Қарор лойиҳаси тайёрланмоқда

38

Газетанинг шу йил 20 сентябрь сонида «Жавоб излаётган саволлар» рукнида чоп этилган «Ҳамон маҳорат қадрдами?» номли мурожаатга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан қуйидагича муносабат билдирилган:

«Ходимлар, шу жумладан, автомобиль ҳайдовчиларининг малакавий тоифаларига кўра улар иш ҳақига белгиланадиган ва тўланадиган устамалар меҳнат қонунчилиги ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Хусусан, Меҳнат кодексининг 153-моддасида меҳнат ҳақининг миқдори иш берувчи билан ходим ўртасидаги келишувга биноан белгиланиши, меҳнат ҳақи қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмаслиги ва унинг энг кўп миқдори бирон-бир тарзда чекланмаслиги назарда тутилган.
Меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар жамоа шартномаларида, шунингдек, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланиши кўрсатилган.
Меҳнат вазирлигининг 1993 йил 26 февралдаги 2\19-сонли қарори билан 1-тоифага эга бўлган автомобиль ҳайдовчилари иш ҳақига 25 фоизли ва 2-тоифа учун 10 фоизли устама Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 18 мартдаги 103-сонли қарорининг 2-бандига асосан қўлланилмоқда.
Ушбу меъёрий ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 июлдаги 538-сонли қарорининг 1-бандига биноан 2019 йилнинг 1 январигача ўз кучини сақлайди.
Автомобиль ҳайдовчилари ойлик маошларини белгилашдаги разрядлари, тармоқ коэффициентлари ва уларнинг малакавий тоифалари (класслари) учун белгиланган устамаларга аниқлик киритиш мақсадида тайёрланган Ҳукумат қарори лойиҳаси ҳозирги кунда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишувда».

Бошқа хабарлар