Ўргансак – ҳикмат, яратсак – ибрат

75

Бепарволик – иллатларнинг дояси. Бу эски нақл. Буюк соҳибқирон бобомиз: «Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий тадбиркор ва ҳушёр бир киши минглаб тадбирсиз лоқайд кишилардан яхшидир», деганини бир эслайлик-а.

Эътибор берган бўлсангиз гап, бепарволик, лоқайд­лик, боқибеғамлик хусусида бормоқда. Бу иллатлар жамиятимиз ривожига қандай хавф солмоқда? Уларнинг салбий таъсири, оқибатлари нималарда кўпроқ намоён бўляпти?
Яқинда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган бир видеолавҳа кўпчиликни ҳайратга солди. Унда хорижий давлатда саёҳат қилиб юрган японлар ўзларига мутлақо нотаниш шаҳар кўчаларида сайр қилиб, йўлларида учраган турли чиқиндиларни йиғиштириб кетаётгани кўрсатилган. Бинобарин, японлар учун одатий ҳолат бўлган бу воқеа бош­қалар учун чинакам ибрат!
Ҳеч кимга сир эмас, японлар ҳар соҳада илғор. Технология, иқтисодиёт ва кўрганимиздек озодаликда ҳам. Аммо дунёда маънавий илғорлик атамаси ҳам бор. Унинг эса қадр­ини ўлчаб бўлмайди. Бу тамаддуний юксаклик масаласи. Аслида, ҳар бир халқнинг мақтаса арзигулик жиҳатлари бисёр. Қолаверса, биз – ўзбекларда ҳам кексаларга ёрдам бериш, беморлар ҳолидан хабар олиш, йиқилганни суяш, унга кўмак бериш каби азалий қадриятлар борки, улар асрлар оша сайқал топиб келаётгани, бошқа халқларга ибрат бўлаётгани ҳам бор гап. Мана бир мисол! Яқинда метро вагонига қариялардан иборат бир гуруҳ хорижлик сайёҳлар чиқишди. Шунда ёшлар зудлик билан ўринларидан туриб, жой бўшатишди. Бироқ чет элликлардан бири таржимондан инглиз тилида «Улар нега бизга жой беришяпти?» дея сўради. Саволнинг ҳайратомузлиги эса, ўз навбатида, тилмочни ҳам ажаблантириб қўйди. Гапнинг дангали шуки, бу ҳолат ҳам тамаддуний маданиятнинг оддий бир қисми, ҳатто японларни ҳам ҳайрон қолдириши аниқ!
Лекин биз бугун фахрланадиган, мақтанадиган жиҳатларимиз ҳақида эмас, балки айрим иллатларимиз борасида мулоҳаза юритмоқчимиз.

Миллат шаънини минг  пора қиладиган иллат

Ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда коррупциянинг мағзи – порахўрликка аёвсиз кураш бошлангани ҳақидаги хабарлар, ахборотлар тез-тез тарқалиб турибди. Нима ҳам дердик, ушбу ҳол нафақат шаънимизга тўғри келмайдиган доғ, балки хорижий инв­е­сторларни ҳам ташвишга солиб қўядиган хавотир-да ахир!
«Transparency International» халқаро ташкилоти дунё мамлакатлари ўртасида ҳар йили коррупциядан нисбатан холи давлатлар индексини эълон қилади. Финляндия ҳар йили ушбу рейтингда энг кучли учталикдан бирини эгаллайди.

Бу бежиз эмас, албатта. Финлар бировдан олинган пора эвазига фаровон яшашни ўз фарзандларига, оиласига, авлодларига, қолаверса, мамлакати келажагига нисбатан кечириб бўлмас хиёнат, деб билишади. Мазкур миллат вакиллари учун бировнинг ҳисобидан кун кечириш мутлақо ёт, қабул қилиб бўлмас тушунча. Яқинда Финляндия­­да ўтказилган сўровномада мамлакат аҳолисининг 90 фоизи полициянинг ҳалол ва шаффоф фаолият кўрсатишига ишонч билдиргани бунинг яққол исботи! Бу – ҳукумат ёки парламентга нисбатан ишончдан ҳам юқорироқ кўрсаткич. Шу боис, ушбу мамлакатда пора эвазига муқаррар жазодан қутулиб қолишнинг сира ҳам имкони йўқ.
Яна бир қизиқ жиҳат: Финляндияда ­кўплаб иқтисодий битимлар оғзаки келишув асосида амалга оширилади. Бу муҳр билан тасдиқланган шартномадан ҳам ишончли ва қимматли. Айни шу сабабга кўра аксарият фирма ва компаниялар ҳалигача ўз муҳрига эга эмас. Бунга ҳожат ҳам йўқ. Финлар айтилган сўз – отилган ўқ, деб ҳисоблашади ва шундан бўлса керак, ўз лафзларида қатъий туришади. Мабодо, унутиб қолдирилган қимматбаҳо буюм – телефон ёки кармон топиб олишса, полицияга олиб бориб топширишади.
Эҳтимол, бугун Финляндиянинг юксак тараққиёт омилларидан бирини шулардан қидирармиз?!

