Энди навбат ФРАНЦИЯга…

42

Буюкликнинг сир-синоатини абадият уммонларини неча марталаб ғалвир қилиб ташлаган ғаввоссифат олиму-фузалолар ҳам мухтасар айтиб беришга қодир эмас. Буни дунёнинг бир умр ўзгаришда, ривожланишда ва биз билган-билмаган яна аллақанча омиллар туфайли ҳар сафар янгича ва аввалгилардан-да ажабтовур кўринишда намоён бўлиш қобилиятига эга эканлиги билангина изоҳлаш мумкин.

Жонажон диёримизда эзгуликка йўғрилган ишлардан кўнгиллар тобора равшанлашиб, ёрқин келажакка бўлган ишонч ортгандан-ортиб бораётган бир паллада эшитганимиз мужда — Давлатимиз раҳбарининг Францияга расмий ташрифи жамоатчилик томонидан мамнуният билан кутиб олинди, десак асло муболаға бўлмайди. Беихтиёр атоқли ёзувчимиз томонидан «Ўтган кунлар» романига муҳрланган мана бу сўзлар хотира кўзгусида жонланади: «Мозийга қайтиб иш тутмоқ хайрлидир».
Ўйлаймизки, зукко ўқувчиларимиз гап нима ҳақида кетаётганлигини дарҳол тушуниб етишди.

Маълумки, ҳеч бир мамлакат – ер ости ва ер усти бойликлари қалашиб ётган, бемисл куч-қудратга эга бўлса ҳам, ўз қобиғи ичида тараққий топа олмайди. Буни бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур жуда теран англаган ва имкон қадар қўшни давлатлар билан муносабатларни мустаҳкам асосга қуриш ҳаракатида бўлган.
Хитой, Ҳиндистон, Миср, Рум… Бугина эмас. Анчайин олисда жойлашганига қарамай, Италия, Испания, Англия, Франция каби давлатлар билан ҳамкорликда савдо алоқаларини кучайтиришга эришган. Бундай алоқалар туфайли Шарқ ва Ғарбни боғловчи мисли кўрилмаган улкан иқтисодий ва маънавий кўприк томонларни янада яқинлаштирган, эл-юрт фаровонлигига хизмат қилган.
Кези келганда, Соҳибқироннинг Франция қироли Карл VI га ёзган номасига эътиборингизни тортамиз: «Сиз ўз савдогарларингизни менинг салтанатимга юборинг. Биз уларни илиқ қарши олиб, иззат-икром кўрсатамиз. Биз ҳам ўз савдогарларимизни сизнинг юртингизга йўллаймиз. Сиз ҳам уларга ҳурмат кўрсатинг, уларга ортиқча тазйиқлар қилинишига йўл қўйманг. Сизга бундан бўлак талабим йўқ. Зеро, дунё савдо аҳли ила обод бўлажак».
Шукурларким, бугун тарих солномаларига зарҳал ҳарфлар билан битилаётган зафарли одимларимиз замирида ҳам мамлакатимизда ҳамон хайрли амалларга монанд-мос фикрлаш ва ҳаракатланиш йўлидан борилаётганини кўриб турибмиз. Бундан қувонмай, фахрланмай бўладими ахир!
Мамлакатимизда ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналар хорижий ишбилармонлар доирасини оҳанрабодек тортаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, ҳамкорлик икки томоннинг манфаатларига бирдек хизмат қилган тақдирдагина устуворлик касб этиши мумкин. Инвестицион муҳитни шакллантиришга етарлича шарт-шароит яратиш ва унинг ишлашини тезлаштириш, рағбатлантириш мақсадида бир қатор қонунлар, фармонлар ва қарорлар қабул қилиниб, улар ҳаётда ўз ифодасини топаётганлиги – буни шерикларимиз ҳам эътироф этишаяпти – бошланган хайрли ишларнинг жозибадорлигини таъминлаяпти.
Мана бир мисол. Ҳозирги кунда «Жиззах» махсус индустриал зонаси ҳудудида Франциянинг «Пежо Ситроен» гуруҳи билан ҳамкорликда автомобиль заводи барпо этилмоқда. Заводда йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган «Пежо Экспорт» ҳамда «Пежо Боксер» тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш режалаштирилган. 600 иш ўрни яратиладиган корхона 2019 йилда маҳсулот ишлаб чиқара бошлайди.
Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, мамлакат Президенти 2017 йил 31 мартда имзолаган «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича Давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони инвестиция салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, етакчи чет эл компаниялари ва банк тузилмалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, жалб этиладиган инвестициялар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Франция – юксак тараққий этган давлат. Шак-шубҳа йўқки, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам маданий-маърифий алоқаларнинг янада юқори босқичга олиб чиқилишидан ҳар икки юрт фуқаролари баб-баравар манфаат кўради. У ёки бу масалада қарашлар ва саъй-ҳаракатлар муштараклигига эришилган жойда, албатта, юксалиш юз беради, мақсадлар рўёбга чиқади, тинчлик-осойишталик мустаҳкамланади.
Куни кеча пойтахтимиздаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ташкил этилган «Ўзбекистон – Франция: тарих ва бугунги муносабатлар» мавзуидаги давра суҳбатида тарихий алоқалар, маданий-гуманитар, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати, инвестициявий шерикликни ривожлантириш истиқболлари, транспорт-коммуникация, туризм ва бошқа соҳалардаги муносабатларни мустаҳкамлаш ва янада тараққий топтириш ҳақида сўз юритилди.
Дарҳақиқат, Франция Ўзбекистоннинг Европадаги ишонч­­ли савдо шерикларидан бўлиб, ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 251 миллион АҚШ долларидан ошганлиги ҳам буни тасдиқлаб турибди. Юртимизда Франция капитали иштирокидаги 16 қўшма корхона фаолият юритмоқда. Ишончимиз комилки, яқин келажакда бу рақамлар янада салмоқли кўриниш олади.
Эътиборли жиҳати, Давлатимиз раҳбарининг расмий ташрифи францияликларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Мана, масалан, ўқитувчи Мадлен Барсо шундай дейди: «Тарих китобларида Амир Темур ҳақида ўқиганмиз. Париждаги Лувр музейида бўлганимда ҳам ўша даврга оид кўплаб экспонатлар билан танишдим.
Яқинда таълим соҳасида Ўзбекистондан делегация келгани ҳақидаги хабарни ўқидим. Мактабгача, мактаб, ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилганидан хурсанд бўлдим. Ўзбекистонда француз тили ва маданияти марказларини ташкил қилиш, икки мамлакат таълим вазирликлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш тарафдориман».
Икки томоннинг манфаатларига бирдек хизмат қиладиган ҳамкорлик соҳалари жуда кўп ва, ўйлаймизки, мамлакатимиз Президентининг расмий ташрифи бу йўлда ташланган ўта муҳим қадам бўлади.

Р.ЗАЙНИДДИНОВ

Бошқа хабарлар