Мулоқотлар давом этмоқда

103

Жамоатчилик комиссиясининг галдаги учрашуви Олмазор туманидаги «Гузарбоши», «Абу Бакр Шоший», «Қўштут», «Ҳофиз Кўҳакий», «Хастимом» ҳамда «Намуна», «Себзор», «Юқори Себзор», «Хончорбоғ», «Янги Себзор» маҳаллалари фуқаролари иштирокида бўлиб ўтди. Учрашув давомида маҳаллалардаги мавжуд ҳолатни ўрганиш, уйма-уй юриб хонадонлардаги вазият билан танишиш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан аниқланган масалалар мутасаддилар эътиборига ҳавола қилинди. Шундан сўнг маҳалла фуқароларининг мурожаатлари тингланди.

«Гузарбоши»дан гапирамиз

Хусусан, «Гузарбоши» маҳалласини ўрганиш жараёнида 1995 йилда Фаробий, Қорасарой, Ҳуррият ва Сағбон кўчалари кенгайтирилган пайтда бузилган хонадон эгаларига уй берилган, лекин хонадон эгаларининг янги жойда рўйхатдан ўтмагани туфайли ҳалигача маҳалла фуқаролар йиғинига муаммо туғдириб келмоқда. Шу билан бирга, маҳалла ҳудуди «Эски шаҳар реконструкцияси режаси» дастурига тушган, лекин бузилиш муддати ноаниқлиги ҳудудда яшовчи аҳолининг эътирозига сабаб бўлаётгани аниқланди. Ушбу масалалар юзасидан туман ҳокимлиги ҳамда масъул ташкилотларга тегишли топшириқлар берилди.

«Абу Бакр Шоший» маҳалласида нима гап?

Ушбу маҳалла аҳли Тарих кўчаси 1-уйда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Ҳасан Турғуновнинг уйи таъмирга муҳтож экани ҳамда маҳалла ҳудудидаги йўллар таъмирталаб бўлгани боис амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Уларнинг фикрлари инобатга олиниб, мутасаддиларга ҳар икки масалани қисқа муддатда ҳал этиш вазифаси юкланди.

«Қўштут»да қўша-қўша  муаммо

Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида «Қўштут» маҳалласидаги Шоший 6-берк, Ҳаракат, Кўкзор, Йўловчи, Фаробий 1-берк, 2-берк ва Улуғ кўчаларида ичимлик суви босими ниҳоятда пастлигини аниқлади. «Сувсоз» ДУК раҳбарияти 2018 йилнинг апрель ойида маҳаллада фуқаролар билан йиғилиш ўтказган ва ушбу муаммони ҳал этиш юзасидан фуқароларга ваъда берган. Бироқ бугунги кунга қадар аҳвол ўзгармаган…
Бу ҳали ҳаммаси эмас. «Қўштут» МФЙга қарашли Улуғ, Йўловчи, Шоший, Ҳаракат, Ҳаракат 1-, 2-, 3-, 4-берк кўчалари, Юрту, Кўкзор ва Қўштут кўчаларида қарийб 20 500 метр кв. йўл асфальт қилиниши керак. Маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан кўп маротаба ҳокимиятга мурожаат этилган бўлишига қарамай, муаммо бартараф этилмаган. Маҳалладаги 20 та эски сим ёғочни янгилаш лозим. «Қўштут» маҳалласига қарашли 102-сонли мактабгача таълим муассасаси қайта таъмирга муҳтожлиги сабабли унинг биносини қайта таъмирлаш учун «Давлат дастури» киритишга амалий ёрдам керак. Шунингдек, маҳаллада яшовчи бир неча нафар кам таъминланган, ногиронлиги бўлган фуқаролар моддий ёрдам сўраб мурожаат қилишган.
Жамоатчилик комиссияси томонидан туман ҳокимлигига ва мутасадди ташкилот вакилларига мавжуд муаммоларни ҳал этиш, тегишли чоралар кўриш ҳамда кейинги мулоқотларда амалга оширилган ишлар бўйича маълумот бериш вазифаси топширилди.

Кўча чироғи қачон ёнади?