Дахлдорлик туйғуси  мудроқми?

– Одатда, бирор юмуш билан машғул кишига «Ҳорманг» деймиз, – дейди «Бекободйўл» масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Назарбой Бойзоқов. – Ҳар гал шу сўзни эшитсам, болалигимда тинглаганим бир воқеа ёдимга тушади. Темир йўл ёқасида қовун эккан деҳқонга поезд ҳайдовчилари сигнал бериб, «Ҳорманг, бобо» деб ўтар эканлар. Қовун пишиғида отахон қизил белбоғини ҳилпиратиб, рўпарадан келаётган поездни тўхтатибди. Машинистлардан бири деҳқоннинг олдига югуриб келиб, хавотир билан «Нима гап, бобой, тинч­ликми?» дебди. «Қовун еб кетинглар, дегандим. Ахир бу ҳосилда сизларнинг ҳам ҳиссаларингиз бор. Нега десангиз, менга ҳар доим сигнал бериб, ҳорманг, деб ўтасиз», дебди отахон. Айтмоқчиманки, биргина ана шу эзгу калом ҳам меҳнат қилаётган одамга куч-қувват бағишларкан.
Гоҳида «Обод қишлоқ» дастури асосида жойларда йўлларни равон қилиб, шундоқ дарвозаси олдидан чиройли йўлаклар қурар эканмиз, айримлар ана шу қисқа сўзни айтишни ҳам ўзига раво кўрмаслигидан таажжубланаман. Масалан, ҳозир Боё­вут туманидаги «Лайлаккўл» маҳалласида ишлаяпмиз. Ҳайрон қоласан, киши. «Обод қишлоқ» дастури моҳиятан аҳоли манфаатлари, унинг яшаш шароитини яхшилашга қаратилган хайрли иш. Аммо шундай кишилар борки, гўёки, бу улкан ҳаракатлар унга тааллуқли эмасдек. Ҳаммасини унга давлат қилиб бериши керакдек…

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан изчил ҳаётга татбиқ этилаётган «Обод қишлоқ» дастури минг­лаб юртдошларимизнинг қалбига қувонч, эртанги кунга ишонч олиб кираётганига шубҳа йўқ. Равон кўчалар, кўркам тураржойлар, маданий-маиший объектлар, яшаш учун яратилаётган қулайликлар қиш­лоқларимиз файзига файз қўшаётгани эса айни ҳақиқат.

– Бу юмушлардан четда турмай, ўз ҳовлиси атрофини гул-у гулзорга айлантираётганларни кўриб, беихтиёр тасаннолар айтасан, – дейди бухоролик меҳнат фахрийси, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби Юсуф Қурбонов. – Аммо гуруч курмаксиз бўлмас экан. Мазкур юмушларга лоқайд қараётган кишилар ҳам, афсуски, орамизда оз эмас. Улар маҳаллаларида, қиш­лоқларида шундай оламшумул янгиланишлар бўлаётганини кўриб, ўзларини кўрмаганга олишяпти. Лоқайдлик қилишяпти. «Лоақал, ҳовлимни, дарвозам олдидаги бир парча ерни обод қилай, шу улуғ ишларга, ­қатрадек бўлса ҳам, ўз ҳиссамни қўшай», деган фикр хаёлларига келмаяпти. Бундай кишилар «Давлатимиз, бутун жамоатчилик биз ҳақимизда қайғураётганда менинг ўрним қаерда бўлиши керак?» деган саволни ўзларига бериб кўришса, зиён қилмасди!
яна бир гап. Дастур шарофати билан кўчаларимиз обод, турмушимиз фаровонлашмоқда. Мактаб-у шифохоналар замонавий қиёфа касб этяпти. Аммо айрим ёшларимизда кўчада юриш маданияти етишмаётгандек. Улар қўлларидаги чиқиндини дуч келган жойга ташлаб кетишади. Оқибатда йўл ёқалари, ариқлар чиқиндихонага айланмоқда.
Атроф-муҳит мусаффолигига зарар етмоқда. Шундай экан, оилада, мактабда болаларимизга кўчада юриш маданиятидан сабоқ беришни одат қилсак, ёмон бўлмасди. Бу ишга кекса авлод вакиллари ҳам ўз ҳиссаларини қўшиш­лари керак. Токи, жуда катта саъй-ҳаракат эвазига обод этилаётган қишлоқларимиз кўркига зиғирча ҳам путур етмасин!

