Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришни талаб этади

90

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси билан ҳамкорликда 7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишланган «Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришнинг концептуал асослари» мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, вазирлик, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар ва касаба уюшмалари, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) мутасаддилари иштирок этдилар.
Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан илгари сурилган Муносиб меҳнат Концепцияси тўртта муҳим стратегик мақсадга – меҳнат соҳасидаги асоссолувчи ҳуқуқларни амалга ошириш, банд­лик ва даромад олиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимоя тизимларини такомиллаштириш, ижтимоий мулоқотни мус­таҳкамлаш мақсадларига асос­ланади. Мазкур Концепцияга мувофиқ муносиб меҳнатнинг барқарор бандликни таъминлаш, бу соҳадаги ҳамма камситишларни бартараф этиш, барча меҳнаткашларни меҳнат шартномалари билан қамраб олиш, қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий суғурта ва ижтимоий ҳимоянинг самарали тизимларини ривожлантириш, меҳнаткашларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқларини амалга ошириш, жамоа музокаралари юритиш ва жамоа шартномаларини тузиш каби таркибий қисмлари муҳим ҳисобланади.

Давра суҳбатида Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги босқичга кўтарилишида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги тарихий маърузаси улкан аҳамият касб этгани алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. Амалга оширилаётган Муносиб меҳнат бўйича Ўзбекистон Республикаси дастури мазкур ҳамкорлик самарадорлигининг ёрқин далилидир.
Тадбир давомида миллий ва халқаро экспертлар мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва ҳаётга изчил татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож­л­антиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида барча соҳаларда, шу жумладан, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилаётганини қайд этдилар. Мазкур йўналишда миллий ва халқаро стандартларни янада уйғунлаштиришга қаратилган қатор ташаббус­лар амалга татбиқ этилмоқда.
Бугун Ўзбекистонда меҳнат соҳасининг барча йўналишларида изчил ­чора-тадбирлар ва тизимли ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, ишчи кучига бўлган эҳтиёжни рағбатлантириш, барқарор иш ўринларини яратиш, ижтимоий ҳимоя тизимларини кенгайтириш бўйича Ҳукумат даражасида тизимли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик секторини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда меҳнат соҳасида таъсирчан давлат ва жамоатчилик назорати йўлга қўйилгани, муносиб меҳнат тамойилларини амалга ошириш мақсадида давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида конструктив ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шериклик ўз самарасини бераётганини алоҳида қайд этдилар. Бу жараёнда Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув алоҳида аҳамиятга эга эканлигига урғу берилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари 6 миллион 150 мингдан ортиқ аъзога эга бўлиб, мамлакат миқёсида иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ижтимоий соҳани қамраб олган 40 мингдан ортиқ ­бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Охирги икки йилда Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар ҳар йили турли мулк шаклига эга бўлган минглаб янги ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари ташкил этилишига кенг имкониятлар яратмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан янги ташкил этилган корхона, ташкилот ва муассасаларда бошланғич касаба уюшма ташкилотларини тузиш, бу орқали уларда меҳнат қилаётган ходимлар меҳнатини муҳофазалаш, муносиб меҳнат шароит­ларини яратиш, ижтимоий имтиёз ва кафолатлар кўламини кенгайтириш, нафақат ходимлар, балки уларнинг оила аъзолари соғломлаштирилишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давра суҳбати давомида «Ислоҳотлар жараёнида меҳнат ҳуқуқларининг муҳимлиги», «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги фармонининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган «Хусусий бандлик агентликлари» тўғрисидаги қонунининг мазмуни ва хусусиятлари», «Халқаро касаба уюшмалари конфедерациясининг навбатдаги конгрессида муҳокамага қўйилган масалалар», «Мустақил Ҳамдўстлик Давлатлари минтақасида меҳнат бозори муаммолари», «Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ этиш концепцияси тўғрисида», «Меҳнат органлари тузилмасини такомиллаштириш ҳамда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатини муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари», «Касаба уюшмалари тўғрисидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси» мавзуларидаги маърузалар тингланди.
– Маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 19 миллионга яқини меҳнат ресурси ҳисобланиб, 1,4 миллион киши ишлаш учун хорижга йўл олган. Бундан ташқари, ҳар йили меҳнат бозорига 765 мингга яқин банд бўлмаган фуқаролар чиқади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева. – «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 2018 йилнинг 6 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, шу йилнинг 27 сентябрида Сенат томонидан тасдиқланди. Мазкур қонуннинг асосий вазифаси хусусий бандлик агентлик­лари фаолияти билан боғлиқ муносабатларни мувофиқлаштиришдир.
– Нафақадагиларга ижтимоий хизматларни кўрсатиш мақсадида замонавий ахборот-коммуникацион технологиялар жорий этилмоқда. Хусусан, «Пенсия иши» ком­п­ьютер дастури ишлаб чиқилди ва жорий қилинди, интерактив хизматлар ишга туширилди, барча ҳисоботлар автоматлаштирилган тизимга ўтказилди, банклар ва бошқа идоралар билан маълумотлар алмашиш тизими яхшиланди, – дейди Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Баҳодир Шаропов. – Нафақадаги кекса ва ногиронларга аниқ ва тўлиқ маълумот бериш мақсадида Бюджетдан ташқари жамғарма томонидан энг кўп учрайдиган саволларга жавоблар тайёрланган бўлиб, улар билан «Ишонч телефонлари»миз (239-41-12, 200-06-00) орқали танишиш имконияти мавжуд.
Тадбир якунида ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги ижтимоий шерик­ликни янада ривожлантириш борасида билдирилган фикр ва мулоҳазалар муҳокама қилинди. Халқаро меҳнат стандартларини жорий этиш соҳасида Ўзбекистонда эришилаётган ижобий натижалар фуқароларнинг муносиб меҳнатга бўлган ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш учун хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди. Халқаро ва миллий иштирокчилар мазкур давра суҳбати келгусида меҳнат соҳасидаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш ва муносиб меҳнатни таъминлаш йўналишидаги ижтимоий шерикликни кучайтириш борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришини таъкидлаб ўтдилар.
Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишланган давра суҳбатлари республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар