим билмаган ҳолда анча катта масофани босиб қўйгандим. Назаримда, шерикларим мени сўқмоқ йўл билан дам олиш мас­канига қайтиб кетган бўлса керак, деб тахмин қилишганди. Шу боис ортиқча шов-шув ҳам қилишмаганди. Шу пайт пастга қараб юрагим шу-у-у-у-в этиб кетди. Тепа жуда қиялик эди. Биргина нотўғри қадам билан тепадан харсангдай юмалаб тушиш ҳеч гап эмасди. Бунинг устига, жуда толиққан эдим. Шу лаҳзада кўзларим тиниб, ўзимни ёмон ҳис қила бошладим. Ортиқ мадорим қолмади. Ортга қайтай десам, жуда қиялик бўлгани учун бунинг иложи йўқ. Икки ёндан йўл топиб қайтай десам, аниқ йўл кўринмайди. Чунки иккала томон ҳам қалин чакалакзорга ўхшаган буталар билан қопланиб ётарди. Тепада мени тобора чорлаб турган улкан харсанг сари одимлай десам, мадорим қолмаган… Тепага тирмашган кўйи қовжираган ўт-ўланларга ёпишар эканман, улар ҳам таг-томири билан узилиб кета бошлади. Ҳар узилганда бир депсиниб тушарканман, ортга юмалаб тушишни тасаввур қилиб, юрагим ҳапқириб кетарди. Бундай вазиятда менга ҳеч ким ёрдам бера олмаслигини сезиб турардим…
Ростини айтсам, шу лаҳзада бутун вужудимни қўрқув ва хавотирга ўхшаш туйғу қамраб борарди. Ўзимдан бир-икки чақирим наридаги харсангга тикилар эканман, «энди бўлар иш бўлди, қувватим етгунча тепага тирмашишим шарт», деган қарорга келдим. Энди мени икки ёним ва ортга қайтиш эмас, балки тепалик сари қилинган ҳаракатгина бу ҳалокатдан қутқара оларди, холос. Бундан бошқа иложим ҳам қолмаган эди… Ҳар сафар оёғим толганда тош ва буталарга тирмашиб терлаб-пишган кўйи ҳаракатни давом эттиравердим. Танам мувозанатни сал йўқотса, ҳалокат содир бўлиши тайин эди.
Энди бу ёғи иштиёқ эмас, ҳаёт учун курашга айланган эди. Бу вазиятда ҳеч кимдан кўмак кутиб бўлмасди. Мутлақо ёлғиз ва овлоқ ерда эдим. Ҳақиқий маънодаги аянчли ёлғизликни ҳис қилдим. Бу вазиятда ўтириб ҳам, туриб ҳам бўлмас эди. Фақат ҳаракатдангина бирор натижага эришиш мумкин эди. Кўнглим беҳузур бўлиб, ўзимни ташлаб юборгудек ҳолатга тушдим. «Чиқмаган жондан умид» деганларидек, тирмашишда давом этдим… Қарийб уч-тўрт соат вақт мобайнида харсанг чўққига тобора яқинлашиб борардим.
Ниҳоят, не-не машаққатлар билан чўққига етиб келдим. Тинка-мадорим қуриб, амаллаб унинг устига тиз чўкканча ўтириб олдим. Энди барча хавф-хатар ортда қолгандек туюлди. Бу лаҳзада интилишнинг аниқ мақсад ва моҳияти хусусида бир нарса дея олмасдим. Сал кейин бироз ўзимга келгач, қандайдир мамнунликни ҳис қилдим. Тепаликдан туриб қуйига назар ташлар эканман, пастдаги ҳаёт кафтдек яққол кўзга ташланиб турарди. Пастликда кўриш мумкин бўлмаган барча манзараларни тепаликдан яққол томоша қилиш ва тафаккур юритиш имконига эга бўлган эдим. Энди пастга қараб юришим учун ён-атрофимда сўқмоқлар ҳам кўп эди. Мен тахминан қандай чиқиб кетишни ҳам чамалаб қўйгандим.
Хуллас, энди «Ҳаётни тепадан кузатиш» деган файласуфона тушунча билан тоғ тепасидан туриб ҳаётни кузатиш ўртасида қандайдир мантиқий ўхшашлик, ўзаро мутаносиблик борлигини илғаб олиш қийин эмасди… Энг қийин вазиятда инсонни фақат умид, ишонч ва қатъият, шунингдек, юксакликка интилиш қутқара олишига яна бир карра амин бўлдим.

Сайёра ШОДИЕВА,
журналист

Бошқа хабарлар