Маданият чемпионлари

Яна японлар ҳақида. Россияда футбол бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатини бутун дунё катта ҳаяжон ва қизиқиш билан кузатди. Манаман деган жамоалар баҳсга киришган ушбу мусобақада Япония терма жамоаси ҳам иштирок этиб, чемпионатни эрта тарк этди. Улар беллашувни якунлар экан, ўзлари учун ажратилган кийиниш хонасини тозалаб, «Раҳмат!» деган ёзув қолдиришди. Бу шу пайт­­га қадар камдан-кам кузатилган ноёб ҳодиса сифатида ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди. Японлар жаҳон чемпионатида ғалабага эришмаган бўлсалар-да, ўзларининг юксак маданияти билан футбол мухлислари қалбини забт этди.
– Энг муҳими, инсон эканлигимизни унутмаслигимиз керак, – дейди Намангандаги «Навбаҳор» марказий стадиони директори Набихон Абдуғаниев. – Мана, «Нав­баҳор» жамоаси ишқибозларини олайлик. Уларнинг қўллаб-қувватлаши билан футболчиларимиз бири-биридан чирой­ли ­ўйинлар кўрсатишга ҳаракат қилаётгани бор гап. Аммо жамоанинг ўз уйидаги ­ўйинларидан кейин стадионда юзага келадиган ҳолатни кўриб, гапнинг рости, кўнг­лингиз хижил бўлади. Ўриндиқлар орасига ташланган писта пўчоқлари-ю егулик қолдиқлари, йиртиб ташланган қоғозлар чиқиндихонани эслатади. Икки соатга яқин давом этадиган ўйиндан кейинги ачинарли манзарани бартараф этиш учун хизматчиларимиз роппа-роса бир ҳафта тер тўкиб, стадионни тозалашади. Мана сизга мухлислиг-у ўз жамоа­сига ҳурмат…

Шикоятчилардан  шикоятим бор

Дунёнинг энг ривожланган ва бой мамлакати, дея эътироф этиладиган АҚШда 553 минг нафардан зиёд кишининг умуман ­бошпанаси йўқ. Улар кўчаларда, бекатларда яшашга мажбур. Чиқиндихоналарни титиб ёки тиланчилик орқасидан кун кечиришмоқда. Турли манбаларга кўра, 2,5 миллиондан 3,5 миллион нафаргача америкалик ўз шахсий тураржойига эга эмас (2017 йилги маълумотлар).
Бизнинг мамлакатда эса инсонпарварлик нуқтаи назаридан яшаш ­шароити оғир оилаларга қуруқ ваъдалар эмас, амалий ёрдам берилмоқда.
Халқ қабулхонасида ишлайдиган мутахассислардан бири қизиқ ҳолатни айтиб берди. Кам таъминланган оила соҳибининг кўплаб ва давомли мурожаатларидан сўнг унга мутасаддилар аралашуви билан алоҳида, барча шарт-шароитга эга шинам уй-жой ажратилибди. Энди ўша одам текинга машина беринглар, деб шикоятлар йўллаётган эмиш…
Ёки яна бир воқеа. Яқинда қайсидир вилоят ҳокими оммавий ахборот воситалари ходимлари билан ўтказган матбуот анжуманида ҳаммани ажаблантирадиган бир ҳолатни айтиб юборди. Давлат кўмагида ёлғиз яшайдиган ногиронлиги бор шахсга бир хонали уй калитини топширишганда, «Менга камида уч хонали уй беришингиз шарт» дея иддао билан ҳокимнинг юзига калитни отиб юборибди…
Бу ўйлаб топилган ёки тўқилган воқеа эмас, балки ҳаётимизда рўй берган ҳолатлар.
Халқимизни ҳаётдан рози қилиш, унинг фаровонлигини таъминлаш йўлида куюнчаклик билан олиб борилаётган сиёсатни, эзгу саъй-ҳаракатларни суи­истеъмол қилаётганлар, минг ­афсуски, учраб турибди.

* * *

Мулоҳазаларимиз сўнгида айтмоқчимизки, хоҳлаймизми-йўқми, бир қадар мавжуд бўлган боқимандалик, боқибеғамлик кайфиятидан, «ҳаммасини давлат қилиб бериши керак» деган иддаолардан воз кечмас эканмиз, бу ҳол тараққиётимиз йўлига тушов бўлиб тушаверади. Истаймизки, улкан марралар кўзланган ягона мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатларимизга асло соя тушмасин.

Ў. СОДИҚОВ

Бошқа хабарлар