КЎМИР ТАШВИШИДА КЕЧАЁТГАН УМРЛАР ёхуд эски ноғора қачонгача чалинади?

85

«Маҳаллада дув-дув гап» фильмини неча марта кўргансиз? «Омборга кетдим!» дея кабобхўрлик қилиб, уйқуни урадиган база мудири эсингиздами? Ўнлаб юк машиналари турнақатор бўлиб навбат кутади, боқибеғам мудирнинг эса парвойи палак.

Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги «Пойтуғ» кўмир ­омборида шунга ўхшаш манзарани тез-тез кузатиш мумкин. Инсоф билан айтганда, омбор эгалари фильм қаҳрамони каби узоқ вақт тушлик қилмайди. Бироқ… Кўмир тарқатилаётган пайтда қўшимча вагон келиб қолади дейлик. Юкни биратўла тушликдан кейин бўшатишга қарор қилинади. Асосий эътибор шу томонга қаратилади. Барча юмушлар – вагондан тушган кўмирни тартибга келтиришдан тортиб машинага ортишгача битта техника бириктирилган. Бундай паллада куннинг биринчи ярмида навбатга ёзилганларнинг сафи кенгайиб, уч-тўрт соатгача экскаваторга сарғайиб ўтиришларини кўринг!
Кўмир таъминоти «Ўзбекистон темир йўллари» тизимига ўтгач, аҳоли Пойтуғдаги ­омборда ҳам уни тарқатиш билан боғлиқ тартиб-тамойиллар ўзгариб, харидорларга қулайлик яратилса керак, деб ўйлаган эди. Бироқ иккинчи мавсум бошландики, ҳалигача эски ноғорага ўйнатишяпти. Бу йил битта «янгилик» жорий этилди: омбор кассаси маъмурий бинодан 100 метр нарига – маҳалланинг ичига кўчириб қўйилди. Нима бўпти, деяпсизми? Кўмирни юклатасиз, олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ машаққатларни ортда қолдирасиз ва… пулини маҳаллага бориб тўлайсиз. Тўламагунингизча олиб чиқиб кетиб кўринг-чи!
Бунисига нима дейсиз: машиналарга кўмир ортиладиган майдондан ўттиз қадам нарида, яъни темир йўлнинг нариги томонида тарози жойлашган. Салкам ўн йилдирки, автоуловлар унга темир йўлдан ўтолмай, бир километр айланиб, туман маркази орқали боришяпти. Тарозидан ўтгач, яна бир даҳмаза пайдо бўлади – аксарият ҳолда кўмир мўлжалингиздан кам чиқади. Масалан, битта кўчадаги бешта хонадон бир тоннадан кўмир олмоқчи. Айтайлик, экскаватор 5 ўрнига 4 тонна юклаб қўяди. Нима қилиш керак? Машина яна 1 тонна учун туман маркази орқали 1 километр йўл босиб омборга қайтиб келишга мажбур. Навбатда турганлар осонликча йўл беришади, деб ўйлайсизми? Асаббузарлик, «ади-бади» айтишиш, бақир-чақирлар…
Ҳайдовчи қўшимча кўмир юклаб ҳам чиқди. Учинчи марта яна марказ орқали тарозига қайтиб келади. Асаб­лари мустаҳкам харидорлар тоқат қилар, аммо шашти сустроқ одам «бор-э» деб қўл силтаб кетиши аниқ.
Тарозини кўчирса бўлмайдими? Бўлади! Бунинг учун кўмир таъминотига бош бўлган раҳбарлар аҳолига қайишиши керак. Бундан ўн йиллар аввал омборга ёндош ҳудудда 60 тонналик тарозининг борлигини кўпчилик яхши эслайди.
Дарвоқе, энг муҳим гап: Бу йил кўмирнинг бир тоннаси 273 минг, брикет эса 375 минг сўмга нархланди. Аммо Пойтуғдаги омборда кўмир брикет нархида сотиляпти. Сабабини сўрасак, йирик кўмир брикет ўрнига келаётган эмиш. 273 минг сўмлик кўмир эса худди элакдан ўтказилган қора тупроққа ўхшайди. Шу сабабли одамлар қиммат нархдаги кўмирни олишга мажбур бўлмоқда.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг «Темирйўлёнилғитаъминот» бошқармаси Қўқон бирлашган ёнилғи омбор хўжалигига қарашли Андижон вилояти кўмир омборлари бўлинмаси (ташкилотнинг номи нақ 21 ҳарфдан иборат экан) раҳбарияти бу муаммоларга қандай муносабат билдиради – буни вақт кўрсатади. Лекин ёғин-сочинли кунлар бошланиши арафасида чор­а-тадбирлар чўзилиб кетмаса бўлгани…

Нурилло НЎЪМОНОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар