МИЛЛИЙ МЕРОС муносабат ўзгарди, бу ёғи ўзимизга боғлиқ

49

Низомий номидаги Педагогика институти (ҳозирги университет)да ўқирдим. Бир домламиз юртимиздаги илк газета 1870 йилда ташкил этилгани ва «Туркистон вилоятининг газетаси» деб номланганини айтиб қолди. Алишер Навоий номидаги Давлат кутубхонасига бориб ушбу газетага буюртма бердим. Кутубхона ходимаси газета тахламини олиб келиб берди. Жилдни очдим-у ҳайрон бўлиб: «Буни нега олиб келдингиз? Ўзбек тилидаги газетага буюртма берган эдим-ку», дедим.

– Бу ўзбек тилидаги биринчи газета. Агар ўз маданиятингиз, ёзувингиздан бехабар бўлсангиз, мен айбдормасман, – дея ходима нари кетди.
Бироз каловланиб ўтириб, газетани қайтардим. Кутубхона маъмуриятига мурожаат қилдим. «Китобхонларга эски ёзувни ўргатиш мажбуриятини олмаганмиз», мазмунида қисқа ва кескин жавоб бўлди.
Нима қилай, ўшанда мен ўқийдиган тарих факультети, умуман, республикамизнинг бирор олийгоҳида эски ўзбек ёзувини ўргатиш йўлга қўйилмаган эди-да.
Кутубхонадаги ҳолатимдан музтар бўлиб, эски ўзбек ёзувини ўрганишга қатъий бел боғладим. Аммо бу ўша – собиқ шўро даврида осон эмасди. Қишлоғимдаги бир неча кишига мурожаат қилганимда: «Менда қасдинг борми? Ёки ўзингга қасд қил­япсанми? Биз 30-йилларда шу ёзувни билмаймиз, деб жон сақлаганмиз. Бу масалага бош­­қа қайтмайлик», деган жавобни эшитдим. Начора, излай-излай аранг эски ўзбек ёзуви «Алифбо»сини топиб, ўрганганман.
Халқимиз Ат-Термизий, Ал-Мотурудий, Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби буюк аждодларимизнинг нодир асарларини аслиятда ўқиш, уни тушуниш ва ўзгаларга тушунтириш зарурлигини ҳамиша яхши анг­лаган. Уни амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижасида 80-йиллар охирида ўз ёзувимизни ўрганишни бошладик. 1989 йил 1 сентябрдан имкони топилган мактабларда 1 соатдан эски ўзбек ёзувини ўрганиш, телеэкран орқали эса «Эски ўзбек ёзувини ўрганамиз» дастури йўлга қўйилди. Журналлардан «Гулистон», «Фан ва турмуш» кабилар эски ўзбек ёзувини ўрганувчилар учун матнлар эълон қила бош­лашди. «Ўқитувчи» нашриёти 1992 йилда Муҳаммаджон Қодиров билан Маъсудали Ҳакимжоновнинг 3-4-синфлар учун дарслик сифатида яратган «Алифбе» китобини 600 000 (олти юз минг) нусхада босиб чиқарди. Аммо… Айрим сабаб­ларга кўра эски ўзбек ёзувини ўрганиш ва ўргатиш бекор қилинди.
Биз ўтмишдаги хато ва камчиликка йўл қўйган кимсаларга бармоқ ўқталиш ниятидан йироқмиз. Мақсад битта – давлатимиз томонидан миллий меросимизни ўрганишга кўрсатилаётган эътибордан оқилона фойдаланиш, миллий тарихимиз ва меросимизни ўрганиш. Шу ўринда Президентимизнинг 2017 йил 24 майда «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингани айни муддао бўлганлигини таъкидлашни истардим. Ўйлайманки, ўрта таълим мактабларида эски ўзбек ёзувини ўрганиш йўлга қўйилса, бу янада юқори натижаларга эришиш йўлидаги муҳим қадам бўларди.

Мирзааҳмад ТЎЛАЕВ,
нафақадаги ўқитувчи
Оққўрғон тумани

Бошқа хабарлар