Ишчи гуруҳ ўрганишлари давомида «Ҳофиз Кўҳакий» маҳалласининг Сағбон 1-, 2- ва 4-берк кўчаларидаги чироқлар икки ҳафтадан бери ёнмаётгани аниқланган. Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан бир неча маротаба «Тошшаҳарнур» ташкилотига мурожаат қилинган бўлса-да, натижа бўлмаган. Ҳудудда ички кўчаларнинг электр узатиш линиялари таянч устунларини эскириб чириб қолган ёғочдан, бетон устунларга алмаштириш лозим. Шунингдек, маҳалла ҳудудида қурилиш ишлари кетаётгани сабабли Зарқайнар кўчасининг йўллари таъмирталаб. Аҳоли кўчадан қатнашга қийналмоқда.
Таъкидланган муаммоларни бартараф этиш бўйича мутасадди ташкилот вакилларига тегишли топшириқлар берилди.

«Тошшаҳартрансхизмат»га арзимиз бор…

«Хастимом» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 43-автобус қатнови жуда суст, оралиқ вақти эса жуда узоқ. Аҳоли мазкур йўналишдаги автобуслар сонини оширишни сўраб мурожаат қилди. Жамоатчилик комиссияси томонидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ вакилларини навбатдаги учрашувга чақириш ва кўтарилган масала бўйича ахборот беришини ташкил этиш вазифаси шаҳар ички ишлар бош бошқармаси зиммасига юкланди.

«Намуна» намунали бўладими?

«Намуна» маҳалласидаги «Чувалачи» кўчаси таъмирталаб аҳволга келиб қолган, кўчада оқова сувнинг чиқиб кетиши учун ариқчалар мавжуд эмас. Бу ҳолат, айниқса, ёғингарчилик мавсуми бош­ланганида аҳоли ва болалар қатнови учун қийинчиликлар туғдиради.
– 60-70 хонадон яшаётган ҳудудда канализация мавжуд эмас, кўча асфальтланмаган, тунги ёритгичлар ўрнатилмаган, – дейди маҳаллада яшовчи Фарида Алламжонова.
муаммоларга жойига чиқиб аниқлик киритиш ва ҳар бир тегишли муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалга ошириладиган ишлар бўйича навбатдаги учрашувда Жамоатчилик комиссиясига ахборот бериш вазифаси туман ҳокими ўринбосари, Шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси ҳамда «Шаҳар электр тармоқлари корхонаси» АЖлари зиммасига юкланди.

Қурилишлар нега  тўхтаб қолди?

Ишчи гуруҳ раҳбари Улуғбек Муҳаммедовнинг маълум қилишича, «Юқори Себзор» маҳалласи «Обод маҳалла» ­дастурига киритилган бўлиб, дастурда белгиланган 19 та кўп қаватли уйнинг 12 тасида ишлар тўлиқ бажарилган, аммо 1а, 2а, 3а, 34, 35в, ­г 52 ва 59-уйларда ишлар тўхтаб қолган. Масалага аниқлик киритиш ва навбатдаги учрашувда ахборот бериш Шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси вакиллари зиммасига юкланди.
– Уйга хизмат кўрсатувчи ширкат ваколати доирасидаги ишлар тўлиқ амалга оширилмаяпти, – дейди «Юқори Себзор» маҳалласида яшовчи Мамлакат опа. – Ширкат аҳолининг эътирозларига қарамасдан коммунал тўловлар нархини сунъий равишда кўтариб юборган.
Мавжуд муаммоларни ҳал этиш Шаҳар архитектура ва қурилиш бош ­бошқармаси ҳамда Туман ички ишлар бўлими бошлиғига топширилиб, кейинги мулоқот давомида батафсил ахборот бериш вазифаси юкланди.

Янги Себзор»ликлар қоидабузар  ҳайдовчилардан норози

Маҳалладаги пиёдалар серқатнов кўчада янги кафе қурилган, ёнида автотураргоҳ ҳам мавжуд, лекин кафега келган фуқаролар автотураргоҳга машиналарини қўймасдан, кўча атрофига қўйишади. Бу аҳоли ва болаларнинг ҳаракатланишида қийинчилик келтириб чиқармоқда.
Масалани жойига чиқиб ўрганиш ва амалга оширилган ишлар тўғрисида навбатдаги учрашувда Шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Шаҳар давлат автомобиль назорати бўлими вакили ахборот берадиган бўлди.

Асфальт қилинмаган, эсдан чиққан йўллар бор

«Хончабоғ» маҳалласи аҳли Нодира кўчаси билан Нурафшон кўчаси оралиғидаги 50 метр масофадаги йўл асфальт қилинмай қолиб кетганидан шикоят қилишди. Масалани туман ободонлаштириш бўлими билан биргаликда жойида ўрганиб, амалга ошириладиган ишлар тўғрисида нав­батдаги учрашувда ахборот бериш вазифаси Шаҳар ва туман ободонлаштириш бўлими мутасаддиларига топширилди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар