Илмий-техник тафаккур ва креатив фаоллик захиралари

33
future, technology, business and people concept - close up of male hand with smartphone and hologram of graph

Бугун инновация энг кўп ишлатиладиган атамалардан бирига айланди: «Техник инновация», «ижтимоий инновация», «педагогик инновация», «тиббий инновация», «молия инновацияси», «ҳуқуқий инновация», «бадиий инновация», «эстетик инновация» ва ҳ.к.

Келинг, бу ҳақда сўз юритишдан олдин сўзнинг моҳиятига эътибор қаратайлик. Инновация — «ин» ичи, ичига, «новация» янгилик демакдир. Этимологик нуқтаи назардан, «инновация» сўзини «янгилик олиб кириш» дейиш мумкин. Бироқ бу талқин етарли эмас…
Бугун ОАВ ва адабиётларда, ҳатто мактаб ўқувчиси ёки талабанинг шеърий машқларини ҳам инновация дея аташ одатга айланмоқда. Инновация, мен учун, соҳани ўзгартиришга, уни мутлақ янги поғонага кўтаришга қодир ижод ва яратиш, креатив фаолликдир. Акс ҳолда унга янги воқелик сифатида қарашга ҳожат йўқ, у навбатдаги сўз ўйинига айланади. Инновация, аввало, — ижод. Креативлик, яъни яратувчанлик фаолияти. Ушбу ижодни, креативликни инсон миясидан изламоқ керак.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон мияси 350 км. га жой бўладиган ахборотларни ўзига жо этиши мумкин, биз ушбу имкониятнинг 3-5 фои­зидан фойдаланамиз, холос. Инсон миясининг тузилиши барча кишиларда, уларнинг миллати, этногенези, жинси ва қайси ижтимоий муҳитда яшашидан қатъи назар, бир хил — у ижод этиши ва яратиши мумкин. Ғарбликнинг яратганини шарқлик ҳам ярата олади, олмоннинг яратганини ўзбек ҳам ярата олади. Лекин аслида-чи? нега? Барча жумбоқ мана шу саволда…

Ўзбекистонда илмий-техник ижодни ташкил этишга қаратилган 100 дан зиёд мактабдан ташқари муассасалар, ҳар бир шаҳарда Ёшлар ижод марказлари, илмий-техник кадрлар тайёрловчи ўрта махсус ва олий ўқув юртлари мавжуд. Махсус ўқув юртларимизни ҳар йили 10 минг нафарга яқин техник маълумотли кадрлар битиради. Ўтган икки йил ичида Президентимизнинг илм-фанни ривожлантиришга қаратилган бир ­неча фармон ва қарорлари қабул қилинди. Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида ижтимоий тараққиётни таъминловчи дадил илмий-техник, инновацион изланишларга чорлаяпти, бу борадаги ҳар қандай таклифни, ғояни қўллаб-қувватлашга шай. Зеро, Президентимиз «Илм-фанда халқимиз манфаатига хизмат қиладиган ўз йўлимизни ­топмасак, эртага ёшларимиз бизни кечирмайди. Иқтисодиётимиз қачон барқарор бўлади? Фанни ривож­лантирсак. Илм ўз-ўзидан бўлмайди, унга машаққатли меҳнат, давлат миқёсида эътибор керак», деб бежиз таъкидламади.

Мени эса давлатимиз раҳбарига ҳурматли академикларимизнинг берган ваъдалари ажаблантирди. Улар 40, 20 йил олдинги халққа, илм-фан ривожига хизмат қиламиз, деган ваъдаларини такрорлашди. Хаёлимдан «иссиқлик энергиясига эҳтиёж кучайиб бораётганига гувоҳ академикларимиз нега Ўзбекистонда АЭС яратиш ғоясини давлатимиз раҳбари олдига ­қўйишмади?», деган савол кечди. Ўзбекистонда АЭС қуриш зарурлигини Президентнинг ўзи айтгач, улар гулдурос қарсак­лар чалишди.

Илмий унвон ва илмий даражаларга эришиш осон эмас, аммо улар савлат тўкиб кенгашлар, президиумларда ўтириш учун берилмаслиги ҳам бор гап. Фанлар Академиясига сайловлар ўтказилди, академикларни моддий ва маънавий рағбатлантириш йўлга ­қўйилди, аммо бирор академигимизнинг инновацион ғоялар билан матбуот­­да чиққани, ёш ихтирочилар ва тадқиқотчиларни инновацион изланишларга етакловчи ижодий уюшма тузгани, янги технологиялар яратиш мактабини очганини мен билмайман. Ахир, жамиятимизнинг мутлақ янги илмий-техник тафаккурга, креатив изланишларга муҳтож эканини улар билмайдими? Нима учун мактаблар, лицейларга қатнайдиган академиклар, профессорлар сони кам? Нега мактабдан ташқари муассасаларда ёки Ёшлар ижоди марказларида бирор илмий-техник уюшма очиб, ёшларга инновацион фикрлаш сирларини ўргатувчилар ундан-да оз?! Академиклар ўз мавқеини ҳимоя қилиш учун менга эътирозлар билдириши мумкин. Уларнинг эътирозларига жавобан олдиндан мисол келтирмоқчиман.
Ўзбекистонда энергетика соҳасини ривожлантириш учун давлатимиз 2012 – 2017 йилларда «Ўзбек­энерго» акциядорлик жамиятининг 14 та грантига 3,3 миллиард АҚШ долларида маб­лағ киритган. Биргина грант лойиҳаларини тайёрлашга 185 миллион доллар кетган, тўғрироғи, шунча ­маблағни лойиҳа муаллифлари олишган. Ачинарли ҳол шундаки, грантларнинг бирортаси кўнгилдагидек бажарилмади, кейинчалик «уларнинг барчаси мақсадга мувофиқ эмас,» деб топилиб, тўхтатилди. Кетган пулларни қайтариб бериш, шу жумладан, грантларга ижобий хулосалар ёзиб берган, уларда қатнашган академик ва тадқиқотчиларнинг хаёлига ҳам келмади. Яна бир мисол. 2010 йилдан бошлаб банкрот бўлган корхоналарни тижорат банклари томонидан молия­вий қўллаб-қувватлаш тартиби жорий этилди. Лекин ушбу корхоналардан ривожланиш лойи­ҳалари, уларга кетадиган харажатлар ҳисоб-китоб қилинмади, мулк эгаларининг қанча ­маблағ ажратиши кераклиги белгиланмади, натижада тижорат банклари орқали давлат бюджети маблағлари очиқдан-очиқ талон-тарож қилинди. Мазкур корхоналарнинг қандай ишлаётгани, олган кредитларни қайтараётгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Ахир, академикларимиз, бозор иқтисодиётини ёқлаётган тадқиқотчиларимиз давлат маблағлари ҳисобига хусусий мулк яратиш, яшаш, корхоналар қуриш иқтисодий демократия талабларига умуман тўғри келмаслигини билмасмиди? Нега улар бу саъй-ҳаракатлар бозор иқтисодиёти учун номақбул ҳол экани ҳақида бонг уришмади? Кўпгина илм ходимларининг аллақачон ишланган, ҳеч қандай янгилиги қолмаган лойиҳаларда ­қайта-қайта қатнашишларини қандай тушуниш керак? Шу пайтгача бирорта самарасиз лойи­­ҳа аниқланиб, унга ажратилган ­маблағлар қайтариб олинмаган ёки ­бошқа грантларга ўтказилмаган. Кераксиз лойиҳаларга ­маблағлар ажратилаётганини академикларимиз, тадқиқотчиларимиз билмайдими?

Ўз-ўзидан савол туғилади: нега илмий-техник ғоялар четдан қидирилади? Илмий-техник янгилик­лар, ускуналар четдан олиб келинади!? Уларга миллионлаб, ҳатто миллиардлаб доллар сарфланади? Демак, илмий-техник тафаккурни қабул қилишга халақит берадиган нималардир бор. Буни психологлар аниқлаши, айтиб бериши мумкин эди, лекин улардан садо чиқмаяпти.

Ижод, креатив фаоллик нафақат яқинларинг бахш этадиган завқ ва ҳузурлардан, гоҳо ўз оромингдан, бахтингдан ҳам кечишни тақозо қилади.
Наҳотки, кўпчилигимизнинг онг-у тафаккуримизга беғамлик, бепарволик вируслари «ин» қургани рост бўлса? Яхшиямки, бутун миллат учун фикр қиладиган етакчимиз ва кўп бўлмаса-да, инновацион изланишларга мойил тадбиркорларимиз бор. Мен эса бундай ижодкор ва креатив фаол шахсларнинг ҳар бир меҳнат жамоасида бўлишини истайман.
Қибрай тумани ҳокимияти яқинидаги икки-уч қаватли савдо, хизматлар кўрсатиш ва тикув корхоналарини бошқа шаҳар ва қиш­лоқлардан келган ёшлар қурган. Улар ғиштларни елкасида таширди, лойни белкуракда қориб, челакда тепага қатнашарди. Қиш совуғида целлофан билан тўсилган, санитария-гигиена талабларидан мутлақо узоқ ўтовда яшашарди. Буюртмачилар уларга бирор техника воситаси олиб келиб беришни хаёлига ҳам келтиришмасди. Бу икки-уч йил олдин бўлган ҳодиса. Ҳозир-чи? Ҳафтада бир марта Қибрайдан Чирчиққа йўлим тушади. Доим катта йўл бўйида ўроқ, кетмон ва супурги кўтарган кишиларни кўраман. Улар ариқлар бўйларидаги чимларни текислаб, йўл ўртасидаги тўсиқларни оқлаб юришади. Ғоят ажабланарли ҳол — кўчаларни тозаловчи, чимларни қирқувчи, тўсиқларни оқловчи машиналар бўлса-ю, кишиларимиз ўроқ, кетмон, супургини қўлидан қўймаса. Яна бир кенг тарқалган, одатга айланган мисол: ўша Қибрай-Чирчиқ йўлида фермер хўжаликлари бор. Жазирама иссиқ кунларида ёлланган хизматчилар боши ва юзини рўмоллар билан тўсиб, ерларни юмшатиб, ёввойи ўтлардан тозалаб, ўғитлар сепиб, ҳосилларни териб юришади. Сабзи ва картошкаларни техника воситаларида кавлаб олиш мумкинлиги фермерларнинг хаёлига ҳам келмайди.
Баъзан ўйланиб қоламан: миллий ўзига хослик, этностерео­типлар, миллий маданият ва турмуш тарзи, деган нарсалар ахир беҳуда тилга олинмайди-ку?! Ҳа, турмуш тарзимизда ўзига хосликлар кўп, узоқ асрлар давомида шаклланган этноанъаналардан воз кечиш осон эмас. Бироқ мия тузилишини ўрганган мутахассислар этнохусусиятларни ифода этувчи ва кишини ушбу хусусиятларга мувофиқ яшашга ундовчи нуқталарни топиша олмаган.

Демак, тадқиқотчилар эътироф этадиган этностереотиплар ташқи борлиғимизда, ушбу ташқи борлиқни ўзича англашга ундовчи тасаввурларимиздадир. Бу тасаввурларни биз истаган томонга ўзгартиришимиз, янгилашимиз, зарур бўлса, улардан воз кечишимиз мумкин. Инновацион илмий-техник тафаккур ва креатив фаолликни ҳам шундай шакллантиришимиз мумкин.

Қайд этилган фикр-мулоҳазалар мени қуйидаги таклифларни билдиришга ундайди:
Биринчиси, ижод ва креатив фаоллик захиралари — иқтидорли, ­мустақил ва дадил фикрловчи ёшлар. Бугун таълим-тарбия ва кадр­лар тайё­рлаш тизими ҳарфларни таниш, тайёр таърифларни ва теоремаларни ёдлашга ўргатади. Инновация эса ­мустақил, дадил фикрлаш ва изланишни касби, ҳаёт тарзига айлантирган ёшларга муҳтож.
Иккинчиси, илмий-техник тафаккур инновация бозорларини, инновация менежментини шакл­лантиришни тақозо этади. Ўтган асрнинг 30-йилларидаги «буюк инқироз»дан АҚШ ва Европа давлатлари асосан инновацион технологияларга ва уларни бозорларга чиқаришга кенг йўл очиб бериш орқали қутулишган. Биз таназзул ҳолатида эмасмиз, аммо у бозор иқтисодиётини мудом таъқиб қилади.
Учинчиси, илмий тадқиқот инс­титутлари директорлари ўринбосарларини тегишли йўналишдаги олий ўқув юртларига илмий ишлар бўйича проректор этиб тайинлаш зарур. Талабаларнинг илмий-техник тафаккурини ошириш механизмларини яратиш лозим. Шундай механизмлардан бири Инновацион ривожланиш вазирлигининг стипендиялари ва грантларини жорий этиш, ўта иқтидорли талабаларнинг контракт пулларини тўлаш, уларни давлат мукофотларига тақдим этишдир. Бу механизмни барча вазирлик, давлат қўмиталари ва корпорациялар қўллаши мумкин. Инновацион кашфиётлар қилган мактаб ўқувчиси Россияда имтиҳонсиз олий ўқув юртларига қабул қилинади, талабага эса Олмония­­да илмий унвонлар (РhD ёки DSc) берилади.
Тўртинчиси, инновацион ривож­ланишнинг яна бир захираси — чет эл технологиялари. Уларни ўрганиш ва ўзимизга татбиқ этиш кадр­ларга боғлиқ. Бундай кадрларни тайёрлашга Инновацион ривожланиш вазирлиги алоҳида эътибор қаратиши лозим. Хитой эришган иқтисодий тараққиёт чет эл инновацион кашфиётларини ўзлаштириш ҳисобига бўлган. Бу ҳаётий ва амалий мисол.
Бешинчиси, инновацион кашфиётлар базасини яратиш учун Респуб­лика илмий техник кутубхонасини ташкил этиш лозим. Шундай кутубхона илгари бор эди. Уни жаҳон стандартларига мувофиқ ташкил этиш ва дунёдаги инновацион ишланмалар ҳақидаги маълумотларни йиғишга йўналтириш керак.
Олтинчиси, инновацион ишланмаларни, кашфиётларни тижоратлаштириш, сотиш хўжалик юритиш фалсафасини мутлақ янгидан ишлаб чиқишни тақозо этади. Бу фалсафанинг моҳия­­ти ижод ва креатив фаолликнинг барча турларини интеллектуал мулк сифатида муносиб тақдирлаш ва нархлашдадир. Моддий манфаатдорликни қондириш инновацион изланишларни қўллаб-қувватлашнинг ­навбатдаги захирасидир. Усиз инновация чин ижод ва креатив фаоллик бўла олмайди.
Еттинчиси, тадбиркорлик, ишбилармонлик, хусусий мулк инновацион ривожланишнинг туганмас захиралари ҳисобланади, уларнинг креа­тив фаоллигини миллий тараққиёт манфаатлари билан уйғунлаштириш ­бошқариш фалсафасининг вазифасига киради. Бу фалсафа сиёсий-ҳуқуқий ёндашувдан кенг, унга иқтисодий, молиявий, ташкилий, маънавий ва руҳий-когнитив ёндашувлар ҳам киради.
Демак, инновация, ижод ва креатив фаоллик бутун фикрлаш ва яшаш тарзимизни янгилашга қодир.

Виктор АЛИМАСОВ,

фалсафа фанлари доктори

Бошқа хабарлар