АНИҚЛАНГАН МУАММОЛАР

106

Жамоатчилик комиссиясининг Олмазор тумани аҳолиси билан навбатдаги учрашуви «Аллон», «Орзу», «Зиё», «Университет» маҳаллаларида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Рустам Қосимов, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳибаси Дилбар Ғуломова, «Нуроний» жамғармаси раиси Шуҳрат Жалилов ва бир қанча мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си раиси, Жамоатчилик комиссияси раҳбари Қудратилла ­Рафиков юртимиз ободлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга эътибор қаратди. Хусусан, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури доирасидаги вазифалар, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари асосида кенг миқёсдаги бунёдкорликлар амалга оширилаётгани, «Ёшлар – келажагимиз» Давлат дастурига кўра ёшларни иш билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар қилингани, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бирламчи вазифага айлангани тилга олинди.
Ишчи гуруҳлар томонидан маҳаллаларда аниқланган муаммо ва камчиликлар баён этилгач, маҳалла фуқароларининг мурожаатлари тингланди.
Ишчи гуруҳнинг аниқлашича, «Аллон» маҳалласи Фаробий шоҳ кўчасида жойлашган «МАКРО» супермаркети қурилиши вақтида пиёдалар йўлаги қазилиб, коммуникация тармоқлари ўтказилган. Ишлар тугагандан сўнг қарийб 100 метр масофадаги пиёдалар йўлаги чала таъмирланганича қолган.
Шу маҳаллада жойлашган 569-сонли мактабгача таълим муассасасининг шохобчаси авария ҳолатида эканлиги боис фаолият юритмаяпти. Фуқаролар унинг ўрнида замонавий болалар боғчаси қурилса, мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлашди.
Бундан ташқари, Фаробий кўчасида бўш ётган 3 сотих ер майдонида маҳалла ёшлари учун спорт ва болалар майдончалари қуриш таклиф қилинди.
Аксарият маҳаллаларда кузатилгани каби «Аллон» маҳалласининг Фаробий, Дуторчи ва Оҳакчи тор кўчаларида 200 метр масофадаги ички йўлларнинг асфальт қопламаси таъмирталаблиги аниқланди.
Айтиб ўтилган масалаларни ҳал этиш ва кейинги учрашувларда аҳолига батафсил ахборот бериш вазифаси мутасадди ташкилотлар вакиллари зиммасига юклатилди.
«Университет» маҳалласидаги ўрганишлар давомида ҳам ишчи гуруҳ томонидан бир қанча муаммолар аниқланди. Хусусан, Аллон тор кўчасида истиқомат қилувчи Э.Шомирзаева коммунал тўловлардан қарзи мавжудлиги сабабли моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Фаробий кўчаси, 356-уй, 1-хонадонда яшовчи фуқаро ­М.Икромованинг уй-жойи таъмирталаб, турмуш ўртоғи ва ўзи 2-гуруҳ ногирони.
Аллон тор 5-берк кўчасида яшовчи Н.Раҳмонованинг билдиришича, ушбу кўчада электр токининг кучланиши 160 квт.дан ошмайди. Маиший техникалар деярли ишламайди. Кўчадаги 19 та хонадон бундан азият чекмоқда.
Шу каби айрим ташкилот ёки муассасаларга тааллуқли ёки биргаликда ҳал этиш талаб қилинадиган масалалар «Орзу» ҳамда «Зиё» маҳаллаларида ҳам аниқланди. Уларни қисқа муддатларда бартараф этиш борасида масъулларга тегишли вазифа ва топшириқлар берилди.

Аъзам АБУЛФАЙЗОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар