Чиниққанга чанг юқмас

657

Самарқандда 10-14 октябрь кунлари мамлакат шифокорлар жамоалари ўртасида футбол мусобақасининг 1-Республика турнири бўлиб ўтди. Соғлом турмуш тарзи, руҳиятга қувват берувчи саёҳат билан уйғунлашган турнир қатнашчиларда ҳам, мухлисларда ҳам ўзгача таассурот қолдирди.

Кези келганда таъкидлаш жоизки, шифокорлар ўртасида миллионлар ўйини бўлган футболни оммалаштириш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар бугун бошлангани йўқ. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгаши шафелигида шифокорлар футбол терма жамоаси жорий йилнинг июнь-июль ойларида Чехиянинг Прага шаҳрида бўлиб ўтган соҳа ходимларининг 24-Жаҳон чемпионатида иштирок этди. Ҳамюртларимиз ўтказган 6 та ўйиннинг 4 тасида ғалаба нашидасини суришди. Гарчанд пенальтилар сериясида омад чопмаган бўлса-да, чемпионатда сезиларли из қолдиришди.
– Олдимизда бир қатор ­масъулиятли ўйинлар бор. Хусусан, 2019 йилнинг биринчи чорагида Тошкентда Ҳамдўстлик давлатлари, Европа ва Осиё давлатлари шифокорлари жамоалари ўртасида «Ҳамдўстлик кубоги», учинчи чорагида эса Мексиканинг Канкун шаҳрида ўтказиладиган шифокорлар жамоалари ўртасида футбол бўйича баҳсларда қатнашишни мақсад қилганмиз, – дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ­Ф.Ханапияев. – Ўзбекис­тон футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда соҳа ходимларининг Самарқанд шаҳрига туризм йўналишидаги саёҳатини ташкил этиш, шу аснода респуб­лика турнирини ўтказишни ҳам режалаштирдик.
Самарқанддаги «Asia Samarkand» меҳмонхонасида уюштирилган ташкилий қўмита йиғилишида вилоят ҳокимлиги, вилоят касаба уюшмалари, соғлиқни сақлаш бош­қармаси вакиллари иштирок этишди. Анъанага мувофиқ, ўйинлар кетма-кетлиги ҳамда тақвими қуръа ташлаш йўли билан аниқланди. Жамоалар Жаҳон шифокорлари Футбол федерацияси талабларига мос тарзда шаклантирилганлигига (яъни, ўйин пайтида 35 ёшдан юқори бўлган ўйинчилар сони 2 нафардан кам бўлмаслиги, 40 ёшдан юқори бўлганлар сони ҳам шу тахлит бўлиши, 25 ёшдан кичиклар иштирок этмаслиги) эътибор қаратилди.
11 октябрь. Шаҳардаги «Локомотив» ҳамда «Динамо-2» стадионларида давлатимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янгради. Шифокорлардан иборат жамоалар ўз гуруҳлари пешқадамлигини қўлга киритиш учун майдонга тушди.
Спортни нафақат англаш, балки уни ҳис этиш, саломатликдаги ўрнини тушуниб етиш ҳам керак. Турнир ташкилотчилари масаланинг шу жиҳатини ҳам назардан қочиришмади. 13 октябрь куни В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази етакчи мутахассислари иштирокида «Тиббиётда ва спортда инновациялар» мавзуида илмий-амалий семинар ташкил этилди. Самарқанд тиббиёт институтининг конференциялар залида таниқли олимлар ва шифокорлар ўнга яқин мавзуда чиқишлар қилиб, спорт ва тиббиётда уйғунлаштириб борилаётган инновацион ғоялар ва технология­лар самараси хусусида фикр юритишди.
– Турли вилоятлардан келган шифокорлар футбол жамоа­ларининг Самарқанд шаҳридаги тарихий манзилларга саёҳатлари ташкил этилди, – дейди тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашининг Самарқанд вилояти бўйича ­масъул ташкилотчиси Маъруф Бобоёров. – Ҳар бир иштирокчига муносиб шароит яратишга интилдик.
… «Локомотив» ўйингоҳида турнирнинг ҳал қилувчи лаҳзалари кутилганидек ҳаяжонли кечди. Самарқанд ва Наманган вилоятлари жамоалари ўртасидаги шиддатли ўйинда майдон эгалари қўли баланд келди. Наманганликлар учинчи ўрин учун бўлган курашда фарғоналикларга имкониятни бой берди. Ниҳоят, орзиқиб кутилган лаҳзалар ҳам етиб келди. Тошкент шаҳар шифокорларидан иборат жамоа самарқанд­лик ҳамкасблари билан Кубок учун баҳс олиб боришди. Муросасиз баҳсга асосий вақтда аниқлик киритилмади. Пенальтилар серия­сида тошкентлик шифокорлар жамоаси устун келди. Самарқандликларга иккинчи ўрин насиб этди.
Фурқат Аслонов, Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш ­бошқармаси профилактика бўлими мутахассиси:
– Вилоятимиз шифокорлари ҳам ўзларининг спортга қанчалик яқинлигини кўрсатишди. Биз нафақат спорт мусобақасида қатнашдик, балки Самарқанд билан яқиндан танишиш имкониятига ҳам эга бўлдик.
Бунёджон Ҳожираҳматов, Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш ходими:
– Нуфузли мусобақада иштирок этиш, юртимизнинг гўзал манзилларига саёҳат кучимизга куч қўшди. Энг муҳими, қўшни вилоятлардаги ҳамкасбларнинг фикр-у ўйи билан танишдик. Тажрибаларимизни ўртоқлашдик.
Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси бўлим мудири Ш.Деҳқонов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзов ва бошқалар спортчиларга бундан буён ҳам муваффақият ва омад ёр бўлишини тилашди. Мусобақа қатнашчиларига кубок ҳамда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

Нурилла ШАМСИЕВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар