«Cен сувора айт, мен яйраб йиғлай…»

335

Кўплаб ўлмас қўшиқлари билан мухлислар қалбидан жой эгаллаган, Биринчи Марказий Осиё мақомчилар кўрик-танлови ғолиби Азамат Отажонов билан суҳбатимиз мақом, санъат, адабиёт, одамийлик ва бошқа мавзуларда бўлди.

– Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривож­лантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганига ўн бир ой бўляпти. Нима деб ўйлайсиз, бу даврда қандай ўзгаришлар юз берди?

– Ушбу қарор билан танишган пайтимда кўнглимдан Президентимиз мақомни «қизил китоб»га киришдан асраб қолди деган фикр ўтди. Ҳужжатда айтилганидек, миллий ўзлигимизни анг­лаш, маданиятимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз, аввало, ёш авлодимизни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаш, унинг эстетик диди ва тафаккурини шакллантиришда мақом санъатининг кенг имкониятларидан етарлича фойдаланмаганмиз. Қарорда мақом санъатини ривож­лантириш учун кўрилиши лозим бўлган чора-тадбирлар аниқ ва равшан белгилаб берилган. Амалга оширилган ишлар эса дилни қувонтиргулик. Энг катта муваффақият – биринчи халқаро мақом фестивали. Шаҳрисабзда ўтган ушбу анжуман ўзбек мақомининг бутун дунёда довруқ қозонишига хизмат қилди.

Республика миллий мақом маркази ташкил қилинганлиги ҳам улкан воқеалардан бири бўлди. Эндиликда ҳудудларда унинг филиаллари иш бошлаш арафасида. Телевидение ва радиода мақомга кўпроқ вақт ажратилмоқда. Энг муҳими, санъат аҳлининг ҳам, халқимизнинг ҳам мумтоз оҳангларга муносабати ўзгармоқда.
Буларнинг барчаси менга машҳур шоирнинг сўзларини яна бир бор эслатди:
«Кўзингни юм. Ўтмишингни кўрасан.
Аммо, ўтмишингдан кўз юмма», деган эди у.

– Шахсан, ўзингиз-чи, ушбу қарор ижроси ва мақом ривожи йўлида нималар қиляпсиз?

– Ушбу саволни нафақат санъаткорлар, мақом ижрочилари, балки миллий санъатимизни севувчи, умуман миллатимизни севувчи ҳар бир инсон ўзига бериб кўриши лозим. Боиси, мақомни ривожлантириш фақат давлатнинг ёки шу соҳа вакилларининг вазифаси эмас. Мақом – халқимизнинг бебаҳо бойлиги. Уни асрашга ва келажак авлодга етказишга барчамиз масъулмиз. Мен «Шошмақом»ни, Хоразм мақомларини, Тошкент-Фарғона йўлидаги катта ашулаларни ҳам жонли ижрода куйлаб, халқимизга етказишга ҳаракат қилиб келяпман. Қолаверса, шогирдлар тайёрлаяпман. Давлатимиз раҳбарининг қароридан руҳланиб, Урганч санъат коллежига ишга келдим. Коллежда «Наврўз» номли мақом ансамбли фаолият кўрсатмоқда. Ушбу жамоа репертуарини қайта кўриб чиқдик. «Сегоҳ», «Дугоҳ» гуруҳидаги ҳамма қўшиқларни ўрганяпмиз. Навоийхонлик кечаси ташкил қилдик. Байрамларимиз муносабати билан мақом кечалари уюштирдик. 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб мақом кечаларини камида ойда бир марта ўтказишга келишиб олдик. Хоразмлик яккахон ижрочилар ва бадиий жамоалар иштирокида Ҳожихон Болтаев номидаги мақом ижрочилари танловини ташкил қилдик:

