Куз фалсафаси…

54

Куз моҳиятан олганда жуда сирли ва мафтункор фасл. У кишини тафаккур қилишга ундайди. Назаримда, айнан кузда ўзига хос фалсафа мужассам. Уни илғай олиш керак, холос.

Инсон ҳаёти тўрт фаслга қиёсланади. Баъзида ёши бир жойга борган одамлар «умримнинг кузига етиб келдим», дея босиб ўтган ҳаёт йўлига назар ташлаб қўяди. Хўш, йил фасллари билан ҳаётимиз ўртасида қандай мутаносиблик ва ўхшашлик бор? Бу азалий мавзу мумтоз адабиётимиз, хусусан, Алишер Навоий ҳазратлари ижодида жуда мукаммал тарзда ифода этилган. Бироқ ҳозир гап мумтоз адабиёт ҳақида эмас. Бу алоҳида мавзу.
Гап шундаки, инсон ақлан ва маънан етилиб, ҳаётнинг маълум бир босқичларини ўтаб бўлгач, бу олам ҳақидаги тасаввурлари буткул ўзгаради, ёшликдаги «ғўр» қарашлар ўрнини мукаммал дунёқараш эгаллайди. Шу маънода куз «етилган» фасл… Ҳа, куз моҳиятан олиб қараганда ҳам жуда чуқур фалсафани ўзида мужассам этган сирли фасл. Буни қалбан ҳис қилиш инсонга ажиб бир кайфият бахш этади. Биз кайфиятимиз, феъл-атворимиздан келиб чиққан ҳолда фаслларга баҳо берамиз. Кимдир ёзни интиқлик билан кутади, яна кимдир баҳорни, кимдир эса оппоқ қорларга бурканган қишни…
Бироқ куз барибир ўзгача фасл. Биз одатда, оддий ҳаётда куз ҳақида гап кетса, «пишиқчилик фасли» фасли дея таърифлашни одат қилганмиз. Ростдан ҳам шундай. Бироқ кузнинг моҳияти шу билан тугамайди. Кузни дунёни англаб етган файласуф, комилликка эришган донишманд­га қиёслаш мумкин. Куз сўзламасдан сукут сақлаб ҳаётни кузатаётган кекса донишманд сайёҳга ҳам ўхшайди. Бундай ­қиё­с­­ларнинг адоғи йўқ …
Куз ҳақида тафаккур юритар эканман, айни шу лаҳзада деразамга урилаётган ёмғир томчилари мени сергаклантиради. Нималарнидир ёдимга солади. Зумда ёмғир шиддат билан ёғишни бошлайди. Бир зумда баҳайбат чинор барча чанг-чунглардан покланиб, барглари тит­раган кўйи ўзгача нафас олаётгандек туюлади. Унинг япроқлари олтиндек товланади. Деразам тагидаги бир туп сирен барглари ҳам ёмғирда покланиб, енгил тит­райди… Уларга ҳайрат билан тикила бошлайман. Ахир, куз ёмғирлари бир зумда оламни поклагандек тасаввур уйғотди-ку!
Куз яна кўзимга ўзгача қиёфада намоён бўла бошлайди. Назаримда, у бизни нимагадир сўзламасдан туриб огоҳлантираётганга ўхшайди. «Нимани унутдик, нимани қўлдан бой бердик, нимага эришдик, нимага лоқайд­лик қилдик, яна нималарга улгуриб қолишимиз керак?» каби саволлар билан гўё ўзимизни сарҳисоб қилиш кайфиятига тушиб қоламиз.
Ҳа, аслида, бу саволларни ҳар доим ўзимизга бериб туришимиз зарур. Чунки куз бу – сарҳисоб фасли ҳамдир. Ёмғир кучайиб, бирданига кучли шамол туради. Шунда янада сергакланамиз. Гўёки битмаган ишларимизни битириб олишга шошиламиз. Ахир, шу пайт­гача қаёқда эдик?! Нега фурсатни қўлдан бой бердик?! Шуни англашимиз учун ёмғир ёғиб, шамол туришини кутишимиз шарт эмас эди-ку!!!
Куз эса яна ҳамон жиддий қиёфада бизга дашном бераётгандек туюлаверади. Кузнинг табиатида ақлга йўғрилган ажиб бир жиддийлик, сирли тароват мужассам. У англатган сари англатаверади…
Беихтиёр яна куз билан ҳамроҳ бўлгим келади. Хазонрез боғлар аро оҳиста қадам ташлар эканман, сарғайиб тўкилишга шай турган япроқларга нигоҳим тушади. Яна тафаккур дунёсига шўнғийман. Умрнинг ўткинчи эканини янада теран англагандек бўламан. Кечагина виқор билан гуллаб-яшнаб турган дарахтларнинг аҳволига боқиб, уларни инсон билан қиёслайман. Дарахтлар ҳам кўзимга ғанимат бўлиб кўринади. Шу лаҳзада дунёни англаган донишмандлар қуршовида қолгандек ҳис қиламан ўзимни…
Боғ оралаб кезарканман, ҳали сўнгги япроқларга кўзим тушмади… Чунки ҳали куз узоқ давом этади. Сўнгги япроқ эса кузнинг ниҳояси. Демак, ҳали фурсат бор. Кўп нарсаларга улгурсак бўлади…

Сайёра ШОДИЕВА,
журналист

Бошқа хабарлар