САЛОМ, ХОТИРЖАМЛИК! стрессга қандай ечим топиш мумкин?

43

Ҳаёт одамлар ўртасидаги муносабатлар инъикосидан иборат. Арзимаган гап, кичик тушунмовчилик, ҳатто нотўғри оҳанг ҳам ранжиб қолиш ва сиқилишга олиб келиши мумкин. Бундай ҳолатлар йиғилиб бориб, руҳий мувозанатга таъсир қилади, кишини стрессга туширади.

Стресс ҳар кимда турлича кечади. Баъзиларда тезда ўтиб кетса, айримларда жиддий асоратлар қолдиради, тажовузкор бўла боради. Хўш, бу нохушликдан қандай қутулиш мумкин? Кишида психолог хизматидан фойдаланиш имкони ё хоҳиши ҳамиша ҳам бўлавермайди. Шунга кўра бажариш қулай бўлган стресс ва асабийликдан қутулиш усулларини тавсия этамиз:
Нафас олиш машқлари. Ҳайрон бўлманг, тўғри нафас олишнинг руҳиятга таъсири катта. Тўғри нафас олиш орқали руҳий ҳолат тез мувозанатга келади, киши хотиржам тортади. Шунчаки нафас олиб-чиқариш ёрдамида ҳиссиётни бошқариш мумкин. Ахир йоганинг муҳим унсури праная ҳам тинчлантирувчи нафас олиш машқларидан иборат-ку!
Нафас олиш машқлари осон бўлса-да, бажаришда нозик жиҳатларга эътиборли бўлиш талаб этилади:
Санаб нафас олиш ички хотиржамликка олиб боради. Бажариш техникаси оддий: нафас олиш ва чиқаришда санаш керак. Машқлар қадни тик тутиб ўтирган ҳолда амалга оширилади. Кўзингизни юминг ва енгил нафас олинг. Тўртгача санаб, чуқур нафас олиб-чиқаринг. Қулай ҳолатда ўтириш, нафас олиб-чиқариш оралиғида ҳеч қандай тўхташ бўлмаслиги даркор. Диққатни саноққа қаратиш зарур. Шунда ўзингизни хотиржам ҳис қилиб, муаммога бош­қача қарай бошлайсиз.
Аффирмация. Стрессдан чиқишда аффирмациялар ҳам қўл келади. Бунинг учун бир қанча оддий аффирмация – кайфиятни кўтарувчи ижобий жумлаларни такрорлаш лозим. Аффирмацияларда инкор сўзлар қўлланмайди. Улар оддий ва қисқа бўлади: «Мен бутунлай хотиржамман», «Мен хурсандман ва хотиржамман». Бу машқларда, муҳими – аффирмацияларга ишониш. Акс ҳолда, кутган натижангизга эришмайсиз.
Сув машқлари. Душ ҳам чарчаган асабларни тинчлантиради. Сув салбий қувват ва ахборотларни суғуриб олади. Шу боис табиатнинг бу унсури тез тинч­лантириш хусусиятига эга. Натижани кучайтириш учун душга барча нохушликлардан қутулишни ўйлаб киринг. Сув илиқ бўлсин, чунки иссиқ ёки совуқ сув асаб тизимини баттар қўзғатиб юборади.
Ёқимсиз фикрларни бошқариш. Ташвишли фикрлардан қутулиш учун улар билан курашиш шарт эмас. Тинч жойни танланг, кўзингизни юминг, сиздаги қўрқув ва безовталик сабабларини таҳлил қилинг. Таъсирланмай, баҳоламай шунчаки кузатинг. Чунки айнан баҳолаш уларга муносабат билдиришга олиб келади. Шунда фикрларингизнинг бетараф кузатувчиси бўлишга эришасиз. Улар сизга ҳукм ўтказа олмай қолгач, ҳаммаси ҳам сиз тасаввур қилганчалик эмаслигини кўрасиз.
Сайр. Бинода бўлсангиз, кўчага чиқиб, бир оз сайр қилинг. Тоза ҳаво ва пиёда юриш ортиқча ўй-ташвишлардан халос этади.
Тинчлантирувчи массаж. Уқалаш ҳам тинчланишга ёрдам беради. Бунда бошни уқалаш лозим, сабаби, асаб толаларининг кўп қисми бошда жойлашган бўлиб, уқалаш уларнинг ҳаракатини ўзгартиради, бу эса сизнинг ҳолатингизга тузатиш киритади. Бу жараёнда ҳам ишонч муҳим рол ўйнайди. Енгил ҳаракатлар билан бош массаж қилингач, пешона ва чакка артилади. Шунинг­дек, пешонадан энсагача бармоқлар билан уриб чиқиш ҳам мумкин.
Ёқимли ҳидлар. Киши гулларни кўз олдига келтиргани ҳамон кайфияти кўтарилади. Бунда гўзалликдан ҳам кўра гулнинг хуш бўйи аҳамиятли. Демак, тинч­ланишда ифорлардан фойдаланамиз. Бу борада эфир мойи энг яхши восита. Чунки унинг таркибидаги шифобахш моддалар стрессга қарши самарали курашади. Асабларни тинч­лантириш учун махсус лампага бир-икки томчи лаванда, мандарин ёки мойчечак мойидан томизинг. Табиий ёқимли ҳидлар инсонни тинчлантиришини унутманг.
Рақс импровизация. Тез тинч­ланишни истаган киши рақсга тушгани маъқул. Рақс асабий зиқликни танадан чиқариб юборишга ёрдам беради. Рисоладагидек, чиройли рақсга тушишни эмас, мусиқага маза қилиб ўйнашни ўйланг. Чунки асосийси рақс эмас, тинчланишдир.

Муайян техника тинч­ланишга ёрдам бериши мумкин. Аммо стрессни келтириб чиқарувчи муаммоларни ҳал қилмайди. Шу боис ҳиссиётларни бошқариш, салбийларини ижобийга айлантиришга уриниш лозим. Қилган хатосини тинмай ўйлаб юриш инсонга оғирлик қилади ва фақат нохушликларга сабаб бўлади. Унутманг, ҳеч ким хатодан холи эмас. Янглишиш эмас, уни тузатмаслик ва унинг учун изланмаслик хатодир. Зеро, ҳаёт хатолар қилиш, уни тузатиш ва тўғри хулоса чиқарган ҳолда қайтадан бош­лаш учун берилади.

Матлуба САДРИДДИНОВА,
ўқитувчи

Бошқа хабарлар