– Сиз мақом «Қизил китоб»га кириш арафасида эди, деган фикрни айтиб ўтдингиз…

– Адабиётни беқадр қилган – истеъдодсиз ёзувчилар, мақомни хорлаган – санъатдан узоқ «санъаткорлар». Даврни, тузумни кўпам айбдор қилмаслик керак. Мулла Тўйчи ҳофиз, Маъруфхўжа Баҳодиров, Ҳожихон Болтаев кабилар қайси давр­­да мақом айтишган? Мен консерваторияни тамомлаётганимда Ҳожихон Болтаев ижоди ҳақида диплом иши ёзганман. Шу жараёнда кўрдимки, илгарилари мақом ижрочилари гоҳ Ўзбекистоннинг турли вилоятларида, гоҳ Тожикистонда тўпланиб, тонг отгунга қадар мақом куйлашган экан. Ана шундай машваратларнинг бирида Мулла Тўйчи ҳофиз Ҳожихонга «Сен бир сувора айт, мен яйраб йиғлай», деган экан.
Мақомлар аслида Аллоҳга муножот бўлиб, ХХ асрда эса, замона зайли билан кўплаб сўзлар алмаштирилган.
Мақомдан узоқлашиш, энг ёмони, ХХI аср бошларида бошланди. Интеграциялашув деймиз, ахборот макони кенгаймоқда деймиз, хуллас, чет эл мусиқаларининг ҳаётимизга кириб келиши натижасида, аввало, қўшиқчиларнинг, қолаверса, халқимизнинг мақомга муносабати ўзгарди. Санъаткорнинг асосий мақсади кўпроқ тўй олиш, даромад қилиш бўлиб қолди. Кечирасиз-у, бир-икки пиёла «жиринг-жиринг»дан кейин тўйга келган одам «сувора» эшитадими? Йўқ, албатта! Унинг ­сакраб-тушиб ўйнагиси келади. Биз санъатга эндигина кириб келган даврларда, ўтган асрнинг 90-йилларида тўйларда ҳам, базмларда ҳам камида икки соат сувора айтиларди. Ҳозир-чи? Ўн беш дақиқадан кейин ёшлар тугул, катталарнинг ҳам қовоғи осила бошлайди. Бўлди-да, тўйга ўйнагани келганмиз, деб писанда қилишади. Санъатга тўй орқали баҳо берилиши оқибатида кимни кўпроқ тўйга айтишса, шу зўр деган қараш пайдо бўлди. Бу «зўр»лар айтаётган «қўшиқ»лар ҳеч қандай маъно-мазмун касб этмаётгани ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди. Нафақат тўйларда, расмий тадбирларда, телевидение, радиода ҳам уларнинг ошиғи олчи бўлиб қолди…
Халқлар бир-биридан нимаси билан фарқ қилади? Албатта, тили ва мусиқаси билан. Тилга, мусиқага эътиборсизлик – инсоннинг ўзига, ўзлигига эътиборсизлиги эмасми?

– Мақомга бўлган меҳрни буткул қайта тиклаш учун яна нималар қилиш керак, деб ҳисоблайсиз?

– Аввало, мақом нима эканлигини чуқур англаб етайлик. Мақом, бу – илм. Бу биринчидан математика, иккинчидан мусиқа, учинчидан тасаввуф, тўртинчидан фалсафа, бешинчидан адабиёт, олтинчидан тарих. Мақомни тинглаш, англаш учун ҳам, мақом куйлаш учун ҳам мана шу фанларнинг барчасидан хабардор бўлиш керак. Яқинда ўзини жуда нуфузли, санъат билимдони деб ҳисоблайдиган шахс менга жуда ғалати бир гап айтиб қолди: «Сизлар мақомни кулиб айтмайсизлар, шунинг учун одамлар эшитмайди». Демак, шу одам мақом нималигини билмайди. Ҳали, айтганимдек, бу Аллоҳга муножот. Аллоҳга кулиб илтижо қилиб бўладими? Мана, «Сегоҳ»дан: «Гаҳе кўзимга ҳол тушубдур, гоҳе ғубор». Шу гапни кулиб айтиш мумкинми?
Консерваторияда таҳсил олиб юрган кезларимиз эди. Бир куни раҳматли устозим Фаттоҳхон Мамадалиев асабийлашиб келди. Нима гаплигини сўрасам, «Телевизорда «Гиря»­­ни айтишяпти. Қўлларини кўксига қўйиб, жилмайиб туришибди», деди…
Мақом тинглаш кўникмасини болаликдан шакллаштириш зарур. Мен мусиқа дарслари ҳафтада бир марта ўтилишига қаршиман. Ҳеч бўлмаганда икки соат ўқитиш, кўпроқ уларни миллий санъатимиз билан таништиришимиз лозим. Кези келганда, бир гапни айтмасам бўлмайди. Ўтган йилимиди, Жанубий Кореядан келган меҳмонлар билан бир даврада ўтириб қолдик. Мусиқадан бутунлай йироқ касбда ишловчи кишилар – бири қурувчи, яна бири иқтисодчи. Уларнинг хор бўлиб халқ қўшиқларини куйлашига шундай ҳавасим келди. Биз қайси қўшиқни хор бўлиб айта оламиз? Ваҳоланки, келажак авлодни миллатпарварлик, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун, аввало, улар қалбига миллий мусиқамизни сингдиришимиз керак.

– Суҳбатимиз давомида адабиёт ҳақида кўп тўхталдингиз. Китоб ўқишга иштиёқингиз баландлиги кўриниб турибди.

– Навоий ғазалларини мутолаа қилмаган кунимни беҳуда ўтган деб ҳисоблайман. Умуман, мумтоз адабиётимизни яхши кўраман. Умар Ҳайём, Бедил, Огаҳий, Машрабнинг мухлисиман. Сўз – илоҳий неъмат деб ҳисоблайман. Бир ривоят эсимга тушди. Бир киши кузатиб турса, кўчада китобни бошига қўйган ўсмир ўтиб қолибди. Эртаси куни китобни ўнг қўлтиғига, индинига бағрига босиб ўтибди. Кузатиб турган одам ҳайрон бўлиб, ўспиринни ёнига чақирибди.
– Ўғлим, тенгқурларинг китобни осилтириб олиб юрадилар. Сен эса гоҳ бошингга, гоҳ бағрингга қўясан. Сабаби нима?
– Китоб – илоҳий неъмат, ундан илм оламан, илмни осилтириб олиб юриб бўлмайди, – дебди ўспирин.
– Исминг нима? – ҳайратланиб сўрабди кузатиб турган одам.
– Сулаймон, – жавоб қилибди ўсмир.
– Бугундан бошлаб менинг шогирдимсан.
Кузатиб юрган инсон Аҳмад Яссавий, ўсмир эса Сулаймон Боқирғоний ҳазратлари эди…
Яна бир гапни айтай: раҳматли Матназар Абдулҳаким билан соатлаб навоийхонлик қилардик. Руҳимиз ўсарди, иймонимиз мустаҳкамланарди. Ҳозир у кишидай ҳамсуҳбатга муштоқман.
Бизга боболаримизни саводсиз бўлишган деб уқтиришган. Аслида биз саводсизмиз. Қачон Навоийни луғат билан ўқишган? Ёши катталардан кўп эшитганмиз, ўн тўққизинчи асрларда навоийхонлик, бедилхонлик кечалари бўлган. Машраб ғазалларини халқ ёддан билган. Ҳозир ҳатто ўзини зиёли санайдиганлар ҳам Навоийдан тўртта ғазал айтиб, шарҳлаб беролмайди.
Бугун адабиётдан узоқлашиб кетганимиз оқибатида сўзнинг сийқасини чиқариб юборя­пмиз. Тушунган-тушунмаган одамлар китоб ёзяпти. Китобни қадрлаган, ҳурмат қилган одам ёмон асар ёзишдан, уни одамларга етказишдан ўзини тийиши керак.

