Эзгуликни мақсад қилган инсон ҳамиша ғолиб

62

Ҳақиқий ижодкор одамлар орасига кирганда, қалби оловланади. Юрагидаги сўз ишқи яна янги ранглар билан жилоланади. Шунинг учун ҳам ОАВ вакиллари муштарийлар билан юзма-юз бўлишни ўзларига одат билишган. Айни шу учрашувлар янгидан-янги ўқувчилар топиш учун ўзига хос имконият, доимий муштарийларнинг ­фикр-мулоҳазаларидан ўзига хос ғоялар олиш учун ноёб фурсат вазифасини ўтайди.

Наманган вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Маънавият марказида «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари вакиллари билан ўтказилган ижодий учрашув қатнашчиларга жуда манзур бўлди. Унда газета мундарижасини янада бойитиш юзасидан қимматли фикрлар ўртага ташланди. Ўз ўрнида, газетхонлар томонидан янграган илиқ тилаклар, самимий изҳорлар ҳамда ижодий таклифлар ижодкорларга ўзига хос рағбат берди.

– Дарҳақиқат, «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари бизга ҳар жиҳатдан ёрдамчи бўлмоқда, – деди Наманган вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Шуҳрат Мусаев. – Ўз соҳамизга доир ҳужжатлар билан ҳам мазкур газеталар орқали танишамиз. Шунингдек, тизимда узоқ йиллар меҳнат қилган, ўз тажрибасига эга, ютуқлари бисёр фидойилар ҳақида ҳам чиқишлар қилинмоқдаки, улар билан танишиш асноси ҳар бир етакчида ҳавас уйғониши, уларга интилиш ҳисси кучайиши табиий.
Йиғилишда, шунингдек, касаба уюшмалари фаоллари ўз мулоҳазаларини билдиришди.
Икромхон Шарафиддинов, АСМ ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоятдаги масъул ташкилотчиси:
– Эзгуликни мақсад қилган инсон ҳамиша ғолибдир, дейишади. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мақсади ҳам, фаолияти ҳам инсонга наф келтиришга йўналтирилган. Муассис фаолияти, кундалик ҳаётини изчиллик билан тарғиб қилиш ниятида ташкил этилган газетанинг устувор мақсади ҳам эзгулик асосига қурилган. Газетанинг ҳар бир сонини шунчаки варақламайман, материалларнинг мағзини чақишга ҳаракат қиламан. Севимли нашримизда «Ишонч телефонлари» ишончлими?» каби мақолалар, Азамат Отажонов билан «Сен сувора айт, мен яйраб йиғлай…» каби дилтортар суҳбатларни ўқиш барчамизга ёқимли. Ёки адабиёт намояндалари ҳақида бериб борилаётган туркумлар муштарийларни газетага янада яқинлаштирди, дейиш мумкин.
Шермуҳаммад Бегматов, НамДУ касаба уюшма қўмитаси раиси:
– Газета саҳифаларида «Аъзолик билетини олгач…» деган рукн ташкил қилиниб, касаба уюшмага аъзоликни афзаллик­ларини янада кўпроқ асосласак. Мен доимо талабаларга шу ҳақда гапираман, меҳнат стажи эмас, касаба уюшмасига ­аъзолик стажи кўплаб ижтимоий имтиёзлар кафолати эканини тушунтираман. Бироқ бу тушунтиришлар тор доирада бўлиб қолмаслиги керак.
Тадбир жонли, қизиқарли ва таассуротларга бой ўтди. Газетхонларнинг фикрлари ижодкорларни фаолиятни янада такомиллаштиришга ундади, ижодий кайфиятини кўтарди.

«Ishonch» мухбири
Дилдора Раҳмонова
ёзиб олди.

Бошқа хабарлар