Меҳр қўлларин чўзиб…

34

Касаба уюшмаси ҳақида сўз кетганда, кўпчиликнинг кўз олдида меҳр-мурувват тадбирлари намоён бўлади. Бу бежиз эмас. Боиси, кейинги йилларда касаба уюшмалари томонидан ташкил этилаётган кўплаб акцияларда ижтимоий ҳимояга муҳтож ходимлар, меҳнат фахрийлари, аёллар ва болалар алоҳида эътибор билан қамраб олинмоқда.

Хусусан, вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» шиори остида Хива туманидаги ёлғиз, кекса эркаклар яшайдиган «Мурувват» уйига 50 жуфт, Хонқа туманидаги «HOUSPIS» якка ёлғиз беморларни даволаш касалхонасида яшовчи 32 нафар қарияга кўрпа, ёстиқ жилдлари совға қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Шовот ва Урганч туман бўлимларига 437,5 минг сўм миқдоридаги кўрпа, ёстиқ жилдлари ва аёллар халати олиб берилди.
Тармоқ касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан 25 нафар ёлғиз кекса ва ногиронлар фойдаланган коммунал хизматлар учун 1320,0 минг сўм тўлаб берилди. Ногиронлардан 20 нафари қўлтиқтаёқ, 10 нафари ҳасса билан таъминланди.
Оғир маиший шароитларда яшаётган, боқувчисини йўқотган, ногиронларни парвариш қилаётган оилаларнинг 23 нафарига 3135,0 минг сўмлик дори-дармон, 1088 нафарига 62595,0 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ҳисобидан Хива шаҳридаги Болалар шаҳарчасидаги 140 нафар тарбияланувчига спорт кийимлари совға қилинди. Хонқа туманидаги умумтаълим мактабларида ўқиётган иқтидорли, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларидан 25 нафарининг, шунингдек, тармоқ касаба уюшма ташкилотлари томонидан Хива туманидан 25 нафар, Қўшкўпир туманидан 20 нафар, Янгиариқ туманидан 40 нафар боланинг Хива шаҳридаги «Ичан қалъа» давлат қўриқхонаси музейларига саёҳатлари уюштирилди. Бундай саёҳатлар ишлаётган эҳтиёжманд оилалар аёлларининг 200 нафардан зиёди учун ҳам ташкил қилинди.
«Ватан фидойи фарзандларини унутмайди!» шиори остида ўтган тадбирда юрт ҳимояси йўлида жонини фидо қилган 7 нафар ҳарбий хизматчи ва ички ишлар идоралари ходимларининг оилаларидан хабар олиниб, ҳар бирига касаба уюшмалари томонидан 500 минг сўм пул маблағи ҳамда вилоят ички ишлар ходимлари касаба уюшмаси бирлашган қўмитаси томонидан жами 600 минг сўм миқдорида озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Бу каби мисолларни узоқ давом эттириш мумкин. Энг муҳими, биз ҳар бир юртдошимиз касаба уюшмалари томонидан узатилаётган қўллар меҳрга тўлалигини ҳис қилишини истаймиз ва уларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз.

Қаҳрамон МАШАРИПОВ,
вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси маданий-маърифий ва спорт ишлари
бўлими мудири

Бошқа хабарлар