– Азамат Отажоновнинг орзуси нима?

– Энг катта орзуим Хоразм санъат академиясини ташкил қилиш! Хоразм санъатининг дунёда қиёси йўқ! Мақомдан ташқари, халфачилик, фольклор, бахшичилик, замонавий ижро ва рақс йўналишлари бутунлай ўзига хос. Бизда, билсангиз, эркаклар рақси ҳамда мақом уфориси бор. Урганч давлат университети мусиқа факультети мусиқа ўқитувчилари тайёрлашга ихтисослашган. Ҳозир мен фаолият кўрсатаётган санъат коллежи санъат мактабига айланиш арафасида. Ёшлар асл мусиқа илмини қаерда ўрганишади? Ахир, Тошкентдаги консерваторияда Хоразм мақомлари алоҳида ўргатилмайди-ку. Ваҳоланки, Хоразм мақомлари ижросида алоҳида услуб ва шаклларга эга бўлган, усул ва ритми жиҳатидан «Шашмақом»дан фарқ қиладиган алоҳида ижро мактаби ҳисобланади. Шу кунларда мени ўйлантираётган энг долзарб масала: Хоразм санъати умрбоқийлигини қандай таъминлаймиз, деган савол. Сиз билан суҳбатлашишга ҳам ушбу орзуим сабаб. Фикрларимни кенг жамоатчиликка, халққа етказишда «Ishonch» газетасининг мададига муҳтожман. Нега айнан «Ishonch»? Чунки газета кейинги пайтларда кўплаб долзарб масалаларни дангал кўтариб чиқяпти. Орзуимдаги Академияда етук мутахассислар тайёрланишини истайман. Унда ўқийдиганлар мусиқа, тарих, фалсафа, тасаввуф, адабиётдан илм олишлари даркор. Бу ерда Навоийшунослик алоҳида илм сифатида ўргатилиши керак. Умуман, барча санъат ва адабиёт йўналишидаги илм даргоҳларида Навоийшуносликни фан сифатида ўқитишни таклиф қиламан.
Мен ижодкорман. Қалбим, руҳим доим эркинликка талпинади. Ҳатто бўйинбоғ тақишни ёқтирмайман. Баъзан тадбирларда бўйинбоғ тақинг, деб ҳоли-жонимга қўйишмайди, аммо мен мақом айтаман, бўйинбоғ эса овозимни бўғиб қўяди. Менинг ичим ёниб туради. Ҳақ ишқи билан, ижод завқи билан…

Ҳа, Азамат Отажонов асл истеъдод эгаси. Унинг юзлаб шогирдлари, минглаб мухлислари бор. У бир суҳбатда « Мен санъатда Комилжон Отаниёзов сингари инқилоб қилолмадим», деган эди. Аммо, халқ билади, эътироф этади, у санъатнинг Азамати. Яқинда бир киши «Азамат – дарё» деб қолди. Биз эса айтамизки, у денгиз… Шундай денгизки, унинг ижодида мақомнинг улуғворлиги ҳудудсиз жилваланмоқда. Азамат Отажонов жуда кўп фикрларни илгари сурди. Машраб, Омон Матжон ижоди тўғрисида. Сайёҳларга хизмат кўрсатадиган автобусларда мумтоз ашулаларни эшиттиришни йўлга қўйиш керак, деган таклифи, жамият барча жабҳада илмли инсонларга муҳтожлиги, юртни зулуклардан тозалаш, маданият бошқармасида биронта ҳам консерваторияни тамомлаган мутахассис йўқлиги, «Сувора» айтганда, қайроқ чалинишига қаршилиги…буларнинг ҳаммаси ўйлаб кўришга арзигулик масалалар. Балки улар ҳақида кейинчалик янада кенгроқ тўхталармиз.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА суҳбатлашди

Бошқа хабарлар