Бир тўй бўлдики юраклар жунбушга келди

70

Ҳар бир кунимиз тўй бўлсин, тўйларга тўй улансин, дея ният қиламиз. Ва ҳатто, кези келганда бировдан кам бўлмаслик учун мол кетса кетсин, обрў кетмасин қабилида иш тутамиз. Лекин оқибати-чи? Дабдабабозлик туфайли муқаддас қўрғон – оиланинг ич-ичдан дарз кетаётганини ҳам кўриб турибмиз-ку!

Жорий йил Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар Олмазор тумани фаоллари билан ўтказган йиғилишида дабдабали тўйлар мавзусига тўхталди. Унда бир қанча намунали, камхарж, ихчам тўйларни ўтказиш борасида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг лойиҳаси тузилди.
– Давлатимиз раҳбари мавжуд 58 та маҳалланинг ҳар бирида намуна тарзида биттадан тўй маросимларини ўтказишни таклиф қилган эди, – дейди «Қуёш» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуҳаким Қодиров. – Белгиланган ишларни амалга ошириш учун маҳалла фаоллари йиғилиб, маълум меъёрларни белгилаб олдик. Хонадонларни бирма-бир кўз олдимиздан ўтказдик. Охири қайси оилага ёрдам бериш борасида бир тўхтамга келдик. Чунки танлаган хонадонимизда маълум сабаб­лар туфайли оилавий бюджетда муайян даражада етишмовчилик бор эди.
Маҳалла раисининг ушбу ҳолат бўйича шаҳар ҳокимиятига билдиргисидан сўнг шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар ­Нажмиддинова ва туман маҳалла жамғармасидан махсус вакил юборилди. Биргаликда вазият ўрганилиб, шу оилада намунали тўй ўтказишга келишиб олинди. Маҳалла раиси ва вакиллар Каримовлар хонадони эшигини қоқиб, бу ҳақда хабар қилишди.
– Тўйни бошлашдан олдин иккала қуда томон билан суҳбатлашилиб, ортиқча сарпа-­суруқлар қилинмайдиган бўлди. Тўйни «Беруний» тўйхонасида 100 кишилик қилиб ўтказдик. Энг муҳими, мана шундай ҳолатга маҳалладагиларнинг ҳаваси келиб, «биз ҳам тўйи­мизни ихчам-у созгина қилиб ўтказсак бўларкан», дейишди, – ­дейди Абдуҳаким Қодиров.
Бугина эмас. Фаолларнинг айтишича, маҳалла раисининг катта тараддудлар билан элга бериладиган наҳорги ошни ихчам тарзда уйда 5, 10 нафар киши иштирокида ўтказиш ҳақидаги таклифи ҳам инобатга олинди.
– Энг яқин қариндошлар, оила аъзоларимиз иштирокида ўғлим Абдушукур ва келиним Мавжуданинг висол оқшоми бўлиб ўтди. Икки қуда келишган ҳолда 50 нафардан 100 нафар меҳмон иштироки таъминланди, – дейди онахон Маҳфуза Каримова. – Яратганга минг бор шукрки, бир неча йиллардан бери ортга сурилиб келинаётган тўй ихчамгина қилиб ўтказилди. Энди қолган маб­лағга янги оила учун керакли уй жиҳозларини олишимиз мумкин. Эътиборлиси, кичик йиғин билан биз ноз-у неъматларни исроф қилишнинг олдини олдик. Шу ўринда тўйга бош-қош бўлган барча яхши инсонларга ўз миннатдорлигимни билдираман. Юртимиз гуллаб-яшнасин, халқимиз дастурхони тўкин бўлсин.
Тежамкорлик – ярим давлатдир. Камчиқим тўйдан қолган маб­лағ охир оқибат ўша оила корига ярайди, ёшларнинг келажаги учун замин бўлади, албатта. Буни тушунганлар аллақачон мана шундай тўйлар ўтказмоқда, шундай тўйлар ўтказиш ўйида яшамоқда.

Маҳлиё УМИРЗОҚОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар