Бемисл имкониятлар диёри Россия ҳақида биз билган ва билмаган маълумотлар

61

Расмий номи Россия Федерацияси деб номланган мамлакат Шарқий Европа ва Шимолий Осиё­­да жойлашган бўлиб, ҳудуди бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради, майдони 17 125 191 км²ни ташкил қилади (салкам Жанубий Америка қитъасига тенг).

2018 йилги маълумотларга кўра, Россия аҳолиси 146 880 432 кишидан иборат бўлиб, бу жаҳонда тўққизинчи ўрин демакдир.
Россия Федерацияси 85 та субъектдан иборат ва шундан 46 таси область (вилоят), 22 таси республика, 9 таси ўлка, 3 таси федераль даражадаги шаҳар, 4 таси мухтор округ ва 1 таси мухтор вилоятдир. Мамлакатда жами 157 мингта аҳоли пункти бор.
Россия 20 та давлат билан чегарадош, бу жаҳондаги энг юқори кўрсаткичдир. Россия – кўпмиллатли давлат бўлиб, хилма-хил этномаданияти билан ажралиб туради.
Россия саноати ривожланган ва фазони тадқиқ этувчи етакчи давлат сифатида тан олинади, бой маданий меросга эга мамлакатлар рўйхатига киради. Рус тили БМТ, ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотларнинг олтита расмий тилидан бири ҳисобланади. Россия вето қўйиш ҳуқуқига эга бўлган БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзосидир.
Илк бор ёзма шаклдаги «Росия» (юнонча Ρωσία) ибораси X асрда тилга олинади. Бу ибора Византия императори Константин Багрянороднийнинг «Маросимлар ҳақида» ва «Империя­­ни бошқариш тўғрисида»ги асарларида ишлатилган. Кириллчада «Росия» (Рѡсїѧ) сўзи илк бор 1387 йилнинг 24 апрелида митрополит Киприанга берилган мақомда – «Киев ва Бутун Росия митрополит» дея қўлланилган. XV-XVI асрларда Москва князлиги ерлари «Росия» сифатида кўрилган. 1547 йилда Иван IV тож кийганидан кейин мамлакат номи «Россия подшоҳлиги» сифатида расман эълон қилинган. Иккита «с» ҳарфи билан «Россия» дея ёзилиш XVII аср ўрталарида бошланиб, Пётр I даврида мустаҳкамлаб қўйилди.
1721 йил 22 октябрида Пётр I Бутунроссия Императори дея эълон қилинди ва мамлакат Россия империяси дея аталди. 1917 йилнинг 1 сентябрида Россия республика дея эълон қилинди, 1918 йилнинг 10 январида мамлакат номи Россия Социалистик Федератив Совет Республикаси дея номланди (1936 йилда «Совет» ва «Социалистик» сўзларининг ўрни алмаштирилди). Ўшандан бошлаб «Россия Федерацияси» атамаси ишлатилади.
Россия – жаҳондаги сув билан таъминланган мамлакатлардан биридир. У жаҳондаги энг йирик чучук сув захирасига эга. Хусусан, Байкал жаҳондаги энг катта захирали ва энг чуқур кўл саналади.
882 йилгача Рус давлатининг пойтахти Новгород, кейинчалик Киев бўлган. Сўнг Москва пойтахт сифатида танланган, 1712 йилда пойтахт Санкт-Петербургга кўчирилди. 1728-1732 йилларда пойтахт яна Москвага қайтарилди, 1732 йилда яна Санкт-Петербург­га (1914 йил 18 (31) августидан Петроград деб аталган) кўчиб борди.
1918 йил 12 март куни Москва яна пойтахт мақомини олди.
1999 йилнинг 31 декабрида президент Борис Ельцин истеъфога чиқиши борасида баёнот берди. РФ Ҳукумат раиси В.В.Путин президент вазифасини вақтинча бажариб турувчи этиб тайинланди.
2000 йилнинг март ойида бўлиб ўтган президентлик сайловида Владимир Путин ғалаба қозонди ва Россия Федерациясининг иккинчи Президенти этиб сайланди. 2000-йилларда Россия­­да кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ўтказилди. 2005 йил сентябрида соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги ва тураржой сиёсати масалаларида муҳим ижтимоий вазифаларни ҳал қилишга қаратилган «Миллий лойиҳалар» ҳаётга тат­биқ этила бошланди. 2000 – 2008 йилларда Россияда ўтказилган ислоҳотлар самараси ўлароқ иқтисодий ўсиш суръатлари кўзга ташланди, аҳолининг даромадлари кўпайди, сиёсий барқарорлик юзага келди. Шу давр мобайнида аҳолининг қашшоқлик даражаси анча пасайди. Бунинг натижаси сифатида вертикал ижроия ҳокимият мустаҳкамланди ва ҳукмрон партия шаклланди.
2007 йилда жорий этилган оналик сармояси туғилишни рағбатлантиришга хизмат қилди, кўпболали оилаларни қўллаб-қувватлаш эса Россияда демог­рафик вазиятни барқарорлаштиришда муҳим аҳамият касб этди.

2000 йилда Россия Федерацияси президентининг федерал округлардаги мухтор вакили лавозимининг жорий қилиниши ҳокимият обрўсини мустаҳкамлади, Россия парчаланиб кетиши хавфининг олдини олди. 2000 йилдан бошлаб марказий (федерал) ҳукуматни мустаҳкамлаш ва айрим минтақа раҳбарларининг умумдавлат сиёсатига аралашувини сусайтириш сиёсати олиб борилди. Бир қатор йирик корхоналарнинг давлат ихтиёрига ўтказилиши туфайли федерал ҳукумат таъсири кучайди.
2008 йилда Россия Қуролли кучларини кенг қамровли ислоҳ қилиш ­бошланди, бу, ўз навбатида, жанговар салоҳиятни кучайтирди.
2010 – 2014 йилларда гўдаклар ўлими Европанинг айрим мамлакатларига қараганда кескин камайди. Бу Россия соғлиқни сақлаш тизимида жиддий ўзгаришлар юз берганидан далолат эди. Йўл- транспорт ҳодисалари туфайли ўлимлар ҳамда ўз жонига қасд қилувчилар сони камайгани қайд қилинди.
Россияда 77 та сиёсий партия рўйхатдан ўтган бўлишига қарамай, фақат олтита партия вакилларигина Давлат Думасида фаолият юритади.
Бугунги кунда Россия БМТга аъзо 189 та давлат билан дипломатик муносабат ўрнатган, 144 та мамлакатда дипломатик ваколатхонаси бор. Россия паспорти билан 76 та давлатга визасиз бориш мумкин, 32 та мамлакатда эса борилган заҳотиёқ автоматик тарзда виза олинади.
Ғалла экспорти бўйича Россия жаҳондаги етакчи давлатлардан биридир. У 84 та мамлакатга ғалла экспорт қилади. Шунингдек, чорвачилик ҳам тараққий этган.
Россияда ички ва ташқи сайёҳлик ривожига катта эътибор қаратилмоқда. У сайёҳлар ташрифи борасида жаҳонда 9-ўринда туради.
Россия автомобиль йўлларининг узунлиги 1 миллион километрдан ошиб кетади.
Мамлакатда 1218 та аэропорт бўлиб, жами 46 та авиакомпания фаолият юритади.
Россияда 200 дан ортиқ миллат ва элат яшайди, халқлар 100 дан ортиқ тил ва лаҳжаларда гаплашади. Энг кўп тарқалган тил рус, татар, бошқирд, украин ва чуваш тили. Аҳолининг 80 фоизини руслар ташкил қилади.
Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, Россиянинг оёққа туришида адабиётнинг, жумладан, халқ оғзаки ижодининг ўрни катта бўлган. Россия­­да дунё­вий адабиёт XVII асрга келиб пайдо бўлди ва ривожланди. XVIII асрда В.К.Тредиаковский, А.Д.Кантемир, М.В.Ломоносов, Г.Р.Державин, Н.М.Карамзин, А.П.Сумароков ва ­Д.И.Фонвизин каби шоир, ёзувчи ва драматурглар пайдо бўлди.
XIX ва XX асрларда эса рус диёри А.С.Грибоедов, Н.В.Гоголь, А.Н.Островский, Д.В.Григорович, М.Е.Салтыков-­Щедрин, Ф.М.Достоевский, И.С.Тургенев, Л.Н.Толстой, А.П.Чехов, М.Горький, М.А.Булгаков, И.А.Бунин, А.И.Куприн, И.Э.Бабель, В.В.Набоков, В.Г.Короленко, А.П.Платонов, К.Г.Паустовский, В.Ф.Тендряков, А.И.Солженицын, В.П.Астафьев, В.Г.Распутин, В.Н.Вой­нович каби буюк ижодкорларни етиштирди. Уларнинг асарлари дунё халқларининг турли тилларига таржима қилинди ва то ҳануз жаҳон адабиётининг дурдоналари сифатида тан олинади.
Россия назмини В.А.Жуковс­кий, А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, Ф.И.Тютчев, Н.А.Некрасов, А.А.Блок, А.М.Добролюбов, С.А.Есенин, Н.С.Гумилев, О.Э.Мандельштам, В.В.Маяковский, М.И.Цветаева, Б.Л.Пастернак, А.А.Ахматова, А.Т.Твардовский, К.М.Симонов, А.А.Тарковский, В.С.Висоцкий, Р.И.Рождественский, А.А.Вознесенский, Б.А.Ахмадулина, Б.Ш.Окуджава, Р.Ҳ.Ҳамзатовларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Россиялик тўрт адиб: Бунин (1933 йили муҳожирликда), Пастернак (1958), Шолохов (1965) ва Солженицын (1970) Адабиёт бўйича Нобель мукофотини олган.
Жаҳон мусиқасини М.И.Глинка, ­А.П.Бородин, П.П.Булахов, М.П.Мусор­гский, П.И.Чайковский, Н.А.Римс­кий-Корсаков, А.Н.Скрябин, С.В.Рахманинов, С.С.Прокофьев, И.Ф.Стравинский, Д.Д.Шостакович, А.И.Хачатурян каби рус композиторларининг асарларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Алла Пугачёва, Валерий Леонтьев, Муслим Магомаев, Эдита Пьеха, Иосиф Кобзон, Лев Лещенко, Юрий Антонов, Филипп Киркоров, Дима Биланларнинг қўшиқларини кўпгина халқлар севиб тинглашади.
Россия музейлари сони ва музей фонди бўйича жаҳонда олдинги ўринларда туради. 2027 та музейда 60 миллиондан зиёд ноёб экспонат сақланади. Бир йилда Россия музейларига 70 миллион киши ташриф буюради. Давлат Эрмитажи жаҳондаги энг яхши 10 та музей рўйхатига киритилган.
Россияда илк нашрлар XVIII асрда пайдо бўлган, бироқ босма оммавий ахборот воситалари XIX аср охирларида тараққий этди.
Етакчи ахборот агентликлари сифатида ТАСС (1904 йилда асос солинган), «Россия сегодня» (2013 йилда ташкил этилган), «Интерфакс» (1989 йилда тузилган) фаолият юритади.
Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, ЖАРнинг Россия билан биргаликда БРИКС ташкилотини тузганига анча бўлди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ҳам мавқеи ортиб бормоқда. Туркия ўз ишларини Россия билан бамаслаҳат олиб боришга ҳаракат қилмоқда. Жаҳон миқёсидаги глобал муаммоларни бартараф этишдаги Россиянинг муваффақиятлари унинг атрофида мазлум мамлакатларнинг тўпланишига замин яратмоқда. Буларнинг бари дунё­нинг янги қутб ­доирасида бирлашаётганидан далолат бериб турибди.
Ҳокимият тепасига келган илк йилларда Владимир Путин деярли парчаланиш арафасига келиб қолган Россияни оёққа турғазиш, қотиллик ва жиноятчиликлар сонини камайтириш, армия қудратини оширишга киришди. Мамлакатда тартиб ва хавфсизлик қарор топгач Россия яна глобал миқёсдаги буюк давлатга айланди. Кремлнинг дунё сиёсати саҳнидаги ўрни ҳамда мавқеи кучайди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш дунё майдонида Россиянинг тутган ўрнига юксак баҳо берди. Унинг таъкидлашича, Россия доим жаҳон сиёсатининг марказида бўлиб келади. Ҳаттоки, иқлим ўзгариши ёки экология масалалари ҳам Россиянинг иштирокисиз ҳал этилиши мумкин эмас. Айниқса, халқаро терроризм муаммоси Россиясиз буткул ҳал бўлмайди. Шу сабаб ҳам Антониу Гутерриш Вашингтон ва Москва очиқ, шаффоф, адолатли ҳамда позитив руҳда мулоқот ўтказишлари лозимлигини таъкидлайди. Бу эса ўзаро алоқаларни яхшилашга олиб келади. Натижада мавжуд муаммоларни ҳал этишда барча механизмлар ҳаракати тўлиқ тартибга солинади.
Энг кўп қўшнига эга бўлгани, муайян давлатлар билан фаол иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳамкорликни ривожлантиришга мажбурлиги нуқтаи назаридан замонавий Россиянинг миллий ва давлат манфаатлари қуйидагиларда кўринади:
1. Ўзининг сиёсий, иқтисодий ва бошқа мақсадларига эришиш учун ҳар қандай урушни, ҳарбий куч қўллашни рад этади.
2. Ташқи сиёсатида ҳеч қайси бир давлатга ўзининг душмани сифатида қарамайди.
3. Россия ўз ғоясини эмас, балки ўзининг муҳим ҳаётий манфаатларини ҳимоя қилади.
4. Ташқи сиёсат «харажатли» эмас, аксинча ўзаро манфаатли бўлиши керак.
Суверенитет, яхлитлик ва бирликни сақлаб қолиш мамлакатнинг бош миллий манфаати эканлиги боис ташқи сиёсатдаги асосий йўналишлар ҳам шунга яраша шаклланмоқда. Бугунги кунда Россия ташқи сиёсатидаги биринчи даражали вазифалардан бири Украина воқеасидан кейин Ғарб мамлакатлари билан юзага келган совуқчиликни бартараф этиш, барқарор ишончли муносабатларни ўрнатиш ҳисобланади. Зеро, жаҳон ҳамжамияти муаммоларини ечишда Европа муҳим ўрин тутади.
Айни вақтда Россия, шунингдек, йирик Осиё давлати ҳам ҳисобланади. Яқин Шарқ, Марказий Осиё, Кавказ, Жанубий ҳамда Жануби-шарқий Осиё давлатлари учун кучли саноат мамлакати, фан, таълим, маданият маркази сифатида шерик бўлиши мумкин.
Россия ташқи сиёсатида объектив қонуният – минтақавий умумийлик, умумий манфаатлар, яхши қўшничилик муносабатлари, иқтисодий кооперация каби қонуниятлар ҳаракатга келган. Бу сиёсат кўпроқ МДҲга қаратилган.
Бугун Россиянинг асосий дип­ломатик ва савдо шериклари сафида Хитой, Беларусь, Ўзбекистон, Қозоғис­тон, Ҳиндистон, Арманистон, Эрон, Германия, Франция, Озарбайжон каби давлатлар номини тилга олиш мумкин.
Россия Федерацияси халқаро энергетика хавфсизлигини таъминлашда асосий роллардан бирини ўйнаётган давлат. Жаҳон бозорига нефт ва газ етказиб бериш учун янгидан-янги энергоқувурлар қураётгани, шартномалар имзолаётгани фикримизга яққол далил бўла олади.
Таъкидлаш керак, бир неча йил олдин Россия иқтисодиёти динамик тарзда ривожланаётган етти мамлакат сафидан ўрин олди. Бироқ айни пайтда Россия ҳукумати кўп бора таъкидлаётганидек, транспорт, молия ва экологик инфратузилмани янада такомиллаштирмоқ зарур.
Албатта, Россиянинг олға силжиётгани, тобора дунёдаги ўрни мус­таҳкамланиб бораётганини кўролмайдиганлар ҳам топилади. Таниқли Ғарб политологларидан бири ўз монографиясида Россияни «қора тешик» деб таърифлаган, ҳудудини йўқотиш унинг учун асосий муаммо эмас, деб ёзади. Шу билан бирга Россияга «ўз танасини» (ҳудуди) қўшнилари билан бўлишишга чақиради.
Россия Федерацияси – йирик экспортчи. Ялпи ички маҳсулотининг ҳаж­ми бўйича дунёнинг 10 та йирик саноатлашган давлатлари сирасига киради. Миллий саноатчилиги рақобатбардош маҳсулот тайёрлашни уддаламоқда; бу қурол-яроғ, энергетик ускуналар, атом саноати ва космик тадқиқотлар. Германия, Голландия, Хитой, Италия ва бош­қалар унинг йирик савдо шериклари ҳисобланади. Айрим давлатларнинг санкцияларига қарамай, унинг жаҳон савдо айланмасидаги улуши ошиб бораётгани эътиборли. Россия нефт саноати – давлатнинг жаҳон иқтисодиётида роли ошиб бораётганининг асосидир. Унинг ҳисобига РФ ОПЕК давлатлари билан беллаша олишга қодир. Шу ўринда айрим рақамларга тўхталиш фойдадан холи бўлмайди. Бир томондан, у энг катта табиий ресурсларга эга бўлгани учун «дунё омбори» номини олган. Ер юзи аҳолисининг атиги 2 фоизини ташкил этгани ҳолда, жаҳон табиий захираларининг 30-40 фоизига эгалик қилади, қидириб топилган табиий газ захиралари (32%), тошкўмир (23%), темир руда (28%), торф (47%), туз, титан, никел, олмос, кумуш, ўрмон захиралари (23%) ва ичимлик суви (20 %) бўйича биринчи ўринда. Бу Моск­вага геосиёсий ва геоиқтисодий муносабатларга сезиларли таъсир кўрсатиш имкониятини беради.
Россия ўз ташқи сиёсатида Ўзбекистон билан муносабатларни ривож­лантириб, унга Марказий Осиёдаги энг муҳим давлат сифатида қараётганини таъкидламоқ жоиз.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётганини ва Россия Ўзбекистон учун узоқ муддатли, вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкор экани олий даражадаги мулоқотларда эътироф этилади.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон ва Россия Федерацияси стратегик ва иттифоқчилик муносабатларига эга давлатлар. Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги ҳозир энг ижобий ва тез ривожланаётган даврни бошидан кечирмоқда, бизнинг алоқалар ўз мазмуни бўйича бутунлай бошқа даражага кўтарилмоқда.
Муносабатларнинг бу қадар ривожланишига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил апрель ойида Россияга амалга оширган давлат ташрифи натижалари муҳим ўрин тутди. Ушбу ташриф натижасида икки мамлакат орасида умумий қиймати мисли кўрилмаган  – 16 миллиард долларни ташкил қилган шартномалар имзоланган ва энг асосийси, икки мамлакат президентлари ўртасида ўзаро ишончли шахсий муносабатлар ўрнатилган.

Хуллас, биргаликда қилинган ­саъй-ҳаракатлар Россия ва Ўзбекис­тон халқларининг дўстона манфаатларига, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мус­таҳкамлаш мақсадларига хизмат қилмоқда.
Айниқса, Россия ва Ўзбекистон орасида 2004 йилнинг 16 июнида имзоланган стратегик ҳамкорлик ҳақидаги, 2005 йилнинг 14 ноябрида имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари ҳақидаги шартномаларнинг ва 2012 йилнинг 4 июнида имзоланган Стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш дек­ларацияси мамлакатлараро муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиққанига шубҳа йўқ.

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ
сиёсий шарҳловчи

Бошқа хабарлар