Газетхонлар ҳузурида

62

Урганчдаги «Хоразм палас» меҳмонхонасида «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририяти ижодий жамоасининг газетхонлар билан учрашуви ташкил қилинди. Маҳаллий журналистлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда халқимизнинг ахборотга эҳтиёжи ошиб бораётган, ахборот технологиялари ҳаётимизга кенг кириб келаётган бир даврда газеталар нуфузини янада ошириш лозимлиги хусусида сўз юритилди.

Тадбир иштирокчилари эътироф этганидек, мамлакатимизда тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйилиб, барча соҳаларда ҳаётбахш ислоҳотлар жадаллик билан амалга оширилмоқда. Хусусан, ОАВ ва матбуот эркин ва шаффоф фаолият юрита бошлаб, юраклар қатидан ниш уриб чиққан орзу-умидлар рўёби ўз ифодасини топмоқда. Бу жараён «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталарида ҳам ёрқин намоён бўлмоқда. Хусусан, «Жавоб излаётган саволлар», «Шахсий фикр», «Долзарб мавзуда суҳбат» рукнлари остидаги ҳар бир чиқиш ўзининг долзарблиги билан ўқувчилар эътиборини тортмоқда. Берилаётган мақолалар, интервьюларда ислоҳотлар жараёнлари кенг таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларга ечим топиш даражаси ортди.
– Шу билан биргаликда, газета эътибор қаратиши лозим бўлган масалалар бир талай, – дейди Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали профессори, тиббиёт фанлари доктори Ибодулла Абдуллаев. – Шахсан мен газета саҳифаларида хорижий давлатлар касаба уюшма ташкилотлари ҳақида таҳлилий мақолалар, уларнинг раҳбарлари билан жонли суҳбатлар ўрин эгаллашини хоҳлардим.
– «Ishonch»да берилаётган таҳлилий мақолаларни севиб мутолаа қиламан, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармаси матбуот котиби, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Дилрабо Қурязова. – Ушбу таҳлилий мақолалар билан бирга, мавзу юзасидан экспертлар фикри ҳам бериб борилса, уларнинг таъсирчанлиги янада ортган бўларди. Бундан ташқари, газета ишчи-­ходимлар орасида турли мавзуларда ижтимоий сўровлар ўтказишни йўлга қўйиб, шу асосда танқидий-таҳлилий мақолалар бериб борилса, меҳнат соҳасидаги кўплаб масалаларнинг тезкорлик билан ечим топишига эришиларди.
– Севимли нашримизда аҳолининг экологик маданиятини оширишга йўналтирилган мақолаларни кўпайтириш орқали мавзу доирасини янада кенгайтириш имконияти бор, – дейди Урганчдаги 30-сонли маҳалла фаоли Қурбонбика Ўрозметова. – Қолаверса, ишхоналардаги айрим муаммоларнинг юзага келиши инсонлар руҳияти билан боғлиқлигини инобатга олиб, мутахассислар маслаҳати бериб борилса, айни муддао бўларди.
Ижодий учрашувда Хоразм вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Дилбаржон Бекжонова, ёзувчи ва публицист Шуҳрат Маткарим ва бошқалар юртдошларимизни китобхонликка, газетхонликка ундашда ушбу нашр тажрибасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эканини қайд этдилар.
Мумтоз қўшиқларнинг моҳир ижрочиси Азамат Отажонов концерти учрашувга байрамона руҳ бағишлади. АСМ ходимлари касаба уюшмаси Янгибозор тумани кенгаши раиси Раимбой Шержонов йиғилганларни Паҳлавон Маҳмуд рубоийларидан баҳраманд қилди.
Баҳс-мунозаралар ва фикр алмашувлар таҳририят жамоасига ҳам, газетхонларга ҳам бирдек манзур бўлди.

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар