Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир

74

Мамлакатимиздаги хайрли ташаббус – «Обод қишлоқ» ҳамда «Обод маҳалла» дастурлари ижроси юзасидан ҳудудларда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бугун нафақат юртимиз ҳуснига тароват, балки юртдошларимиз кўнгилларига ҳам ёруғлик бахш этаётир. Дастур доирасида Фарғона вилоятининг 15 та туман ва 4 та шаҳрида тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Хусусан, Фурқат туманидаги «Мустақиллик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳам «Обод қишлоқ» дастурига киритилган.
Маҳаллада 7 та кўча, 537 та хонадонда 2 минг 580 нафар фуқаро истиқомат қилади. ­Дастур доирасида амалга ошириладиган ­бунёдкорлик ишлари учун барча манбалар ҳисобидан 3 млрд. 734 млн. сўм сарфланиши кўзда тутилган.
Дастурга мувофиқ 230 та таъмирга муҳтож якка тартибдаги уй-жойлар таъмирланади, 16 та кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар хонадонларининг 1600 кв.м том қисми, 45 та уйнинг эса фасад қисми, 120 та хонадоннинг дарвозасини таъмирлаш ва 117 та хонадонда бошқа турдаги таъмирлаш ишларини бажариш белгилаб олинган.
Шунингдек, кўча йўлларининг таъмирланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозиргача эса 1400 метр узунликдаги ички йўллар асфальтланди, 2 км. узунликдаги кўчаларга шағал ётқизилди. 2 км. ичимлик суви тармоғи тортилди. 1 та сув иншооти ўрнатилди. 2-умумтаълим мактаби ва 3-МТМ тубдан таъмирланди.
Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаси, савдо мажмуаси ҳам бунёд этилмоқда.
Аммо, мақташга арзигулик ишлар билан бирга, ҳали бажарилиши лозим бўлган юмушлар ҳам йўқ эмас. Айни пайтда маҳалла фуқаролар йиғини ўтган асрда қурилган кўримсиз бинода иш олиб бормоқда. Дастурга асосан эса маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биносини қуриш учун Янги ҳаёт кўчасидан ер ажратилган. Бино Мустақиллик байрамига тўёна сифатида битказиб, фойдаланишга топширилиши керак эди. Бироқ, ­дастур ижросига кечроқ киришилганлиги сабаб маҳалла биносининг қурилиши чўзилгандан чўзилиб, эндигина том қисмини ёпишга киришилди.
Ҳа, яна бир муаммо. Маҳаллада амалга оширилган ишлар билан танишиб, одамлар билан суҳбатлашганимизда Янги ҳаёт кўчасида истиқомат қилаётган аҳоли дастур дои­расида кўчада ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаганлигини айтишди. Ваҳоланки, бу кўча ҳам дастурга киритилган бўлиб, шағал ётқизилиши керак эди.
— Тўғриси, ҳудудимиз «Обод қишлоқ» дастурига киритилганида роса хурсанд бўлгандик, — дейди Янги ҳаёт кўчасида яшовчи Мадина Азимова. — Энди кўчаларимиз равон, ёруғ, чиройли бўлади, деб умид қилгандик. Кузнинг биринчи ойи тугади ҳамки, афсус­ки, дастур доирасида бирор иш бажарилмади. Кўча учун шағални ҳам ўзимиз маҳалла аҳли билан 315 минг сўмдан пул тўплаб тўкдирдик. Аслида, у дастур доирасида ажратилган маблағ ҳисобига бажарилиши лозим эди. Лекин негадир масъуллар, гўё бу ишларни биз бажардик деб ҳисоблашмоқда.
Янги ҳаёт кўчасида яшовчиларнинг айтишича, маҳалла раиси ва туман мутасаддилари келиб, «сизлар кўчаларингизга шағал ётқизаверинглар, биз асфальтлаб берамиз», деб қоп-қоп ваъдалар бериб кетишган экан. Орадан шунча вақт ўтган бўлса ҳамки, кўча на асфальт­ланди, на бир раҳбар келиб бу иш бўйича шуғулланди.
Маҳалла аҳлининг куйинганича бор. Кўча «Обод қишлоқ» дастурига киритилса-ю, амалда ҳеч қандай иш бажарилмаса, бу нима деган гап? Ваҳоланки, туман ҳокимлигининг «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилган ишлар ҳақидаги маълумотларидаги ҳисоботларда режадаги 1,4 км. ички йўл асфальт, 2 км. йўлга шағал ётқизилган деб кўрсатилган. Аслида, Янги ҳаёт кўчасига тўкилган шағал маҳаллий бюджет ҳисобидан эмас, балки шу кўчада яшовчиларнинг ҳамёнлари ҳисобидан бажарилган экан. Ҳокимиятнинг «учар» масъуллари эса кўчага ётқизилган 300 метр шағални ўзлари бажаргандай осонгина ҳисоботларига киритиб қўйганлиги қизиқ…
«Мустақиллик» МФЙда «Обод қишлоқ» дас­тури бажарилмаяпти, деган фикрдан йироқмиз. Бироқ, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ўз муддатида якунига етказилмаётгани айни ҳақиқат. Аҳоли ўз маблағлари ҳисобидан қилинган ишларни ҳам биз бажардик деб ҳисоботларда кўрсатиш халқ тили билан айтганда, «ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир» нақлига мос келади.

Халқимизни рози қилиш энг эзгу муддаомиз экан, демак, ҳар биримиз зиммамизга олган масъулиятни ҳис этишимиз, бурчимизни оқлашимиз керак эмасми? Амалга оширилаётган эзгу ишлардан мақсад битта: халқнинг оғирини енгил қилиш. Умид қиламизки, юқорида тилга олинган муаммолар бўйича туман мутасаддилари жойларга чиқиб юзага келган бу каби камчиликларни яна бир бор ўрганиб чиқишади.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар