Ақл гимнастикаси кучи

25

Ҳар бир ота-она фарзандининг ҳаётда барча қийинчиликларни енгиб ўта оладиган, олдига қўйган мақсадларига мустақил етишадиган бўлиб улғайишини истайди. Бироқ уларда ижодкорликка иштиёқ уйғотиш ва мустақил фикрлаш қобилиятини қандай шакллантириш мумкин? Бу саволга ҳар бир оилада турлича ечим топилади. Кимдир ўз фарзандини рақс тўгарагига йўналтирса, айримлар спорт машғулотларига олиб боради.

Бошқа биров боласини техник ижодиёт билан шуғулланишга жалб қилади. Бу ҳолатда танлаш имкони кўп. Баъзи оилалар боланинг вақти бекорга сарф бўлмаслиги учун энг яхши усуллардан бири сифатида шахматни танлайди. Бу бежиз эмас, албатта. мазкур қадимий ўйин болага катта қувонч бағишлаш билан бирга ақлий салоҳияти ривожида муҳим аҳамият касб этади. Шахмат бола дунёқарашини кенгайтириб, уни ўйлаш, фикрлаш, эслаб қолиш, таққослаш, келажакни олдиндан кўра олиш ва хулоса қилишга ўргатади. Бундан ташқари, шахмат ўйнаган болада эътибор, қатъият, ирода, ўз-ўзига танқид ва мустақил хулоса қилиш қобилиятлари шаклланади. Айниқса, гиперфаол (бир жойда ўтира олмайдиган) болаларни шахматга қизиқтириш жуда фойдали. Таниқли рус педагоги В.Сухомлинский «Ақл ва хотира имкониятларининг тўлиқ ривожини шахматсиз тасаввур қилиш қийин», деганда жуда ҳақ эди. Кубалик машҳур шахматчи Рауль Капабланканинг фикрича, «Шахмат — шунчаки ўйин эмас. Бу вақт ўтказишнинг маълум даражада бадиийлик ва илмийликка асосланган интеллектуал фойдали усули. Жисмоний мукаммаллик учун спорт қанчалик муҳим бўлса, ақлий салоҳият учун шахмат шунчалик муҳим. У инсонларга хос бўлган алоҳида хусусиятларни ­ривожлантириш ва ақлни машқ қилдиришнинг ­қизиқарли ҳамда қулай йўлидир».
Кўпчилик академиклар, олимлар, математика, иқтисод ва бошқа фанлардан салоҳияти юқори бўлган кишилар болалигидан шахмат ўйнашга қизиққан. Демак, боланинг интеллектуал ривожланишида шахматнинг фойдаси катта бўлиб, у иқтидорни ривожлантиришга ижобий ­­таъсир кўрсатади.
Хўш, неча ёшдан шахмат ўйнашни ­бошлаш мумкин? Бу савол кўпчиликни қизиқтириши табиий. Дунёга донғи кетган шахматчиларнинг таржимаи ҳоли уларнинг болалик чоғидаёқ шахмат билан шуғуллана бошлаганини кўрсатади.

• Кубалик машҳур шахматчи Хосе Раул Капабланка (1888-1942) 5 ёшида отасига қизиқиб, шахмат ўйнашни ўрганган.
• Америкалик гроссмейтер Роберт Фишер (1943-2008) шахмат ўйнашни 6 ёшида опасидан ўрганганини эътироф этган.
• Жаҳон чемпиони Гарри Каспаров эса 5 ёшида шахматни ўрганиб, 10 ёшида терма жамоа таркибига қабул қилинган.
• Россиялик халқаро гроссмейстер Анатолий Карпов ҳам илк шахмат сабоқларини 5 ёшида ола бошлаган.
•Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов тарихда иккинчи энг ёш (13 ёш) гроссмейстер унвонига сазовор бўлди. Жаҳондаги энг ёш гроссмейстерлар рўйхати 29 нафардан иборат бўлиб, Нодирбек Абдусатторов бу рўйхатдан ўрин олган биринчи ўзбекистонликдир. Ҳамюртларимиз ака-ука Синдоровлар ҳам 8 ёшида шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлишга эришишган. Демак, шахматни мактабгача бўлган ёшда ўрганиш мумкин. Бу спорт тури ҳақида болага илк маълумотларни ота-оналар бериши керак. Мисол учун, «шахмат» «шоҳ» ва «мот» сўзларидан ясалгани, «мот» арабчада «умри тугади» деган маънони билдиришини, доналарнинг мақсади шоҳни ҳимоя қилиш экани, фарзин — энг кучли доналиги, ҳар бир сипоҳининг қандай юришини ўргатиш унчалик қийин иш эмас. Агар катталарнинг ўзи шахматни билмаса, ҳозирда бу ўйинни мустақил ўрганиш бўйича кўплаб қўлланмалар мавжуд.

Шахмат – шатранж халқимизга бегона эмас. У неча минг йилдирки, миллатимиз онг-у шуури ва ижтимоий ҳаёт тарзига сингиб кетган. 1996 йилда Далварзинтепадан топилган йигирма асрлик қимматга эга шахмат доналари ҳам бунинг исботи. Бинобарин, биз шахмат оламида етакчи мавқега эга халқлардан биримиз. Табиийки, ўзбекнинг қонида оқаётган бу заковат ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Илмга интилиш ва эътибор туфайли у тараққий этган.

Мамлакатимизда шахматни ўргатишга давлат миқёсида катта эътибор қаратилмоқда. «Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорига асосан жорий ўқув йилидан бошлаб 150 та умумтаълим мактабида тажриба тариқасида шахмат фани ўқитилиши йўлга қўйилди. Бундан ташқари, шахмат бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар Республика спорт мактаби ҳамда унинг 11 та филиали, шунингдек, 13 та нодавлат шахмат клуби ва муассасалари ишлаб турибди. Шахмат мактабларида таҳсил олаётган ўғил-қизларимиз келгусида аждодларга муносиб ворис бўлиши шубҳасиз. Шундай экан, болаларга шахмат ўргатинг, азиз ота-оналар!

Зулфия ХОЛМУҲАММЕДОВА

Бошқа хабарлар