Бахши тўлиб айтади, эл дардини билиб айтади

104

— Бахшичилик қадимдан кўнгилнинг энг нозик ипларини чертиб, қалбга руҳий озуқа улашиб келаётган чинакам санъат. Ҳа, дўмбира оҳанги-ю бахшининг сел бўлиб дос­тон айтишини тинглаган борки, ором олади. Бахши овозидаги сеҳр инсонни маст қилиши, ўлжасига югуриб бораётган қоп­лон ҳам бир муддат анграйиб хўрагидан ажраши, учиб бораётган қушлар ҳам тўхтаб қолиши бор гап.

– Шоберди бахшига шогирдликка тушганимга саккиз йил бўлди. Ўзимни уста бахши билмасам-да шу касбга дилдан боғланганман. Устоздан ўрганганларим, ўгит-у насиҳатларига амал қилганим самараси сабаб эл-юрт эътиборидаман, – дейди бойсунлик Азим Аллаев.
Ўзбек халқ достонларида халқимиз бадиий тафаккурининг жуда бой ва қадимий анъаналари мужассам. Уни куйлаш бахшидан кўп меҳнат ва қунт талаб этади.
– «Малла савдогар», «Алпомиш», «Қайтбоши» достонларини ёддан қалбимга жойлаштириб олганман, – дея сўзида давом қилади Азим ака. – Бахши бўлиш ҳам Аллоҳдан берилган истеъдод билан мус­таҳкам экан. Халқ қанча тўпланиб тингласа, илҳом шунча авж олади. Уларнинг қора кўзларига қараб ичдаги бор сўз тўфони тилга кўчади.
Яқинда Шаҳрисабзда ўтган «Халқаро мақом санъати анжумани»да қатнашдим. Бу нафақат мақом санъатини, балки бизнинг чуқур томир отган ­қадриятларимиз, миллийлигимизни тараннум этувчи урф-одатларимизнинг дунёга намойиши бўлди.
Халқни ўзига қаратиб достон айтиш осон иш эмас. Бу кишидан катта куч ва шижоат талаб этади. Ҳар бир мисрада элга тинчлик тилаш, яхшиликка эргаштириш, юксак орзулар бахши айтимларидан жой олади.
Ўзбек халқ достонларида халқимиз бадиий тафаккурининг жуда бой ва қадимий анъаналари мужассам. Бир-биридан гўзал, бир-биридан сара термалар, ­достонлар бутун салобати ва маҳорати билан ҳали ҳануз тингловчиларни ҳайратлантириб келмоқда.
«Дўмбира бахшининг ҳам сози, ҳам ори, ҳам йўлдошидир!» – дейди бахши.
Сурхон элида Шоберди, Исмоил бахшилар устозлари йўлини бардавом қилиб шогирдлар етиштириб, халқни дўмбира созига ошно этиб, санъат осмонига учиришмоқда. Бу ўлкада аёл бахшилар йўлини тутган, республикада иккинчи аёл бахши номини олган Зулхумор бахши ҳам санъат дарғалари қаторида, эл хизматида.

Бахши достонлардан турли парчаларни айтар экан, уларда аждодларимиз ҳаёти, миллий анъана ва урф-одатларимиз, инсонийлик билан йўғрилган ўзбекона менталитетимиз, шу заминда яшаган халқлар тарихи, маданияти акс этиб, бу ажойиб сатрлар дилларда муқим ўрнашаверади…

Гуландом УМАРОВА

Бошқа хабарлар